Ислом душманлари Расули акрамнинг кўп хотинга уйланганликлари сабабини фақатгина шаҳватни қондиришда (!) деб кўрсатишга тиришиб мутлақо янглиш фикрларни ўртага қўяди. Ҳолбуки, тарихий ҳақиқатларга илмий ёндашилса, холис туриб, ниҳоятда чуқур тадқиқ қилинса, барча бу туҳматли иддаолар нақадар хато фикрлар экани, улар фақатгина кин-адоватга асосланган ботил талқинлардан иборатлиги равшан бўлади.
Расули акрам жаноблари ёшликнинг энг куч-қувватга тўлиқ паллаларида, Осиёнинг энг иссиқ ўлкаси бўлмиш Макка шаҳрида, йигирма беш ёшларига қадар ҳамшаҳарлари орасида иффат ва исматнинг, шараф ва номуснинг энг юксак бир мумассили ўлароқ танилдилар. Ваҳоланки, Арабистон каби бир иссиқ муҳитда эркакларда таносил қудрати 13-14 ёшларда камолга эришар эди.
Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшдан то эллик ёшларига қадар ўзларидан ўн беш ёш катта, икки марта турмуш қурган тул хотин бўлган ҳазрат Хадижа билан умр кечирдилар. У пайтлар аёллар очиқ кезишар, безакларини яширмас эдилар. Расули акрам ҳаётларининг пайғамбарликдан олдинги ўн беш санасини, пайғамбарлик даврларининг эса олдинги ўн санасини − жами йигирма беш йилини ҳазрат Хадижа билан масъуд ҳолда яшадилар. Ҳаммага фазилатли бир оила намунасини кўрсатдилар.
Хадижа онамиз ҳаётликларида бошқа бир аёлга уйланмадилар. Расули акрамнинг етти фарзандларидан (уч ўғил, тўрт қиз) олтитаси Хадижадан туғилди. Буларнинг иккитаси ўғил, тўрттаси қиз эди. Ўғил фарзандлар ёшликларидаёқ ўлдилар. Ҳар оила соҳиби каби Расули акрам ҳам бир ўғил фарзанд кўришни истардилар. Бу сабабдан яна бир ёхуд бир неча хотин олишлари мумкин эди. Мамлакатнинг у замондаги урф-одати ҳам бунга монеъ эмас эди. Айни пайтда у кишига бир неча таклифлар ҳам тушди. Лекин ҳазрат Пайғамбар бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмадилар.
Ҳазрат Хадижанинг вафотларидан сўнг эллик ёшда эканлар, фақат ҳазрат Савдага уйландилар. Шу ҳолга кўра, Расули акрам эллик уч ёшларига қадар бир завжали эдилар.
Расули акрамнинг кўп завжа олишлари, «кўп завжали» бўлишлари Мадина даврида эллик уч ёшларидан кейин, ҳаётларининг сўнгги палласига тўғри келади. Бунинг ҳам бир неча ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва диний каби ғоят муҳим сабаблари бор.
1. Маккалик ҳазрат Оиша билан мисрлик ҳазрат Мориядан ташқари Расули акрамнинг бошқа бутун завжалари ё тул ёки оиласидан ажрашган хотинлар эди. Агар баҳс мавзуи шаҳват бўлса, инсон руҳининг тул хотинлардан кўра ёш ва бокира қизларни танлаши сир эмас. Шаҳват ҳирси бокираликни қидиради. Дин душманларининг чиркин иснодлари каби Расули акрам фақатгина шаҳватни ўйлаб кўп уйланган бўлсалар эди, бундай истакни қондиришга яроқли Мадинада муҳожирлар ва ансорнинг жуда гўзал қизлари бор эди. Ҳар қандай бир мусулмон ўз қизини Пайғамбарга беришни шараф деб билар, қизлар ҳам Пайғамбар завжаси бўлишни жон-дилдан орзу этар эдилар.
Ҳолбуки, Расули акрамнинг мақсадлари жуда юксак эди. Ўртоқларининг тулларини, етимларини ҳимоя этмоқ эди. Расули акрам ўз никоҳларига олган аёллардан бир қисми ё жангда шаҳид кетган ёки бошқа тарзда йўқотилган дўстларининг туллари ва ёхуд ҳимояга муҳтож кимсасиз хотинлар ва етимлар эди17. (Ҳазрат Савда, Ҳузайма қизи Зайнаб, Умму Салама, Умму Ҳабиба, Маймуна билан боғлиқ бўлимларга қаранг.)
Умму Салама, Умму Ҳабиба, Зайнабларнинг учалови ҳам тул эдилар. Учовлари ҳам бутпарастларнинг душманлиги туфайли ҳимоядан маҳрум қолган эдилар. Ё буларнинг ақрабоси уларга муованат берадиган ҳолда эмасдилар ва ёхуд ёрдам беришни хоҳламасдилар18.
