23 жумадул аввал 1446
Иртиҳоли Набийнинг таъсирлари

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари Ислом дунёси учун катта бир фалокат, мусулмонлар учун қора бир кун эди. Ҳар ер-ҳар ерда ихтилоллар, исёнлар бош кўрсатди. Ислом оламида уфқлар қорайди. Даҳшатли қора булутлар кўринди. Бутун Араб ярим ороли тамалидан силкинди. Мусулмонлик катта таҳликани бошидан кечира бошлади.

Аввалига Исломнинг бош шаҳри Мадинада асҳоб ўртасида саросималик пайдо бўлди. Сўнгра халифалик масаласи хавфли бир тус олди. Бироқ ҳазрат Абу Бакрнинг халифа этиб сайланишлари ҳам бу вазиятни тузатди, ҳам Усома қўшинининг Сурияга юборилишини таъминлади.

Ҳижознинг буюк шаҳарларидан бўлган Макканинг волийси Аттоб эди. Амир Аттоб нима қиларини билмай, шошиб қолди55. Иттифоқо, ўртага Амир ўғли Суҳайл отилди. Каъба эшиги олдида туриб, қурайшийларга хитоб қилди:

— Эй Макка аҳолиси! Сиз мусулмонликда кечикдингиз. Жуда бўлмаганда «мусулмонликдан ажралиш» ишида бош-қош бўлманг. Аллоҳдан кўрқинг! Ислом дини ниҳоят юксакдир. Ғафлатда қолманг! Қозонганингиз мусулмонлик шарафини ҳимоя қилинг!56

Шундай қилиб, Маккада қўзғолон бўлмади.

Тоифда ҳам исёнчилик ҳаракати кўрилмади. Қурайшийлар каби Сақийф қабиласи ҳам Исломга итоатдан айрилмадилар. Иймонларидан қайтмадилар. Бироқ Арабистонда Мадина, Макка ва Тоифдан бошқа жойларда мусулмонликка қарши чиқмаган ўлка қолмади.

Мусулмонлик туғилиши билан манфаатларига зиён етган, нуфуз-эътиборлари қолмаган, эски мавқеларини йўқотган баъзи кимсалар фурсат пойлаб туришган эди. Расули акрамнинг вафотлари улар қидираётган фурсатни берди. Араб ярим оролининг у ё бу жойида ёлғончи пайғамбарлар (мутанаббийлар) пайдо бўлди. Тахликали исёнлар бошланиб кетди.

Бир неча араб қабилалари ўртасида кўрилган бу исёнларни, асосан, икки гуруҳга ажратса бўлади. Биринчи гуруҳни Ислом динидан чиқмоқчи (иртидод), шариатнинг бутун ҳукмларини инкор этиб, эски динларига қайтмоқчи бўлганлар ташкил этган.

Иккинчи гуруҳ эса мусулмонликдан тамоман чиқиш фикрида эмас эди. Улар: «Биз намоз ўқиймиз. Лекин закот бермаймиз!» дейишар, ибодатнинг бир қисмини қабул қилганлари ҳолда бошқа қисмини инкор этишга уринишар, иртижога (орқага қайтишга) томон юз буришар эди. Мусулмонликдан бус-бутун узоқлашмоқчи бўлган биринчи қисм (муртадлар) ёлғончи пайғамбарларга қўшилиб, уларнинг сафларини кенгайтиришди.

«Мутанаббий» деб номланган бу ёлғончи пайғамбарларнинг бир қисми Расули акрам ҳаётларининг охирги йилларида кўринган, бир нечаси эса вафотларидан кейин ўртага чиққан эди. Булар «дин» пардаси остида сиёсий мақсадларни кўзлаган шахслар эди. Қабилаларини фақат ўз нуфузлари остида тутиб туришни ўйлашган эди. Қурайшдан анча кўп бўлган ўз одамлари ёрдамида мақсадларига янада қулай эришишдан умидвор эди. Улар қурайшийларнинг бутун Араб ярим оролини эгаллаб олишларига чидаб туришолмади.

