4 жумадис сони 1446
Бани Қурайза ғазоти

(ҳ. 5/м. 627)

Маккалик мушриклар Мадинага қарши уч марта босқинчилик уюштирган бўлсалар, учала босқин ҳам (Бадрда, Уҳудда, Ҳандақда) тўхтатилди.

Расули акрам Мадина яҳудийлари билан ҳам уч дафъа урушишга мажбур бўлдилар. Биринчиси − Бани Қайнуқоъ ғазоти; иккинчиси − Бани Назир ғазоти; учинчиси − Бани Қурайза ғазоти эди.

Бани Қайнуқоъ ғазоти катта Бадр жангидан сўнгра, Бани Назир ғазоти Уҳуд жангидан кейин, Бани Қурайза ғазоти эса Ҳандақ муҳосарасидан кейин содир бўлди. Бани Қайнуқоъ ва Бани Назир яҳудийлари Мадинадан чиқарилдилар, Бани Қурайза эса жазоланди.

Расули акрам Мадинага ҳижрат қилганларида бошқа яҳудийлар каби Бани Қурайза билан ҳам битим тузган, уларнинг моллари, жонлари ва ҳурриятларини муҳофаза остига олган эдилар. Уҳуд жангидан кейин Расули акрам битимларнинг янгиланишини лозим топдилар. Бани Назир битимнинг янгиланишини истамаганлиги ва Исломга нисбатан душманлигини рўй-рост намоён этгани учун сургун қилинди. Аммо Бани Қурайза эски аҳдларини янгилади, шу боис жойларида қолдирилди.

Ҳандақ уруши ва Мадина муҳосарасида Бани Назирнинг эски раислари мушриклар билан бир бўлиб, Мадинага ҳужум қилишган пайтда ҳам Бани Қурайза яна анча муддат Расули акрам билан тузган битимга ҳурмат кўрсатиб турди. Душманнинг таклифини рад этди. Бироқ Бани Назирнинг бошлиқларидан Ахтаб ўғли Ҳуйя Бани Қурайзани алдашга муваффақ бўлди. Битимни буздирди. Ҳандақ ғазотининг энг нозик палласида Бани Қурайза қурайшийлар билан бирлашдилар, урушга қўшилдилар. Бу ҳаракатлари билан улар муштарак ватанларига хиёнат қилган бўлдилар. Ҳолбуки, мавжуд битимга кўра, Бани Қурайза Расули акрам билан бирлашиб, муштарак ватан бўлган Мадинани душман тажовузидан ҳимоя қилиши керак эди. Унинг акси − душман билан ҳамкорлик қилиши мусулмонлар учун ўта тахликали эди. Чунки Бани Қурайза Мадинанинг ҳолатини яхши биларди. Шаҳарни ўраб олган душманга Мадинанинг заиф нуқталарини кўрсатиши, мушрикларга катта ёрдами тегиши мумкин эди. Бани Қурайзанинг бу хатти-ҳаракати мусулмонларнинг сиёсий танг ҳолатини баттар кучайтирди. Айни пайтда Бани Қурайза яшаётган жой Мадинага жуда яқин бўлиб, мусулмонлар учун катта бир тахлика ўчоғи эди, мабодо мушриклар Мадинага Бани Қурайза юртидан ҳужум қилгудек бўлса, муҳаққақки, бутун мусулмонларни қиличдан ўтказишлари мумкин эди. Бу ҳолга яҳудийлар сабабият берган бўларди.

Бани Қурайза аввалдан Авс қабиласининг ҳимоясида эди. Улар Авснинг бошлиғи Муоз ўғли Саъднинг насиҳатларига қулоқ солмадилар, ҳатто Расули акрам ҳақларида густоҳларча сўзлар айтишдан тоймадилар192.

Ҳандақ ғазоти мусулмонларнинг фойдасига ҳал бўлгач, энди навбат Бани Қурайза масаласини ҳал қилишга келди. Чунки урушнинг энг нозик ва даҳшатли палласида содир этилган олчоқликнинг ҳисобини сўраш керак эди.

Расули акрам жанг майдонидан шаҳарга қайтган кунларида илоҳий илҳом келгани сабабли Бани Қурайза юртига сафар қилишга буйруқ бердилар. Ҳатто қўшин тезроқ юрсин, деб: «Ҳеч ким аср намозини ўқимасин, фақатгина Бани Қурайза юртида ўқисин!» дея марҳамат қилдилар. Асҳобдан баъзилари вақтни ўтказиб юбормасликлари учун аср намозларини йўлда ўқиб олди, бир қисми амрга биноан Бани Қурайзага етиб бормагунча намозларини адо этишмади.