2. Бадр ва Уҳуд каби ғазотларда мусулмонлар жуда кўп шаҳид берган, аёллар билан эркаклар ўртасида мувозанат бузила бошлаган, яъни аёлларга нисбатан эркаклар камайган эди. Ҳолбуки, мусулмон аёл ўз динидан бўлмаган бир эркакка мутлақо турмушга чиқа олмасди. Ислом дини бунга асло рухсат бермайди.
Расули акрам ғазотларда шаҳид бўлган ўртоқларининг завжаларига уйланишни асҳобларига тарғиб қилдилар, ўзлари ҳам бу ишда ўртоқларига йўлбошчи бўлдилар.
Аёлларнинг эҳтиёжи баъзи сиёсатдонлар айтганидай, фақат озиқ-овқатдангина иборат эмас. Ҳимояга муҳтож бу каби аёлларнинг жинсий эҳтиёжларини ҳам таъмин этмоқ лозим. Акс ҳолда ахлоқ жиҳатидан йўлдан адашишлари, пировардида бир миллатнинг (мусулмонларнинг) борлиғи тахликага тушиши мумкин эди.
«Юксак ахлоқни мукаммаллаштириш (тамомламоқ) учун» юборилганликларини эълон этган19 Расули акрам хотинларнинг баданий эҳтиёжларидан ташқари уларнинг иффатларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъйлари билан ҳам нақадар ахлоқли эканликларини намоён қилдилар 20.
3. Расули акрам борлиқларини у кишига боғлаган асҳобдан баъзиларининг бу боғлиқликларини ақраболик ришталари билан ҳам мустаҳкамламоқчи бўлдилар, завжаларидан бир қисмини шу тушунчаларга кўра никоҳларига олдилар. (Ҳазрат Оиша, Ҳафса, Жаҳш қизи Зайнаб билан боғлиқ бўлимларга қаранг.)
Абу Бакрнинг қизлари ҳазрат Оишани ва Умарнинг қизлари Ҳафсани никоҳлаб олиш билан ҳазрат Абу Бакрни ва ҳазрат Умарни, қизларини бериб эса ҳазрат Усмон билан ҳазрат Алини ўзларига боғладилар, ҳозирча оз сонли Ислом жамоатини қариндошлик иплари орқали янада мустаҳкамладилар.
4. Расули акрам никоҳлаб олганлари завжаларидан яна бир қисми сулҳни сақлаб қолишга ёрдам берган душман қабилаларидан эди. (Ҳазрат Жувайрия, София, Мория бўлимларига қаранг.)
5. Ҳазрат Пайғамбаримиз Мадина даврида, яъни 53 ёшдан сўнгра турли томонлардан бир неча хотинга уйланганларининг сабаблари ичида энг муҳими диний сабаб эди. Ҳатто диний сабаб барча бу сабабларнинг энг бошидан жой олади. Исломда фақатгина хотинларга тегишли бўлган ҳукмлар бор эдики, бу ҳукмларни Пайғамбаримиз хотинларга тўғридан-тўғри сўзлай олмасдилар. Бу ҳукмлар хотинларнинг маҳрамиятига оид масалалар эди. Хотинларнинг кўплаб саволларига жавоб беришни Расули акрам завжаларига қолдирар эдилар. Бу ҳақиқатни бизга ҳадиси шарифлар билдиради. Ҳолбуки, бундай муҳим бир диний вазифани бир хотин ёлғиз боши билан бажариши мумкин эмасди.
Турли масалаларни тўлалигича тушуна билиш учун турли даражадаги заколарга эҳтиёж сезилади. Жаноб Пайғамбаримиздан илгари келган бошқа пайғамбарларнинг кўп завжага уйланишларининг бош сабаби ҳам мана шу диний асослардир.
Расули акрамнинг сўзларини, ишларини бутун инжаликлари билан нақл эта билиш учун бир неча завжанинг бўлиши лозим ва зарурий эди. Ҳатто завжалари ичида ҳазрат Оишанинг Расули акрам томонларидан кўп севилган ва тақдирланганлари ҳам Пайғамбаримизнинг бу онамизга ўргатганлари диний масалаларни қабул қилишда, англашда буюк қобилият ва зако кўрсатганлари туфайли эди. Ҳолбуки, ҳазрат Зайнаб билан София ҳазрат Оишадан янада чиройли эдилар21.