Закотдан қутулмоқчи бўлган иккинчи қисм (муртажийлар) эса Расули акрамдан кейин Мадинада қурилган марказий давлатга боғланишни хоҳламаганлардир. Ҳолбуки, закот фарзи мусулмонликнинг илк тамалларидан эди. Давлат молиясида катта ўрин эгалларди. Чунки Расули акрам тўпланган закот ҳисобидан фақирларга, муҳожирларга, закот йиғувчи ишчиларга, қарздорларга, кимсасиз йўловчиларга, мусулмонликка энди кирганларга ёрдам кўрсатар, қулларни озод қилар эдилар57. Мусулмонликка қарши Арабистоннинг турли жойларида бош кўтарган бу исёнларнинг сабаблари ҳар хил бўлиб, иртижонинг қора булутлари ҳар тарафни қоплаб олган эди. Ҳолбуки, мусулмонлик энг буюк инқилоб, энг юксак инсонийлик дини эди. Табиат кучларини илоҳийлаштирган, одамни бу кучлар қаршисида тиз чўктириб, инсонийликнинг шарафини ерга урган бутпарастликни йиқитган дин эди. Бу дин инсонларга бутун мавжудотнинг устидан танҳо ҳукмрон бўлган ягона Тангрига қуллик этишни ўргатди. Табиат кучлари сиғиниш учун эмас, инсон закоси улардан фойдаланиши учун яратилган борлиқлар эканини билдирди58. Ранг, тил, насл фарқлилигидан қатъий назар бутун инсонларнинг баробар эканлигини англатди59. Инсонлар ўртасидаги синф-табақа фарқини бекор қилди. Руҳоний поплар синфига ўрин бермади60. Шахслар ўртасидаги устунликни фақат билимдан қидирди61. Ҳар кимга илм ўрганмоқликни фарз (мажбурий) қилди62. Инсонлар ўртасида адолат ва шафқатни буюрди63. Ишлашни64, тўғриликни асосий деб билди65. Тозаликни иймондан ҳисоблади66. Мусулмонларнинг бутун вазифаларининг ҳудудларини кўрсатиб берди.

Юксак асослари Расули акрам томонларидан ўргатилган Ислом дини араблар учун жуда янги бир дин эди. Мусулмонликка эндигина кирган баъзи араб қабилалари бу диннинг юксак дастурларини тўла англай олишмаган, ақлларига сиғдиришолмаган, чин дилдан унга боғлана олишмаган эди. Улар манфаатларини фақат эски динларида кўришаётган эди.

Абу Бакр халифалигининг илк даврларида мусулмонликка қарши кўтарилган бу бузғунчилик ҳаракатлари таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, буюк ва қўрқинчли бир иртижо (орқага қайтиш) ҳодисаси бўлди. Ислом дини учун бу иртижо ҳодисаси катта бир тахликага йўл очиши мумкин эди. Чунки осийлар оз ва маҳдуд эмасди. Сонлари миллионларга борарди. Аллоҳнинг бирлиги эътиқодига боғлиқ қолган мўминлар эса бу муртажийларга қарши турадиган ҳолда эмасдилар. Мусулмонларнинг борлиғи, куч манбаи фақат Мадина, Макка, Тоиф аҳолиси бўлиб, ўшаларгагина суянарди. Чунки бу уч шаҳарда исёнкорлик ҳаракатлари кўрилмади.

Бундан ташқари, Мадинадаги асҳобнинг кўпчилик қисми Усома қўшини билан бирга Сурияга юборилган, шу тарзда Исломнинг илк давлат маркази осийларнинг ҳужумларига қарши заиф бир ҳолда қолган эди.

Буюк бир давлат бошлиғи бўлган халифа Абу Бакр, энг аввало, мусулмонликнинг тамалини асраб қолишни ўйлардилар. Мусулмонликнинг тамали эса Ислом бирлиги эди. Расули акрамнинг вафотлари муносабати билан сўзлаган нутқларида: «Орангизда Муҳаммадга сиғинганлар бўлса, яхши билсинки, Муҳаммад ўлгандир. Аллоҳга ибодат этганлар бўлса, яхши билсинки, Аллоҳ боқийдир, асло ўлмагайдир!» дея мусулмонларни Аллоҳнинг борлиғида тўпламоқчи, бирлаштирмоқчи бўлдилар.

