5 рабиъус сони 1446
Пайғамбаримизнинг хасталанишлари ва вафотлари: Расули акрамнинг хасталанишлари

Расули акрамнинг Вадо ҳажлари рисолатнинг ниҳоясига етганини кўрсатади. Чунки ҳазрат Пайғамбар вадо нутқларини Вадо ҳажларида сўзладилар. Асҳоблари билан видолашдилар. Ислом дини бу ҳажда камолига етди. Сўнгги оят шу ерда нозил бўлди. Қуръони карим Вадо ҳажида тамомланди.

Наср сурасининг келиши ва Қуръоннинг сўнгги ояти нозил бўлишини асҳоб Расули акрамнинг вафотлари яқинлашаётганига ишорат деб билишган, шу сабабдан йиғлаганлар ҳам бўлган эди.

Расули акрам Вадо ҳажидан сўнг Маккадан Мадинага қайтдилар. Саккиз йиллик ҳасратдан кейин Уҳуд шаҳидларини зиёрат қилдилар. Намозларини ўқидилар1. Аввал бу шаҳидларнинг жаноза намозлари ўқилмай қолган эди. Хасталанишларидан бир кеча олдин Мадинанинг Жаннатул Бақиъ дейилувчи қабристонига бордилар. Ўлганлар ҳаққига дуо қилдилар. «Эй буюк Аллоҳим! Бу ерда ётганлардан мағфиратингни дариғ тутма!» дедилар. Тириклар билан қандай видолашган бўлсалар, ўликлар билан ҳам худди шундай видолашдилар. Қабристондан қайтар эканлар, ёнларида бирга келаётган озод қилган қуллари Абу Мувайҳибга ушбу сўзларни айтдилар: «Менга дунё хазиналарининг калитлари билан жаннатнинг калитлари узатилди. Булардан истаганимни танлаш ихтиёри берилди. Мен Аллоҳимга қовушмоқни, жаннатда яшамоқликни танладим»2.

Бақиъ қабристонидан қайтишларида Расули акрам хасталандилар. Илгари Ҳайбарда яҳудийлар томонидан едирилган заҳарли қўй эти туфайли, ўткинчи бир касаллик каби бир неча марта роҳатсиз бўлганларини ҳисобга олмаганда, Пайғамбаримиз у пайтгача оғир касалликка асло чалинмаган эдилар3. Чунончи, Расули акрамнинг ҳаёт тарзлари у кишини касалликдан узоқлаштирувчи моҳиятда эди. Оз ердилар, оддий бир ҳаёт кечирардилар. Покиза эдилар. Ҳар намоз учун алоҳида таҳорат олардилар4. Лекин барибир, илоҳий ваҳийнинг таъсирлари, рисолат бошлангандан буён душманлардан кўрилган ҳар турли ёмонликлар ва пайғамбарлик вазифасининг оғирлиги каби омиллар жуда соғлом бўлган вужудни ҳам анча ҳоритиб қўйган эди.

Шундан кейин Расули акрам ҳаётлари поёнига етганини билдилар. Бу ҳақда гоҳ-гоҳ ишоратлар ҳам бериб турардилар. Шу сабабдан ҳазрат Пайғамбарнинг хасталанишлари асҳобни жиддий саросимага солиб қўйди.

Касалланмасларидан бир кун олдин Расули акрам катта бир қўшин тайёрлаган эдилар. Бу қўшин Сурия чегарасига қадар бориши, Араб ярим ороли уст томонининг хавфсизлигини таъминлаши керак эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жанубий чегарага нисбатан кўпроқ шимолий тараф − Византия ва Эронга боғлиқ бўлган Сурияни, Мисрни ва Ироқни ўйлар эдилар. Вадо ҳажидан сўнг беморликлари ҳақидаги хабар атрофга ёйилгач, бир неча ёлғончи пайғамбар чиқиб қолди. Яманда Мусайлама, Бани Асад диёрида Тулайха каби пайғамбарлик даъвоси билан чиққанлар бўлди. Бироқ Расули акрам буларнинг ҳеч бирига аҳамият бермадилар. Ярим оролнинг жами аҳолиси Аллоҳнинг динига киргани учун бирор ички тахлика йўқ эди. Ярим оролнинг у ер-бу ерида кўринаётган бир неча иртижо (орқага қайтиш) ҳаракатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни заррача ташвишлантирмади. Чунки янги дин илдиз отиб бўлган ва бутун ярим оролга ҳукмини юрита бошлаган эди.

