Аллоҳ таоло мусулмонларға беш вақт намозни фарз этдики, алар ҳамиша Худо ёдиға машғул турсунлар, амрлариға итоатда бўлуб, ман қилғон нарсаларидин сақлансунлар. Шул намоз ибодатин жамият суратида адо этулишиға таъкид этди, токи мусулмонлар ҳар кун беш марта бир-бирлари ила кўрушиб, аҳволларидин хабардор турсунлар, ўрталарида муҳаббат ва бирлик алоқаси мустаҳкам бўлсун.
Энди шул ижтимоъ вақти етганда, ҳаммалари ҳар ишда бўлурлар, хотирлари машғул бўлур, баъзилари уйқуда бўлурлар. Шунинг учун буларни вақт кирганлигидин огоҳ этмак учун бир чора кўрмак лозим келди. Бу масалани ҳал қилмак учун Ҳазрат Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тўплаб, мажлис қурдилар ва алардин бу тўғрида раъйларин сўрадилар.
Алардин бирлари дедиларки: «Намоз вақти кирганда байроқ кўтарайлик, ани кўруб ҳамма намозға келсун». Бу раъй қабул этулмади, чунки уйқуда киши байроқни кўролмас. Иккинчилари дедиларки:«Бир баландликға ўт ёқулсун, шуълани кўруб, хабардор бўлунсун». Бу раъй ҳам мувофиқ келмади. Учинчилари дедилар: «Карнай чалайлук, ҳамма баробар эшитуб намозға келур». Бу сурат намоз вақтида яҳудлар масжидларида бўлур эрди. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудларға мушобаҳатни ёмон кўрур эрдилар, анинг учун бу раъй ҳам олунмади. Баъзилари: «Қўнгғироқ чалуб, огоҳ қилайлук», дедилар. Бу одат насоро одати эрди, бу ҳам муносиб кўрулмади. Охирда баъзилари дедиларки: «Ҳар намоз вақти кирганда, ўшал намоз номин олуб, халқни анга чақирилсун». Мана бу раъй ҳаммаға мақбул бўлди ва биринчи киши шул чақириш вазифасиға муайян бўлдилар.
Алардин бирлари Абдуллоҳ ибн Зайд Ансорий розияллоҳу анҳу эрдилар. Бир кун бу жаноб уйқуда уйғоғлик ўртасидаги бир ҳолда эрдилар, бир киши кўзлариға кўрунди ва дедики: «Мен сенга бир неча калимани таълим бермаймики, алар ила сен халқни намозға чақирғил». Абдуллоҳ дедилар: «Таълим беринг, мен ёд олай». Кейин ул киши дедилар: «Икки бор Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, дегил, ҳар икки шаҳодатни икки маррадин дегил, икки марра Ҳайя ъалассолаҳ ва икки марра Ҳайя ъалал фалаҳ, дегил, охирда икки марра Аллоҳу Акбар ва бир марра Ла илаҳа иллаллоҳ, дегил».
Ҳазрат Абдуллоҳ уйғонган замонлари Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурлариға боруб, воқеани баён этдилар. Он Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: «Бу туш ҳақ тушдур». Кейин амр қилдиларки: «Бу калималарни Билолға таълим бергилки, овози сенинг овозингдин маҳинроғдур».
Ҳазрат Билол бу калималар ила азон айтиб туруб эрдилар, ҳазрат Умар Форуқ розияллоҳу анҳу ридоларин судраб келуб қолдилар ва арз қилдилар: «Ё Росулаллоҳ, мен ҳам тушумда шул воқеани кўрдум». Кейин Ҳазрат Расулуллоҳ тарафларидин Мадина ҳарамларида азон айтмак учун икки киши мутааййин бўлдилар: бирлари ҳазрат Билол ва иккинчилари ҳазрат Абдуллоҳ ибн Умму Мактум эрдилар.
Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу бомдод азонида икки марра «Ас-солату хойрум минаннавм» жумласини зиёда қилдилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ман этмадилар.
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазони муборакда бомдод учун икки азон таъйин этдилар. Бири мусулмонларни уйғотмоқ учун ва саҳарлик қилмак учун саҳар вақтида. Иккинчиси намоз учун субҳи содиқ тулуъ қилғонда айтилур эрди.