Халифа этиб сайланганларида ўқиган хутбаларида: «Сизнинг ичингизда кучсиз бўлганларингиз менинг ёнимда кучлидир. Кучли бўлганларингиз эса кучсиздир!» деб67 мусулмонликдаги ҳақиқий тенгликка ишорат этдилар. Хутбанинг якунида:«Мен Аллоҳга ва Расулига итоат этсам, сиз ҳам менга эргашинг!» дейиш билан мусулмонларни кўр-кўрона ўз шахсларига эмас, мусулмонликнинг Асосий Қонуни бўлган Қуръоннинг амрларига боғлашни истадилар68.

Ҳазрат Абу Бакр мавжуд сиёсий буҳроннинг бу буюклигини бошқаларга қараганда яхшироқ кўраётган ва англаган эдилар. Бироқ бу буюк тахликалар қаршисида зарра қадар чўчимадилар. Ҳатто давлат маркази бўлган Мадина ҳар вақтдагидан кўра кўпроқ куч-қувватга, аскарга муҳтож бўлган бир пайтда иккиланмасдан Усома қўшинини Шом тарафга юбордилар. Чунки Усома қўшинини Расули акрам тайёрлаган эдилар. Ҳатто Абу Бакр Усома қўшинини Мадинада олиб қолиш фикрида бўлганларга қарата:

— Арслонлар мени келиб қопишини билсам ҳам, Усомани ушлаб туролмайман!− дедилар.

Усома ҳам қўшинининг Мадинада қолдирилишини ўйлаган эди. Агар бу қўшин ҳаракатга ўтса, у пайтда Мадина осийлар қаршисида мудофаасиз қолар эди. Ҳазрат Абу Бакр, Мадинадаги Расули акрамнинг завжалари ва мусулмонлар хотиржам эмасдилар. Ҳатто бош қўмондон Усома фикрини халифага етказиш учун қароргоҳдан ҳазрат Умарни юборди.

Айни пайтда Усома қўшинида муҳожирлар ҳам, ансор ҳам бор эди. Ансорнинг бир қисми Усоманинг ёш эканлигига урғу бериб ҳазрат Умарга мурожаат қилишди, бош қўмондонлик вазифасига ёши каттароқ бир зотнинг тайинланишини сўрашди. Ҳолбуки, Усома фақат ёш эмас, балки Зайд каби озод қилинган бир зотнинг ўғли ҳам эди.

Ҳазрат Умар Усоманинг рухсати билан ҳазрат Абу Бакрнинг ёнларига келдилар. Усоманинг фикрларини тушунтирдилар. Ўшанда Усоманинг бу фикрларига жавобан ҳазрат Абу Бакр шундай муносабатда бўлдилар:

— Устимга бўрилар галаси ҳужум қилса ҳам, барибир, Усомани юбораман. Ёлғиз ўзим қолсам-да, яна барибир, Усомани юбораман. Чунки Расули акрамнинг буйруқлари шундайдир! − дедилар.

Ансорнинг хоҳишига қарши эса:

— Эй Умар! Мендан Расули акрам тайин этганлари бир қўмондонни вазифасидан бўшатишимни сўраяпсанми?!69 − дея ҳайқирдилар.

Тезда Мадина ташқарисидаги қароргоҳга келдилар. Усома қўшинининг дарҳол ҳаракатга ўтишини буюрдилар. Шу тарзда халифа ҳазрат Абу Бакр нақадар буюк давлат одами эканларини кўрсатдилар. Бироқ халифанинг буюклиги Усома қўшинини йўлга кузатаётганида янада яққол намоён бўлди. Бу буюк инсон бир давлат бошлиғи сифатида Усома қўшинига кўрсатма бераркан, диққатга сазовор ушбу сўзларни сўзладилар:

— Сизлар бегона юртларда жанг қилажаксиз! Зинҳор зулм этмангиз! Ҳақсизлик қилмангиз! Шариат чизган ҳадни ошмангиз! Ҳеч кимсанинг аъзоларини кесмангиз! Болаларга, аёлларга қўл теккиза кўрмангиз! Кексаларни, беморларни ўлдирмангиз! Черков ва монастирларда ибодат билан машғул бўлаётганларни ўз ҳолларига қўйингиз! Урғочи ҳайвонларни ўлдирмангиз! Мевали дарахтларни ёқмангиз! Хурмозорларни вайрон қилмангиз! Сизга қурол билан қарши чиққанлар билангина жанг қилингиз!