Аммо Расули акрам насронийликнинг ҳомийси, асрининг энг буюк давлати бўлган Византияни эътибордан четда қолдирмадилар. Ҳатто Табук сафари ҳам ана шу мақсадда амалга оширилган эди. Йигирма уч йил давом этган пайғамбарлик даврида Расули акрам сўнгги бор тайёрлаганлари (Сурияга юборилаётган) бу қўшинга Усомани бош қўмондон этиб тайинладилар. Санжоқни унга топширар эканлар:

— Отанг шаҳид тушган ерга бор! Душманларни отларга оёқ ости қилдир. Тезроқ ҳаракат қилгин! Зафардан кейин у ерларда кўп кутиб турма! Йўлда далилсиз кетма! − дедилар5.

Усома байроқни олди. Мадинадан чиқди. Бир фарсаҳ (бир соатлик) масофада, Журуф деган жойда қароргоҳ қурди. Қўшинни шу ерга тўплади. Лекин Усома жуда ёш эди. Ўшанда у эндигина йигирма (ёки йигирма етти) ёшда эди. Бир вақтлар Муъта фожеасида шаҳид бўлган Зайд (Расули акрамнинг озод қилган қуллари ва тутинган ўғиллари)нинг ўғли эди.

Бу галги юришда муҳожирлардан ва ансордан жуда кўп эътиборли зотлар қўшинга берилган, Усоманинг амрига кирган эдилар. Буюк Пайғамбаримиз бу ҳаракатлари билан мусулмонликдаги ҳақиқий мусаввотнинг (тенгликнинг) тамалларини яна бир бор мустаҳкамламоқчи бўлдилар. Айни пайтда ёшларни катта ишларга аралаштиришни, уларни катта масъулиятли вазифаларда ишлашга ўргатишни ҳам ўйлаган эдилар.

Бироқ Расули акрамнинг касалликлари оғирлашгач, Усома қўшиннинг ҳаракатини кечиктиришга мажбур бўлди.

Бу ўринда ҳазрат Абу Бакр билан ҳазрат Умарнинг ҳам Усома қўшинига берилганлари ҳақидаги мавжуд ривоятлар тўғри эмасдир. Ибн Таймия бу ривоятларни қатъий равишда рад этади6. Ҳадислар ҳам Шайхулислом Аҳмад ибн Таймиятул-Харанийнинг (вафоти ҳ. 728/м. 1327) фикрини тасдиқлайди. Чунки Пайғамбаримиз хасталиклари асносида ҳазрат Абу Бакрни асҳобга имомлик қилишга йўллаганлари маълум ва машҳур воқеадир. Демак, Абу Бакр Пайғамбаримиз томонларидан Мадинада олиб қолинган эди.

Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили сафар ойида бетоб бўлдилар. Байроқни ўз қўллари билан Усомага топширган кунларининг эртаси тонгда бир бош оғриғи билан уйғондилар (19-сафар ҳ. 11/м. 632). Бу дардга бош айланиши ҳам қўшилди. Касаллик вақти-вақти билан кучаяр ёки пасаяр эди. Шу зайл касаллик 19-сафардан 1-рабиъул-аввалга қадар роса ўн уч кун давом этди. Бу муддатнинг илк беш кунини завжалари ҳазрат Маймунанинг хоналарида, охирги саккиз кунини эса бошқа завжаларининг розилигини олиб, ҳазрат Оишанинг ҳужраларида ўтказдилар. Чунончи, вафотларига қадар Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оиша тинимсиз равишда у буюк Инсоннинг хизматларида бўлдилар.

Расули акрам бетобликларининг дастлабки кунлари ҳам изтироб тортар, ҳам ҳароратлари тушгач, масжидга чиқиб, жамоатга имомлик қилар эдилар. Бироқ кейинчалик соғлиқлари бунга йўл қўймади. Масжидга чиқолмайдиган бўлдилар. Ўшанда имомлик вазифасини вакил сифатида Абу Бакрга топширдилар.