Аслида пайғамбарлар тарихида «кўп уйланишлик иши» фақат Расули акрамнинг ҳаётларидагина кўрилган эмас. Бу ҳол ўзларидан аввалги пайғамбарларда ҳам бор эди. Ҳазрат Иброҳим бир завжали эмасдилар. Ҳазрат Ёқуб, ҳазрат Мусо, ҳазрат Довуд шундай эдилар, никоҳларида ёлғиз бир хотин эмасди. Ҳатто Сулаймон Пайғамбарнинг уч юз никоҳлиси, етти юз жорияси − жами мингта завжаси бўлганлиги ривоят қилинади22. Инжилларнинг билдиришича, пайғамбарлар ичида фақат ҳазрат Исо завжасиз ўтдилар. Бироқ ҳазрат Исонинг бу бўйдоқлик ҳаётлари инсониятга намуна бўлолмайди. Чунки роҳиблик ҳаёти (уйланмасдан ўтиш) дунё ҳаётининг чўкиши демакдир.
6. Ҳижратнинг тўққизинчи санаси мусулмонлар эришган ғалабалар соясида қўлга киритилган ўлжалар туфайли Байтулмол (Хазина) бойиди, Мадинада асҳобнинг аҳволи яхшиланди, умумий фаравонлик ортди, ҳар киши саодатга қовушди. Фақат Расули акрамнинг саодатхоналари аввалги ҳолини сақлаб қолди. («V. Расули акрамнинг яшаш тарзлари» бобига қаранг.) Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё завқларидан бирор нарса кўзламаганлар. Баъзи пайтлар икки ойгача уйларида олов ёқилмагани ривоят этилади. Жаноб Пайғамбаримиз исроф ва сафоҳатдан батамом узоқ бир ҳаёт кечирдилар. Бутун ҳаётлари давомида бир кунда икки марта овқат еганлари кўринмаган. Бироқ Расули акрамнинг завжалари бу аҳволга чидай олмадилар. Ичларидан ғоят табиий ва инсоний орзу ўтди. Бошқа хотинлар каби умумий фароғатдан, ўзларига тушган ҳиссадан фойдаланмоқчи бўлдилар. Расули акрамга мурожаат қилдилар.
Чунончи, Расули акрамнинг завжалари ҳазрат Пайғамбарга завжа бўлмоқ шарафи соясида савияларини юксалтирган эдилар. Ўзлари ҳам Арабистондаги нуфузли оилалардан эдилар. Булардан Умму Ҳабиба Абу Суфённинг, Жувайрия Бани Мусталиқ бошлиғининг, София Бани Назир бошлиғининг, Оиша ҳазрат Абу Бакрнинг, Ҳафса ҳазрат Умарнинг қизлари эдилар. Ҳаммаларининг Расули акрамга нисбатан севгилари зиёда эди. Аммо улар ҳам фитратан аёл эдилар.
Расули акрам завжаларининг юқоридагидай истакларидан мутаассир бўлдилар. Бир ой завжаларидан алоҳида яшамоқчи бўлдилар. Бир ҳужрага кирдилар. Илоъ (қасам) муддати бўлган бир ойни (29 кунни) шундай (завжаларидан айри) ўтказдилар. Ўшанда тахйир ҳақидаги оятлар келди. Нозил бўлган оятлар Расули акрамнинг завжаларини ё дунё зийнатига қовушиш, ё Пайғамбар завжаси ўлароқ қолиш каби икки йўлдан бирини танлашда ихтиёрли қилди23.
Бу очиқ-равшан оятлар кўрсатмоқдаки, Расули акрамнинг уйлари шаҳватхона эмас, одоб ва фазилат ўчоғи бўлган. Завжалари ҳам дунё зеб-зийнатлари билан машғул бўладиган, мол-дунёга ўч инсонлар эмасдилар. Уларнинг янада юксак ва муҳим вазифалари бор эди. Уларнинг вазифалари Расули акрам билан бир орада бўлиш, бу билан бутун инсониятга ва хоссатан аёлларга оид ҳазрат Пайғамбардан эшитганлари ва кўрганлари ҳар нарсани эсда тутиш ва ҳамжинсларига ўргатиш эди. Шу сабабдан ҳамма завжалари дунё зийнатини эмас, Расули акрам билан бирга яшашни танладилар.
Айни пайтда Пайғамбаримизнинг завжалари мўминларнинг оналари (уммуҳати муъминин) ҳам эдилар. Бир мусулмон онасига уйлана олмаганидек, Расули акрамдан кейин у Зотнинг завжаларидан бирортасига ҳам ҳеч ким уйлана олмасди. Бу ишни Қуръони карим тақиқлаган24.
Изоҳлар
17. Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 243-бет.
18. Амир Али. «Руҳи Ислом», 205-бет.
19. «Мен фақат гўзал ахлоқни тамомлаш (мукаммаллаштириш) учун юборилдим» (ҳадис).
20. «Пайғамбаримиз», 243-бет.
21. «Асри Саодат», 2-жилд, 1042-бет.
22. Маҳмуд Асад Афанди. «Тарихи Ислом», 27-бет.
23. «Эй Пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай. Агар Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот−жаннатни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар).
24. «Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир» (Аҳзоб сураси, 53-оят).