Пайғамбаримиз байроқни ҳазрат Алига бердилар. Лашкарбоши сифатида олдинроқ Бани Қурайза устига юбордилар. Яҳудийлар қалъалари олдида ҳазрат Алини кўргач, ниҳоят даражада қутурдилар. Расули акрамни сўкишга бошладилар. Қалъаларига беркиниб ўзларини мудофаа қилишга қарор бердилар. Сонлари тўққиз юз киши эди. Агар мусулмон аскарларини яхши кутиб олганларида, муҳаққақ, гуноҳлари кечириларди. Ҳолбуки, ундай бўлмади. Аскарий бирликлар гуруҳ-гуруҳ ҳолда Бани Қурайза юртида тўпланди. Мусулмон аскарларнинг сони уч минг эди. Яҳудийларни қуршов остига олдилар. Бани Қурайза муҳосараси йигирма беш кун давом этди193. Яҳудийлар аҳдларини бузганларига пушаймон едилар. Шартсиз-сўзсиз таслим бўлишга мажбур бўлиб қолдилар. Аммо ҳакамликка Расули акрамни эмас, у Зотнинг ўринларига Авс қабиласининг бошлиғи Муоз ўғли Саъдни илтимос қилдилар194. Чунки Бани Қурайза Авс қабиласининг ҳимоясида эди. Расули акрам яҳудийларнинг истакларини маъқул кўрдилар ва Саъднинг ҳакамлигига рози бўлдилар. Саъд Ҳандақ ғазотида яралангани учун даволанаётган эди. Хаста ҳолда етиб келди ва ҳакамлигини қилди.

Бани Қурайзанинг Ҳандақ жангининг энг нозик палласида ҳеч қандай сабабсиз аҳдларини бузгани Саъднинг юрагини сиққан эди, аммо ўзаро аҳдномаларининг шарафини ўйлади. Берилажак жазонинг содир этилган жиноятга мувофиқ бўлиши кераклиги фикрига келди. Яҳудийлардан:

— Қуръони карим ҳукмларини хоҳлайсизларми ёки ўз қонунларингизнинг татбиқ қилинишиними? − дея сўради.

Яҳудийлар Иброний қонунларни танлашди, шу учун ҳакам Саъд ҳукм ва қарорини Мусо шартига кўра берди. Бу ҳукмга кўра, қўлига қурол тутган эркаклар қатл қилинади, моллари мусодара этилади. Чунки Қурайза ўғиллари Мусо шариатида эдилар. Чиқарилган ҳукм «Аҳди Қадим» дейилган Тавротга, Тавротнинг «Тасния» деб аталувчи китобининг йигирманчи бобидаги 13-14-оятларига мос эди195.

Ўшанда Расули акрам:

— Эй Саъд! Аллоҳнинг ҳукмига мувофиқ ҳукм чиқардинг! − дея марҳамат қилдилар196. Бани Қурайза Саъд чиқарган бу ҳукмни эшитгач, унинг Тавротга мос эканини эътироф этди197.

Бани Қурайза ҳақидаги ҳукм ва қарорни Мадинада ҳазрат Али ва ҳазрат Зубайрлар татбиқ этишди. Ўлдирилганларнинг сони тўрт юз эди198. Улар орасида бутун бу фалокатларга сабабчи бўлган Ахтоб ўғли Ҳуйя ва Бани Қурайза қабиласининг бошлиғи Асъад ўғли Каъб ҳам бор эди.

Ахтоб ўғли Ҳуйя қатл майдонига келтирилганида Расули акрам халққа қараб:

— Эй инсонлар! Аллоҳнинг амрида ҳеч бир маҳзур йўқ! Бу бир ҳукми илоҳий, бир қадари илоҳий ва Исроил ўғилларига ёзилган бир азоби илоҳийдир! − дея марҳамат қилдилар199.

Саъд ибн Муознинг яҳудийлар устидан чиқаргани бу ҳукм бугунги давлатлар ҳуқуқига ҳам мос келади. Чунки ватанига хиёнат қилганлар, душман билан бирлашиб ўз ватандошларига қарши қурол кўтарганлар, давлат раҳбарларини ҳақоратлаб сўкканларга ҳозирда ҳам ўлим жазоси берилмоқда. Бани Қурайза яҳудийлари бу жиноятларнинг ҳаммасини содир этишди.

Саъд ибн Муозни Ҳандақ ғазотида Бани Қурайза яҳудийи эмас, қурайшийлардан бир араб яралаган эди200. Ўша ярасидан қутулолмади, вафот этди. Саъднинг ўлими Мадинада мусулмонлар орасида катта қайғули ҳодиса бўлди. Ҳазрат Саъд феъл-атвори жиҳатидан ҳазрат Умарга ўхшаб кетарди.

Изоҳлар

192. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 241-бет.

193. Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра.

194. «Мавоҳиби Ладуния» таржимаси, 1-жилд, 130-бет; «Қуръон тили», 5-жилд, 386-бет.

195. Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 159-бет.

196. «У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат бўлган кимсаларни (Бани Қурайзани - З.К.) (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқинч солди. (Энди) сизлар (улардан) бир гуруҳни ўлдирурсиз, бир гуруҳни асир олурсизлар. Ва сизларни уларнинг ерларига, ҳовли-жойларига, молу мулкларига ва (ҳали) сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга ворис қилди. Аллоҳ ҳар нарсага қодир бўлган Зотдир» (Аҳзоб сураси, 26-27-оятлар).

197. «Асри Саодат», 1-жилд, 412-бет; "Тажрид" таржимаси, 10-жилд, 146-бет.

198. Термизий, Насаий, Ибн Ҳиббон.

199. Ибн Ҳишом.

200. Имом Бухорий ва Муслим.

12:53 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Бани Назир ғазоти
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...