Халифа ҳазрат Абу Бакрнинг ниҳоятда инсонийлик руҳи билан суғорилган насиҳатлари Қуръони каримнинг жиҳод (уруш) ҳақидаги юксак амрларига уйғун эди. Расули акрамнинг ғазвалари (урушлари) ҳам шу йўлда олиб борилган эди.

Ҳазрат Абу Бакр қўшин қўмондони Усомага алоҳида қайрилиб қараб:

— Расули акрамдан олганинг амрларни тўлиқ адо этмоғинг керак! − дейишни ҳам унутмадилар70.

Шу зайл Усоманинг қўшинини йўлга кузатаркан, халифа пиёда юриб борар, Усома эса улов устида ўтирар эдилар.

Бу ҳолдан Усома хижолат чека бошлади:

— Уловга ё сиз мининг, ё мен тушайин! − деди ва отидан пастга тушди. Отни Абу Бакрга тақдим этмоқчи бўлди. Лекин Абу Бакр қабул қилмадилар.

— Аллоҳга қасамки, на сизни тушираман, на ўзим минаман! Аллоҳ йўлида оёқларим бир соат бўлса-да, чангисин! − дея жавоб бердилар.

Яна Усома отга минди, халифа пиёда борди.

Аммо халифа Абу Бакр Усома қўшинидан ажраларкан, ҳазрат Умарнинг Мадинада қолдиришини сўрадилар.

Умар Расули акрам тарафларидан Усома қўшинига берилган эдилар. Бу пайт Абу Бакр мусулмон бир жумҳурраиси, Усома эса Абу Бакрнинг олдида бир бола мавқеида эди. Лекин буюк халифа қўшинда мутлақ итоат бўлишини истар, тартиб-қоиданинг бузилмаслигига ўта ҳассослик билан эътибор берар эдилар. Шунинг учун Усомадан рухсат сўрадилар. Усома ҳам рухсат берди. Абу Бакр Умарни ёнларида олиб қолдилар. Умар билан бирга Мадинага қайтдилар.

Усома қўшинининг Сурия сафари икки ярим ой давом этди. Халифанинг Усома қўшинини юбориши мусулмонларга катта таъсир ўтказди, уларни маънан руҳлантириб юборди.

Ҳолбуки, у пайт иртидод (диндан ажралиш) ва иртижо (исён) ҳаракатлари бирданига оловланиб кенгайган, ўртани даҳшат қоплаб олган эди.

Дарҳол халифа бошчилигида бир машварат мажлиси чақирилди. Ўта тадбирли ва эҳтиётли равишда ҳаракат қилинди. Қабул этилган қарорлар ҳам тўғри ва ўз вақтида бажарилар эди. Усома қўшини қайтиб келгунга қадар осийлар устига бормасликка, ҳозирча фақатгина мудофаа тартиботини олишга келишилди. Аммо асҳоб ичида баъзилари ҳали ҳам тараддуд ичида эди.

— Намоз ўқиганлари ҳолда закотдан (солиқдан) бўйин товлаганларга қарши қандай қилиб жанг олиб борилади? Ахир буларнинг Аллоҳга ҳам, Пайғамбарига ҳам иймонлари бор-ку! − деганлар бўлди. Бу масалада ҳатто Умар ҳам адашдилар.

— «Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» шаҳодат калимасини айтганларга қандай қилич кўтарамиз? - дея ўзларининг иккиланаётганларини билдирдилар71.

Дарҳақиқат, агар закот таҳсилидан (тўплашдан) воз кечиладиган бўлса, бу кабиларни, яъни намоз ўқийди-ю, аммо закот беришни истамаганларни исён кўтарган (закот бермаслик учун) гуруҳлардан ажратиб олиш ҳам мумкин бўларди. Аммо халифа Абу Бакр бундай ўйламадилар.