Расули акрам безгак (ҳумма) касалига чалинган эдилар. Ўзларини совуқ сув билан даволаб, касалликнинг тафтини босар эдилар. Аҳволлари бироз ўнгланиб, ҳароратлари пасайган пайтларда жамоатга имомлик вазифасини бажардилар, насиҳатлар қилдилар. Ҳатто вафотлари куни (охирги душанба куни) ҳам касаллик бир оз енгиллашган эди.

Пайғамбаримизнинг хасталиклари асносида амакилари Аббос ҳар доим у кишининг ёнларида бўлдилар. Турғизиш керак бўлса, бир қўлтиқларига Аббос, иккинчисига Али ёки Усома кирардилар. Бироқ ҳазрат Али ҳамиша ҳам ёнларида бўлмасдилар7. Хасталикларининг иккинчи куни бир томонларидан Аббоснинг ўғли Фазл, иккинчи томонларидан ҳазрат Али суяб, Расули акрам масжидга чиқдилар. Минбарга ўтирдилар. Ҳамду санодан кейин сўзларини бошладилар:

— Эй инсонлар! Кимнинг баданига урган бўлсам, мана танам! Келсин, урсин! Менда кимнинг моли бўлса, мана молим! Келсин, олсин! Бу ерда хижолат тортмоқ охиратдаги хижолатпазликдан яхшироқдир. Мен учун суюклигингиз − мендан ҳаққини талаб қилган ёки менга ҳаққини ҳалол қилган (ҳақи ўтиб кетган бўлса, рози бўлган. - тарж.) кишидир. Мендан ҳақ олинмоғи керакки, Роббимга покиза руҳ ила қовуша олайин!

Хутбадан сўнг пешин намози ўқилди. Расули акрам яна минбарга ўтдилар. Яна ўша сўзларини такрорладилар. Шунда ўртага бир одам чиқди. Расули акрамнинг уч дирҳам қарз эканликларини айтди. Қарз дарҳол тўланди.

Кун сайин Расули акрамнинг касалликлари хуруж қилиб борар, аҳён-аҳён ўзларидан кетиш ҳолатлари ҳам кўрина бошлаган эди. Вафотларидан беш кун олдин бир пайшанба куни уйларида асҳобдан баъзилари тўпландилар. Атрофларида ўтирганларга:

— Менга (қоғоз ва қалам каби) ёзадиган бир нарса келтирингиз. Сизга бир китоб (васиятнома) ёздирайинки, бундан кейин йўлингизда адашиб ҳалокатга тушмагайсиз! − дедилар.

Шунда асҳоб ўртасида бир тортишув бошланиб кетди. Кимдир васиятнома ёзилишини ёқлаб, кимдир бунга қарши гапирар эди. Ҳазрат Умар:

— Муҳаққақ, Расули акрамнинг касалликлари оғирлашган. Қўлимизда Қуръон бор. Аллоҳнинг китоби бизга етар! − дейишлари билан шовқин кучайди.

— Ажабо, беҳушлик таъсирида гапириб юбордиларми, сўранглар−дейилди.

Шунда Пайғамбаримиз:

— Мени ўз ҳолимга қўйингиз! Менинг ҳозирги ҳолим (Аллоҳга қайтиш) сиз мени машғул қилмоқчи бўлган нарсалардан хайрлидир! −дея марҳамат қилдилар8.

Бу масала кейинчалик суннийлар билан шиийлар ўртасида катта бир ихтилофга сабаб бўлди9. Шиийларнинг фикрича, Расули акрамнинг ёздирмоқчи бўлганлари васиятнома ҳазрат Али ҳақларида эди10. Аммо ҳақиқат ушбу васиятноманинг Абу Бакр учун ёзилажагини кўрсатади11. Кейинроқ, вафотларига яқин:

— Мушрикларни Арабистондан чиқарингиз! Дунёнинг ҳар тарафидан келадиган (муслим, ғайримуслим) элчиларга менга ўхшаб иззат-икром кўрсатингиз! − дея васият қилдилар12.

