«Аллоҳ берган вақтнинг қадрига етмаслик Аллоҳга шукр этмасликдир», деган эди бир биродарим.
Кўп йиллар Шом дорилфунунида, Туркиядаги олий ўқув юртларининг илоҳиёт факулталарида талабаларга Ислом тарихидан, хусусан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларидан дарс берган марҳум профессор Закои Кўнрапанинг «Пайғамбаримиз: Ислом дини ва Ашараи Мубашшара» китобини (ушбу асар «Пайғамбаримиз ва Ашараи Мубашшара», «Ҳазрат Пайғамбаримиз ва Ислом дини», «Алвидо, дунё! Ассалом, охират!» номлари билан уч жилд ҳолида нашрдан чиқди) ўгириш жараёнида биродаримнинг сўзлари хаёлимда бўлди, менга куч-ғайрат, масъулият бағишлади. Ва умид қиламанки, ушбу китоб таржимасига сарф этган умрим дақиқалари асло бежиз кетмагай.
«Бу китобни ўқиб мусулмон бўлганлар бор!» дейди муаллифнинг талабаларидан бири.
Дарҳақиқат, китобда Расули акрамнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари орқали Ислом динининг моҳияти, оламшумул, инсонпарвар, башарий дин эканлиги ёритилади.
Китобнинг бу мавзуда ёзилган асарлардан ажралиб турувчи ўзига хос жиҳати бор. Асар муаллифи мусташриқларнинг (ғайри муслим исломшуносларнинг) Пайғамбаримиз ҳақларидаги кин, туҳмат, ғараз руҳи билан йўғрилган иддаоларига илмий жавоб беради, воқеа-ҳодисаларни шунчаки ҳикоя қилмай, тарихий бурҳонлар, далил-ҳужжатлар асосида тушунтиради.
Раҳматли муаллифнинг бу асарида кўз ёшисиз ўқиш мумкин бўлмаган ўринлар талайгина. Беихтиёр чиққан бу кўз ёшлар эса кўнгилнинг ювилиши, тозариши, яна ҳам тўғрироғи, Аллоҳнинг раҳматидир. Аллоҳ жумламиздан шу лутф-марҳаматини дариғ тутмаган бўлсин.
Вақт тиғизлиги ва китобнинг ҳар жилдини сиз азизларга бир кун бўлса-да, олдинроқ етказиш истаги туфайли асарни ўгириш давомида анчайин шошишга тўғри келди. Бу важҳдан ўгирмада баъзи нуқсонларга йўл қўйилган бўлса, Аллоҳдан мағфират сўрайман. Сиз муҳтарам китобхонлардан эса марҳум муаллиф ҳамда ўгирмага эринмай сайқал берган заҳматкаш, ҳассос муҳарриримизга, ўгирма жараёнида қимматли маслаҳатларини аямаган, муаллифнинг содиқ талабаларидан бўлган олижаноб инсон Ризо Салимбош ўғлига ва китобни нашр этишда кўмак берган барча биродарларимиз ҳақларига дуои хайрлар рижо этиб қоламан. Зеро, Фахри Коинот Пайғамбаримиз марҳамат қилганларидек, «Бир мўминнинг ўз биродари ҳақига қилган хуфя дуоси, албатта, ижобат бўлғуси».
Аллоҳ Ўзининг ризолиги доирасида умр кечирмоқлигимизни барчамизга насиби рўзи айласин. Омин.