— Аллоҳга қасамки, намоз билан закотни бир-биридан ажратувчилар билан уруш қиламан. Расули акрамга (закот ўлароқ) берилган бир туя тиззабоғичини ёки бир урғочи эчки боласини ҳам менга беришдан қочганларга қарши то шу қўлларим қилич тута олар экан, жанг қиламан!72 − дедилар. Бу билан у киши ҳам жасурлик кўрсатдилар, ҳам бутун иккиланишларни кетказдилар.

  Халифанинг раъйидаги буюк исботни (тўғри ўйлашликни) анча кейин ҳазрат Умар муносиб баҳоладилар:

— Ҳақ таоло ҳазрат Абу Бакрнинг кўксини очиб, унга ҳақиқатни кўрсатган экан, чунки мен ҳам ҳақиқатнинг шу эканлигини англадим ва билдим!73

Ҳатто Абу Бакрнинг бир вақтлар Расули акрам билан бирга қилган катта ҳижратдаги хизматларию иртижо ҳодисасидаги бу матонатларига ишорат этиб:

— Аллоҳга қасамки, Абу Бакрнинг бир кечаси билан бир кундузи Умардан ва Умарнинг уруғларидан хайрлидир! − дея ҳайратларини маълум қилдилар74.

Бу томондан исён ҳаракатлари (иртидод ғалаёнлари) борган сайин кучайиб кетди. Тахликалар кўпайгандан кўпайди. Ямандаги ва бошқа жойлардаги мусулмон маъмурлар вазифаларини ташлаб қочишар, узоқ-яқин ерлардан хунук хабарлар келар, бу хабарлар ҳар томонга даҳшат солар эди.

Осийлар тобора ҳаддиларидан ошиб бордилар. Ҳатто Исломнинг бош шаҳри Мадина устига юрмоқчи бўлдилар. Оз қолса, Пайғамбар шаҳрини ҳам қўлга олар эдилар. Бироқ бутун бу тахликалар ва буҳронлар қаршисида халифа Абу Бакрнинг матонатлари ҳеч букилмади. Мадиналикларни масжидга тўпладилар. Мадина ичида ҳам, ташқарисида ҳам мумкин бўлган бутун тадбирларни қўлга олдилар. Ўтиш жойларини муҳофаза эттирдилар. Қўл остиларидаги эҳтиёт кучлари билан шахсан ўзлари икки осий гуруҳнинг додини бердилар. Бу тахлит Мадинани муҳаққақ катта фалокатдан қутқариб қолдилар.

Худди шу аснода Усома қўшини Суриядан зафар қозониб қайтди. Қўшин шодиёналик билан ва тантанали суратда кутиб олинди. Мусулмонларнинг чеҳралари ёришди, чуқур бир нафас ола билдилар.

Ниҳоят муртадлар (диндан чиққанлар) билан муртажийларнинг (осийларнинг) жазосини бериш, уларни илдизи билан қўпориб ташлаш пайти келган эди. Бироқ ҳазрат Абу Бакр жуда тадбир билан иш кўрар, оқилона қадам ташлар эдилар. Атрофидаги нуфузли қўмондонлар билан маслаҳатлашдилар. Осийларга қарши ўн бир аскарий гуруҳ ҳозирланди. Ўн бир қўмондонга алоҳида-алоҳида ўн бир байроқ бердилар. Бу қўшинларни осийларга қарши урушиш учун Арабистоннинг турли жойларига юбордилар. Уларга адолатдан айрилмасликларини огоҳлантирдилар. Тайинланган бу ўн бир қўмондон орасида Валид ўғли Холид, Абу Жаҳл ўғли Икрима, Ос ўғли Амр каби мўътабар шахслар бор эди. Абу Бакрнинг тенгсиз даҳолари, билхосса, қўмондонларни танлашда намоён бўлди.