Юқорида айтилганидек, Мадина ташқарисида қароргоҳ қурган Усома қўшини Расули акрам касалланганлари сабабли йўлга тушолмади. Касаллик ҳам кун сайин оғирлашарди. Айни пайтда мунофиқларнинг давомли мишмишлари ҳам орага қўшилди. Васиятнома масаласи тортишилган кун пешинга яқин ўзларини бир оз яхши ҳис қилган Расули акрам вужудларига кўп-кўп сув қуйдирдилар, чўмилдилар. Тезда кийиниб, жамоатга чиқдилар. Ҳазрат Али билан амакилари ҳазрат Аббоснинг ўғли Фазл қўлтиқларига кириб, масжидга чиқишларига ёрдам беришди.

Расули акрам асҳобга имомлик қилиб намоз ўқидилар. Намоздан кейин минбарнинг пастки пиллапоясига ўтирдилар. Бир хутба ўқидилар. Бошларига бўз рангли оқ салла ўралган эди. Ҳамду санодан сўнг қуйидагиларни марҳамат қилдилар:

—Эй инсонлар! Усома қўшинини йўлга чиқарингиз! Усома каби жуда ёш бир зотни қўмондонликка тайинлаганим учун бир нималар деганингизни эшитдим. Илгари отаси Зайднинг амирлиги ҳақида ҳам эътироз этган, худди шу сўзларни айтган эдингиз. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Усоманинг отаси қўмондонликка лойиқ эди. Уни жуда севардим. Зайд қўмондонликка қандай лойиқ бўлса ва менга қандай суюкли бўлса, отасидан кейин ўғли Усома ҳам севимли кимсалардандир. Унга итоат этингиз!

Яна:

— Эй инсонлар! Пайғамбарингизнинг иртиҳолини (вафотини) ўйлаб безовта бўлибсиз! Дунёда ҳеч бир Пайғамбар йўқки, уммати учун доимий яшаган бўлсин. Мендан илгари ўтган пайғамбарлардан бирортаси абадий қолдими? Билингизки, мен ҳам Раббимга қовушгайман. Муҳаққақки, сиз ҳам Аллоҳингизга қовушажаксиз! Дунёда ҳеч кимса қолмайди. Ҳамма нарса Аллоҳнинг истагига боғлиқдир. Аллоҳ ирода этган вақт на олдинга олинур, на у вақтдан қочилур! Сиз билан кўришадиган жойимиз Ҳавзи Кавсар ёқасидир. Кимки бу ҳовуз олдида мен билан кўришмоқчи бўлса, қўлини ва тилини гуноҳлардан тийсин. Сизнинг қайта бор бутпарастликка қайтишингиздан қўрқмайман. Хавфсираган томоним − сизнинг дунё ишларига шўнғиб, бойликка кўмилиб, бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингиздир. Ана ўша пайт сиз ҳам аввалги миллатлар каби ҳалок бўлгайсиз!13

Эй мўминлар! Аллоҳ қулларидан бирига дунё ҳаёти билан охират ҳаётини танлашда ихтиёр берди. Аммо бу қул охират ҳаётини танлади! − дейишлари билан ҳазрат Абу Бакр йиғлай бошладилар. Чунки у ерда бу сўзнинг маъносини тушунган ёлғиз у эди. Расули акрам бу баёнлари билан ўлишлари яқин қолганига ишорат қилаётган эдилар. Абу Бакрга:

— Йиғлама, эй Абу Бакр! − дея тасалли бердилар.

— Ўртоқлик, молий фидокорлик каби жиҳатлардан менга энг фойдали бўлгани Абу Бакрдир. Ўзимга бир дўст танламоқчи бўлсам, муҳаққақ, у дўстим Абу Бакр бўларди. Лекин Ислом дини барчамизни қардош қилди. Дин қардошлиги шахс қардошлигидан устундир, − деган сўзлари билан Абу Бакрга бўлган севгиларини билдирдилар. Ҳатто «Масжидга очилган Абу Бакрнинг эшигидан бошқа ҳамма эшикларни ёпингиз!» амрини бердилар14.

