Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг биринчи санасида туялари чўккан ерға аввал масжиди шарифни бино қилдилар. Бу ер тоға жамоалари бўлғон Бани Нажжор маҳаллалари муқобилида эрди. Ҳазрат Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу кафолатларида турган икки етим боланинг мулклари эрди. Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ул ерни эгаларидан сотиб олмак учун иродаларин билдурдилар. Алар ниҳоятда хуш бўлуб, ерларин масжид учун ҳиба қилмакчи бўлдилар, лекин Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул этмай, сотуб олдилар.
Ул ерда мушрикларнинг қабрлари, бир неча хурмо дарахтлари ва баланд-пастликлар бор эрди. Амр қилдилар, қабрлар очилиб, тоза қилунди, чуқурликлар тўлдурулди ва дарахтлар кесуб ташланди. Кейин хиштлар қуюлди ва масжид биносиға шуруъ қилинди. Ҳар бир дарвозасин икки ёнин тошдин урулди, томин хурмо шохларидин ёпилди ва устунларин хурмо дарахтларин таналаридин қўюлди. Масжиднинг баландлиги бир одам қоматидин озроқ юқори бўлди.
Масжидни бино қилишда Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари саҳобалар ила баробар ишладилар. Бу ҳолни кўрган мусулмонлар ҳаммалари масту шайдо бўлушуб, шеърлар ўқушуб, ишлар эрдилар. Аларға дилдорлик қилуб, Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам шеър ўқудилар, шеърлари бул жумла эрди:
Эй Аллоҳ ҳеч хайр йўқдур, магар охиратнинг хайри,
Раҳм айла ансор ва муҳожирин киромға.
Масжиднинг қибласини Мадинанинг шимол тарафидин қўюлдики, Байтул Мақдис шул тарафда эрди ва Масжид учун уч дарвоза қўюлди. Гиламлар ва кигизлар ила зийнат берилмади, ҳатто бўйралар ҳам тўшалмади, лекин ёғин таъсир қилғон сабабдин қумлик туфроғ солинди.
Кейин Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам амр бердилар, масжидға муттасил (ёпишган) икки ҳужра ҳам солунди: бири волидамиз ҳазрат Савда розияллоҳу анҳо учун, иккинчиси волидамиз ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо учун, чунки ўшал кунларда бу икки зотдин бошқа рафиқалари йўқ эрди. Бу икки ҳужра масжидға ёпушган ва масжид каби ниҳоятда содда солунган эрди. Кейин ҳар бир волидамиз келгонларида, ўзлариға хос ҳужра бино қилунаберди.