Халифа фақат аскарий гуруҳларни ҳозирлаб, уларни йўллаш билангина чекланиб қолмадилар. Айни пайтда ўзлари ҳам туяларига миндилар. Мадина ташқарисига чиқдилар. Халифа Абу Бакр урушга қўшилмоқчи эдилар. Мана шу пайтда инсоният тарихи камдан-кам учрайдиган бир манзарага дуч келдилар. Расули акрамнинг куёвлари ва амакиваччалари ҳазрат Али ўртага отилдилар. Ҳазрат Абу Бакр минган туянинг ёлларидан ушлаб:

— Қаёққа, ё Абу Бакр?! Сизга Расули акрам Уҳуд куни айтган гапларини такрорлайман: қиличингизни қинига солинг! Нафсингиз билан бизни изтиробга солиб қўйманг! Валлоҳи, сизга бир кор-ҳол бўлса, Ислом қайта бор тартибга келмай қолади. Мусулмонлар такрор ўзини йиғиштириб ололмайди! − дея Абу Бакрни ғоят самимиёна огоҳлантириб қўйдилар75. Қолган асҳоб ҳам ҳазрат Алининг гапларини маъқуллагач, ҳазрат Абу Бакр Мадинага қайтдилар.

Кечагина халифалик масаласида ҳошимийларнинг номзоди бўлганлари учун Абу Бакрнинг қаршиларида «рақиб» бўлиб кўринган ҳазрат Али содир қилган шу покиза ҳаракатлари билан нақадар юксак бир зотдирлар! Бу буюк одамнинг бундай асл ҳурматига сазовор бўлган ҳазрат Абу Бакр ҳам нечоғлик буюк, нечоғлик юксак мартаба соҳибидирлар! Чунончи, ҳазрат Али риё ва ялтоқлик нималигини билмайдиган, бундай амаллардан жирканадиган покиза қалбли бир зот эдилар. Халифа Абу Бакрни урушдан қайтармоқчи бўлганлари, «Сизга бир кор-ҳол бўлса, Ислом такрор интизомини тополмайди!» дейишлари ўта самимий эди. Ҳазрат Али бу сўзлари билан буюк ҳақиқатга ишора этаётган, Расули акрамдан сўнгра мусулмонликнинг ёйилиши учун ҳазрат Абу Бакрдек зотга эҳтиёж борлигига ишонаётганларини кўрсатаётган эдилар.

Буюк халифа оз вақт ичида бу қўрқинчли исён ва иртижо оловини сўндирдилар. Ҳам ёлғончи пайғамбарларни ўртадан йўқотдилар, ҳам иртижони илдизи билан тозалашга муваффақ бўлдилар.

Юқорида айтиб ўтганимиздек («Пайғамбаримизнинг хасталанишлари» бўлимига қаранг), ёлғончи пайғамбарлар, асосан, Ямандан Асвад, Бани Асад қабиласидан Тулайха, Тамим қабиласидан Сажжоҳ исмли хотин, Ямомада Бани Ҳаниф қабиласидан Мусайлама каби тўрт-беш жасур мушриклар эди. Бу каззоблар бир қанча жоҳилларни ўзларига ишонтириб, мазҳабларига киргизиб ҳам олишди. Булардан Асвади Ансий анча олдин пайдо бўлган, Расули акрамнинг вафотларидан бир кун олдин мусулмон аскарлари томонидан ўлдирилган эди.

Асвад мусулмонликни қабул қилган Яман волийси Бозоннинг ўлимидан кейин Бозоннинг ўғлини ўлдирди, хотинига уйланиб, Яманга ҳоким бўлди. Асвад ўзини ва турган жойини энг содиқ одамларига муҳофаза қилдирарди. Шу сабабли устига юборилган мусулмон аскарлар уни анча вақтгача қўлга ололмадилар. Охири хотини билан тил бириктирилди. Ярим кечаси ҳарамига кириб, уни ўша ерда ўлдирдилар.

Боши кесиларкан, Асвад хунук овозда қаттиқ бақирган. Шовқинга югуриб келган муҳофизлар ичкарига кирмоқчи бўлганларида хотини уларнинг олдини тўсиб:

— Зинҳор хонага кирманглар! Шовқин кўтарманглар! Унга ваҳий (!) келди. Адашиб қолиши мумкин! − дея уларни ҳайдаган76.