— Сиздан олдин ўтган миллатлар пайғамбарлар ва авлиёларнинг қабрларини бир ибодатгоҳга айлантиришган эди. Сизни бундай ишлардан қайтараман, − дедилар15.

Минбардан тушдилар. Тўғри завжалари ҳазрат Оишанинг ҳужраларига кетдилар. Бироқ асҳоб ташвишга тушгани учун такрор масжидга қайтдилар. Бу сафар ҳам ҳазрат Али билан Фазл қўлтиқларидан суяшди. Яна минбарнинг пастки пиллапоясида туриб энг сўнгги хутбаларини (нутқларини) сўзладилар, ансор тўғрисида муҳожирларга шундай васият қилдилар:

— Эй муҳожирлар! Сизга ансор ҳақида хайрли бўлишингизни васият этаман. Улар менинг хос жамоатимдир. Улар бир пайтлар сизни уйларида меҳмон қилмадиларми? Нафсларининг истагини эмас, сизни танламадиларми?.. Эй инсонлар! Бугун ҳам Мадинада халқ кўпаймоқда. Мусулмонларнинг сони кундан-кунга ортади. Аммо ансор камаймоқда. Кун сайин камаяди. Охири ансор ундаги чанг каби қолади. Улар олдидаги вазифангизни адо этадиган кун шу кун(лар)дир. Мусулмонларнинг ишини устига оладиганлар уларнинг (ансорнинг) фикрларидан фойдаланмоқлари керак!16 Асҳобим! Илк муҳожирларни ҳам ҳурмат қилишингизни васият қиламан. Бутун муҳожирлар ҳам ўзаро меҳр-оқибатли бўлсинлар. Ҳар иш Аллоҳнинг изн-ихтиёри билан бўлур. Аллоҳнинг иродаси устидан ғалаба қилишга интилганлар охири мағлуб бўладилар. Аллоҳни алдамоқчи бўлганлар, муҳаққақ, алданурлар17.

Аввал Абу Бакрдан мамнунликларини изҳор этган Расули акрам бу сафар:

— Умар мен биландир. Мен ҳам у билан биргаман. Мендан кейин ҳақ Умар биландир! − деган сўзлари билан ҳазрат Умардан ҳам хушнуд эканликларини билдирдилар ва бутун асҳоблари билан ризолашдилар.

Бу сўнгги хутбаларидан кейин минбардан тушдилар ва қайта у мақомда кўринмадилар. Такрор келган хоналарига қайтдилар. Бир хуфтон пайти эди. Намоз вақти кирган, азон ҳам чақирилди. Расули акрам намознинг ўқиб-ўқилмаганини сўрадилар. Жамоат у кишини кутиб туганлигини айтишди. Расули акрам дарҳол ювиндилар. Намозга ҳозирландилар. Лекин ўринларидан туриб юролмадилар. Ўзларидан кетиб, йиқилдилар. Кўзларини очиб, яна намозни сўрадилар. Айни жавобни олгач, такрор ювиндилар, бироқ яна ҳушларидан кетдилар. Бу ҳол уч марта такрорланди. Ўшанда:

— Абу Бакрга айтинг, жамоатга имомлик қилсин! — деб амр бердилар.

Ҳазрат Оиша оталарининг имомлик қилишини хоҳламас эдилар. Оталари номидан узр билдирдилар. Лекин Расули акрам берган амрларини уч марта такрорладилар:

— Айтинг Абу Бакрга! Намозни ўқиб берсин!

Шундан сўнг ҳазрат Абу Бакр Расули акрамнинг номларидан жамоатга беш кун имомлик қилдилар. Абу Бакрнинг имом вакиллиги бир пайшанба кунининг хуфтон намози билан бошланиб, душанба кунининг бомдод намозига қадар давом этди. Бу беш кун ичида жами ўн етти вақт намозга имомлик қилдилар18.

Расули акрам энг охирги марта пайшанба куни шом намозида имомликка ўтдилар19.

Вафотларидан икки кун олдин  шанба куни эди. Ҳузурларига Сурия қўшини қўмондони Усома келди. Йўлга чиқишдан олдин Расули акрам билан хайрлашди. Бироқ қўшин ҳаракат этолмади. Чунки душанба куни Пайғамбаримизнинг касалликлари кескин оғирлашиб қолди.