Эртаси кун саҳарда муаззинлар миноралардан азони Муҳаммадияни чақирганларида ҳақиқат равшан бўлади. «Ҳайя ъалас-солаҳ!» нидоси халқни масжидга чорлайди. Яман шаҳарлари такрор Исломга киради.

Асваднинг қатлидан бир кун кейин Расули акрам ҳаётдан кўз юмганлар, бироқ вафотларидан олдин бу воқеани асҳобларига муждалаган эдилар.

Ёлғончи пайғамбарлардан яна бири Тулайха эди. Ибн Холдуннинг ёзишича, Тулайха тарафдорларига бир қанча яҳудийлар ҳам қўшилган. Мадинага томон илк юриш қилган ва ҳазрат Абу Бакр томонларидан улоқтириб ташланган осийлар Тулайха тарафдорларидан эди77.

Ҳазрат Абу Бакр Тулайханинг устига Валид ўғли Холидни юбордилар. Холид қўшини Мадинагача оқиб келган бу сохта мутажовизлар устига шиддат билан юриш қилди. Уларни тор-мор этди. Тулайха хотинини отига мингаштириб, жуфтакни ростлаб қолди. Тулайха мағлуб бўлгач, бир неча қабилалар Холидга мурожаат қилдилар. Мусулмон бўлганларини ва мусулмонликда собит эканликларини билдирдилар.

Тулайха ишидан сўнг ҳазрат Холид Нувайра ўғли Моликнинг устига ҳаракат қилиш амрини олди.

Молик ёлғончи пайғамбарлардан эмасди. Бироқ осийларнинг ва муртажийларнинг энг кучлиси ҳисобланарди. Бир вақтлар Расули акрам Моликни Бани Тамим қабиласига маъмур қилиб жўнатган эдилар. Аммо Молик вазифасига хиёнат қилди. Ёлғончи пайғамбарлардан Сажжоҳ исмли аёл томонига ўтди. У билан ҳамкорлик қилди.

Тарихчи Балозурийнинг маълумот беришича, Валид ўғли Холид Бани Тамим билан жанг қилиб, уларни бўйсундирган. Молик қўлга олиниб, Холиднинг буйруғи билан ўлдирилган (Валид ўғли Холид ҳақида берилган изоҳга қаранг).

Шундан сўнг Сажжоҳ Ямома томонга кетади. Мусайламага қўшилади.

Ёлғончи пайғамбарларнинг энг ашаддийси Мусайлама эди. Номи Ислом тарихида «Мусайламатулказзоб» бўлиб қайд этилгандир. Мусайлама Ямома ўлкасидан бўлиб, Бани Ҳаниф қабиласидан эди. Олдинига Абу Бакр унинг устига Икрима қўшинини юбордилар. Лекин Икрима унга жўнатилган ёрдамчи кучларни кутмасдан, шошиб ҳаракат қилиб, Мусайламанинг устун қувватлари қаршисида мағлуб бўлган эди.

Шундан сўнг халифа ҳазрат Абу Бакр ёлғончи Мусайламага қарши ҳазрат Холидни юбордилар. Холид қўшини билан Мусайлама қўшини тўқнашди. Жуда шиддатли ва қонли «Ямома жанги» бошланиб кетди. Мусайламанинг аскарлари Холид қўшинидан уч баробар кўп эди. Урушнинг бошида мусулмонлар орасида анча парокандалик кўринди. Ҳатто душман Холиднинг чодиригача келиб қолди. Ўшанда Холид бор ҳарбий қудратини, буюк бир қўмондон эканини намоён этди. Қўшинининг руҳиятини кўтарди. Мусайламани мубораза (яккама-якка жанг) майдонига чақирди. Бироқ Мусайлама Холиднинг таклифини қабул қилмади ва натижада тарафдорларининг назаридан тушди. Шундан кейин Мусайлама жангни ютқаза бошлади. Чекинишга тушди. Чекина-чекина деворлар билан ўралган бир боғга кирди. Орқасидан мусулмонлар ҳам ёпирилиб ичкарига кирдилар. Мусайлама билан тарафдорларини қиличдан ўтказдилар. Сохта пайғамбар Мусайламани ҳабаш Ваҳший ўлдирди.

Бир вақтлар Ваҳший Уҳуд ғазотида Расули акрамнинг амакилари ва Исломнинг буюк қаҳрамони ҳазрат Ҳамзани ҳарбаси билан шаҳид этган эди. Энди эса айни қуроли билан Исломнинг энг йирик душманларидан Мусайламани ўлдиришга муваффақ бўлди («Ҳазрат Ҳамза» изоҳига қаранг).

Ямома муҳорабасида мусулмонлар икки мингдан ортиқ шаҳид беришди. Бироқ Мусайлама қўшинидан жуда оз киши омон қутулиб қолган, қўшиннинг деярли ҳаммаси ўлдирилган эди. Йигирма минг ўлик бор эди.

Мусулмон шаҳидлар орасида етмишдан кўп қурро (ҳофизи Қуръон) ҳам бор эди. Бу ҳол Қуръони каримнинг тўпланишига сабаб бўлди.

Расули акрамнинг вафотларидан икки ой ўтмасданоқ бошланган иртижо ва иртидод ҳаракатлари яшин тезлигида бостирилди. Қотиллар жазосини топди. Қолганлари авф этилди. Қисқа фурсат ичида бутун Араб ярим ороли итоат остига олинди. Ислом бирлиги қайтадан тикланди. Ҳар бир кичик ноҳияларга волийлар (ҳокимлар) юборилди. Пировардида ҳазрат Абу Бакр бутун мамлакатга ҳоким бўлдилар. Абу Бакрнинг халифаликлари мустаҳкам ўрин эгаллади. Ҳар нарса, ҳар ким Расули акрам даврларидаги ҳолига қайтди.

Изоҳлар

 

55. «Қиссаси Анбиё», 4-жилд, 435-бет.

56. Диёрбакирлик Саид Пошо. «Миръотил ибар», 6-жилд, 306-бет.

57. «Асри Саодат», 6-жилд, 76-бет.

58. «Аллоҳ Ўз томонидан (яъни Ўз хоҳиши-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйсундирди» (Жосия сураси, 13-оят).

59. «Эй ансорлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик» (Ҳужурот сураси, 14-оят).

60. «Айтинг, (эй Муҳаммад): «Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар) бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз − ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик. Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик» (Оли-Имрон сураси, 64-оят).

61. «Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят.)

62. «(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг!» (Алақ сураси, 1-оят.)

«Илм ўрганмоқлик ҳар бир эркак ва аёл мусулмонга фарздир» (ҳадис).

63. «Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амал қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур»(Наҳл сураси, 90-оят).

64. «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас)» (Ван-нажм сураси, 39-оят).

65. «Бас, (эй Муҳаммад), сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилган янглиғ тўғри йўлда бўлингиз!» (Ҳуд сураси, 112-оят)

66. «Назофат (тозалик) иймондандир» (ҳадис).

67. «Ҳазрат Абу Бакрнинг халифаликка сайланиши» бобига қаранг.

68. «Эй мўминлар, Аллоҳгагина итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо сураси, 59-оят.)

69. «Асри Саодат», 6-жилд, 70-бет.

70. Табарий, Ибн Асокир, Ибн Асир. «Асри Саодат», 6-жилд, 78-бет.

71. «Қиссаси Анбиё». 4-жилд, 436-бет.

72. Ҳожи Маҳмад Зиҳний. «Ал-ҳақойиқ», 1-жилд, 61-бет.

73. «Саҳиҳи Бухорий», «Асри Саодат», 6-жилд, 92-бет.

74. «Ал-ҳақойиқ», 1-жилд, 67-бет.

75. «Қиссаси Анбиё», 4-жилд. 441-бет; Аҳмад Ҳилмий. «Тарихи Ислом», 2-жилд, 550-бет.

76. Абдураҳмон Шараф Афанди. «Зубдатул қисос», 1-жилд, 110-бет.

77. «Асри Саодат», 6-жилд, 80-бет.

 
17:50 / 26.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...