Якшанбани душанбага боғлаган ўлим кечаси ҳарорат тушди. Буюк Инсон кечани анчайин осойишта ўтказдилар. Вафот кунлари бўлган душанба тонгида бошларини боғладилар. Ётган хоналарининг масжидга томон очилган эшик пардасини кўтардилар. Жомеъга чиқдилар. Ҳазрат Али билан ҳазрат Фазл яна у кишига ёрдам беришди. Абу Бакр жамоатга бомдод намозини ўқиб бераётган эдилар. Асҳобларига қарадилар. Уларни намозда саф боғлаб, ибодат қилаётган ҳолда кўриб хурсанд бўлдилар, табассум қилдилар. Расули акрамнинг жомеъга келганларини кўрган мусулмонлар ҳам у кишини тузалиб келганлар, деб ўйладилар, севинчларидан намозларини бузаёздилар. Ҳатто ҳазрат Абу Бакр ҳам меҳробдан чекинмоқчи бўлдилар, бироқ Расули акрам ўринларидан жилмасликларини қўллари билан ишора қилдилар. Чап ёнда туриб, Абу Бакрга иқтидо қилиб намозларини ўқидилар. Расули акрам ўқиган охирги намоз шу бўлди.

Намоздан сўнг жамоатга томон бурилдилар. Уларга ваъз-насиҳат қилдилар20. Расули акрам бу сўнгги нутқларида муҳим бир масала хусусида гапирдилар; мусулмонларни бутпарастликдан сақланишга даъват этдилар.

— Ўз пайғамбарларига ва бир неча авлиёларга оид қабрларни бир ибодатгоҳга айлантирган яҳудийлар ва христианлардек иш тутмангиз! Аллоҳ яҳуд ва насорони (христианлар) раҳматидан узоқлаштирсин! Улар пайғамбарларининг мозорларини бир ибодат жойига айлантириб қўйдилар, − дея марҳамат қилдилар21. Яҳудийлар билан христианларнинг пайғамбар мозорларига кўрсатган бутпарастлик даражасидаги ҳурматларидан, ибодатгоҳларидаги расм ва ҳайкаллар туфайли, мушрикликка томон кетган ҳаракатларидан умматларининг узоқ бўлишини истадилар.

Бу Расули акрамнинг масжидга сўнгги бор чиқишлари бўлди. Асҳоб у Зоти муборакнинг юзларини қайта кўролмади.

Хоналарига қайтгач, пардани туширдилар. Энди Расули акрам анча безовта эдилар. Юзлари қонсиз, оппоқ эди22.

Душанба куни соат сайин Расули акрамнинг беҳуш бўлиш ҳолатлари ортди. Завжалари ҳазрат Оиша бош томонларида турар, қизлари Фотима оталарининг изтиробларидан таъсирланган, ҳўнг-ҳўнг йиғлар эдилар. Расули акрам унга қараб:

— Қизим, отанг бугундан кейин ҳеч изтироб тортмагай! − дедилар, Фотимага тасалли бердилар. У кун пешингача тез-тез ўзларидан кетдилар, кўп изтироб чекдилар. Бироқ ҳолларидан асло шикоят этмадилар. Фақат ёнларига кичик бир идишда сув қўйдириб, ора-сира идишга икки қўлларини ботирар, юзларини ҳўллаб турар эдилар.

— Лаа илаҳа иллаллоҳ! Ўлимнинг ҳам шиддатлари бор. Ё Раббий! Ўлим қўрқувларига дош бермоғим учун менга ёрдам бер! − дер эдилар. Сўнг қўлларини юқорига кўтардилар. Руҳларини топширгунга қадар Аллоҳга ёлвордилар: «Аллоҳим, мени авф эт! Мени рафиқул аълога (пайғамбарларга, содиқ қулларга, шаҳидларга, солиҳ зотларга) етказгин!» дуосини такрорлар эдилар23.

Бу пайт Расули акрамнинг бошлари ҳазрат Оишанинг қучоқларида эди. Пайғамбаримиз ҳаётларининг сўнгги дақиқалари ҳақида сўраганларга ҳазрат Оиша бундай дердилар:

— Бошлари қучоғимда бўлгани учун Пайғамбарнинг борган сари оғирлашаётганларини ҳис қилдим. Юзларига боқдим. Кўзлари тикка қараган, «Балки рафиқул аълони (энг юксак йўлдошнинг йўлдошлигини) танлайман», деган гапни такрор айтар эдилар24.

Бутун бу айтилганлардан Расули акрамнинг Ҳузури Илоҳийни соғинганликларини билсак бўлади25.

Бу дуони учинчи бор такрорлаганларида қўллари ерга тушди26. Кўзлари шифтга тикилганча қолди. Завжалари ҳазрат Оиша Расули акрамнинг бошларини меҳрибонлик билан кўтардилар. Ёстиққа қўйдилар. Пешоналаридан ўпдилар.

Ҳа, Хотамул Анбиё (пайғамбарларнинг охиргиси) ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак руҳлари муқаддас оламга учган, Буюк Аллоҳига қовушган эди. Бу кун ҳижрий 11 йил рабиъул-аввал ойининг 11-куни (м. 632 й. 27 май) душанба эди. Ой санаси ҳисобида роппа-роса олтмиш уч ёшда эдилар27.

Изоҳлар

  1. «Тажрид»таржимаси, 11-жилд, 4-бет.

2. «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 553-бет.

3. «Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммад», 317-бет.

4.«Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 443-бет.

5. «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 551-бет.

6. «Асри Саодат», 2-жилд, 752-бет.

7. «Тажрид» таржимаси, 11-жилд, 15-бет.

8. «Тажрид» таржимаси, 11-жилд, 8-бет.

9. Аҳли суннат − суннийлар. Китобга, суннатга ва Китоб билан суннатга уйғун амалга тарафдор бўлганлардир. Расули акрам таблиғ этган ҳукмларни ўз раъйларига кўра ўзгартирганларга эса «аҳли бидъат» дейилади. Шиа − шиийлар: аҳли бидъатдандирлар (Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Мулаххас илми Тавҳид», 27-бет).

10. «Асри Саодат», 2-жилд, 759-бет.

11. «Тажрид» таржимаси, 8-жилд, 480-бет.

12. Расули акрамнинг ушбу васиятлари фақат иккинчи халифа замонида амалга оширилган. Ҳазрат Умар қирқ минг яҳудий ва мушрикни Араб ярим оролидан четга сургун қилган эдилар («Тажрид» таржимаси, 8-жилд, 447-бет).

13. «Асри Саодат», 2-жилд, 752-бет.

14. «Тажрид» таржимаси, 11-жилд, 20-бет.

15. Имом Бухорий ва Муслим.

16. Имом Бухорий.

17. «Мавоҳиби Ладуния» таржимаси, 2-жилд, 434-бет.

18. Имом Бухорий, Муслим.

19. «Тажрид» таржимаси, 11-жилд, 14-бет.

20. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 448-бет.

21. «Тажрид» таржимаси, 4-жилд, 612-бет.

22. Айни асар, 11-жилд, 24-бет.

23. Расули акрамнинг сўнгги дуолари «Тажрид» таржимаси, 11-жилд, 29-бетда;

«Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 565-бетда;

«Ҳаёти Муҳаммад», 504-бетда;

шаклида ёзилган.

24. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 449-бет.

25. «Асри Саодат», 2-жилд, 766-бет.

26. «Тажрид» таржимаси, 11-жилд, 30-бет.

27. Расули акрамнинг 63 ёшни тўлдириб вафот этганликлари ҳазрат Оишадан ривоят бўлгандир («Тажрид» таржимаси, 11-жилд, 33-бет. 1671-рақамли ҳадис).

20:01 / 26.06.2020
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...
Мақолалар
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 15...
03:13 / 20.10.2022 Батафсил...
Мақолалар
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хурмо ейишлари
 حَدَّثَنَا هَارُونُ بْنُ إِسْحَاقَ الْهَمْدَانِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدَةُ بْنُ سُلَيْمَانَ، عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنِ ابْنٍ لِكَعْبِ بْنِ مَالِكٍ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ...
00:59 / 27.06.2020 Батафсил...