Ислом динининг манбалари асосан тўрттадир: 1. Китоб. 2. Суннат. 3.Қиёс. 4.Ижмоъ.
Бу тўрт манбага «адиллаи шаръийя» («шаръий далиллар») дейилади.
1. Китоб. Биринчи манба Қуръони каримдир. Қуръони азиймушшон Ислом динининг тамал китоби, мусулмонларнинг Асосий Қонунидир. Аллоҳ таолонинг бутун амрларини ўзида жам этган бир Китоби Мубийндир. Бу Китоби Мубийн (Очиқ ифодали Китоб) жаноб Расули акрамга нозил бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан замонамизга қадар тавотур йўли билан етказиб келинди. Ва қиёматгача шундай давом этиб кетажакдир.
Қуръони карим биратўла, бир вақтда келмади. Оят-оят, сура-сура ҳолда индирилди. Шони буюк Аллоҳнинг субҳоний иродасига кўра, йигирма йилдан кўпроқ вақт мобайнида тамомланди. Фахри Коинотга Жаброил (Жибрийл) исмли фаришта воситаси ила ваҳий бўлди. Арабча ўлароқ билдирилди.
Қуръони Мубийн инсонларни янглиш йўлдан тўғри йўлга бурган, уларни Ягона Тангри (Тавҳид) ишончи атрофида тўплаган, доимо ўқилиш учун юборилган Ягона Китоб бўлгани учун унга «Қуръон»дейилди.
Қуръони каримнинг ҳарфи ҳам, лафзи ҳам, маънонинг тамоми мукаммали ҳам Аллоҳ сўзидир. Шунинг учун Қуръонга «Ваҳийи Матлув» (Тиловат бўлинган ваҳий) дейилди. Ваҳий ишида Жаброил бир восита, Пайғамбаримиз эса бир элчидирлар.
Қуръони каримда 114 сура, 6666 оят (Замахшарийга кўра) бордир. Бу оятлар инсонларнинг эҳтиёжларига қараб ҳар-ҳар пайтда келарди. Нозил бўлган оятларни Расули акрам ўзларининг кўз олдиларида ваҳий китобларига ёздирар, жой-жойига қўйдирар эдилар. Қоғоз ўрнига хурмо новдаси, хурмо пўстлоғи, тери, текис тошлар ва ҳоказо буюмлар қўлланиларди. Биттадан нусхалари сақлаб қолинар, айни пайтда асҳоб томонидан белгилаб қўйилар эди.
Асҳобнинг бир қисми Қуръоннинг ҳаммасини, баъзилари ярмини, баъзилари эса учдан бирини ёдлаганлар. Ҳамма оятларни ҳифз этганларга «қурро» дейилди. Ҳазрат Жаброил оятларни таблиғ этаётганларида уларнинг жойланиш ўрнини ҳам билдирар эдилар14.
Шу ҳолда Қуръони карим Расули акрам ҳаётликларида у кишининг амрлари билан, у кишининг кўз олдиларида тартибланди, асҳоб томонидан ёдланди ва беш вақт намозларда ва ҳар жойда ўқилди ва муҳофаза этилди15.
Расули акрам Қуръоннинг ўқилишини ҳар йили бир марта ҳазрат Жаброилдан тинглардилар. Вафот этган йиллари Қуръонни бошдан-охиригача икки дафъа тинглаганлар16.
Бироқ Расули акрам замонларида Қуръоннинг ҳамма оятларини бир жилд ҳолда тўплаш мумкин бўлмади. Чунки ҳазрат Пайғамбаримиз энг сўнгги оятлар келганидан кейин кўп яшай олмадилар. Ўн саккиз кундан сўнг вафот этдилар17.
Расули акрамдан сўнгра биринчи бўлиб халифа этиб сайланган ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу замонларида Араб ярим оролида пайдо бўлган ёлғончи пайғамбарлардан Мусайламатул-каззоб билан бўлган Ямома урушида етмиштача қурро шаҳид бўлди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан ҳазрат Абу Бакр барча оятларни бир мусҳафда тўплатдилар.
Расули акрамнинг вафотларидан кейин олти ой ўтган эди. Халифа Абу Бакр бу ишни ваҳий котибларидан Собит ўғли Зайд бошчилигида тўпланган ҳайъатга қилдирдилар. Зайд ибн Собит ғоят эҳтиёткорлик билан иш кўрдилар. Қуръон оятларидан фақат қориларнинг хотирасидагиларни етарли деб билмадилар. Айни пайтда Пайғамбаримиз ҳаётдаликларида ваҳий котиблари томонидан ёзилган ҳамма оятларни қўлга олдилар18. Ҳар бир оят учун икки одил шоҳид (гувоҳ) эшитилди. Шоҳидлар Расули акрамнинг кўз ўнгларида бу оятларнинг ҳақиқатан ёзилганига гувоҳлик беришди.
Илк халифа ҳазрат Абу Бакр замонларида тўпланган бу Қуръон нусхаси Абу Бакрдан сўнгра иккинчи халифа ҳазрат Умарга ўтди. Кейин ҳазрат Умарнинг қизлари ва Расули акрамнинг завжалари ҳазрат Ҳафсага қолди.
Ҳижратнинг ўттизинчи санаси (м. 650) эди. Учинчи халифа ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу замонларида Қуръоннинг ўқилиши борасида баъзи ихтилофлар ўртага чиққач, иккинчи бир ҳайъат яна тўпланди. Бошқон яна Собит ўғли Зайд бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос, Ибн Аббос, Анас ибн Молик ҳазратлари Зайд ибн Собит билан бирга ҳайъат аъзолари бўлдилар. Ҳафсадан келтирилган нусха асос тутилиб, кўпайтирилди.
Кўринадики, Расули акрам замонларида тарқоқ бир ҳолда ёзиб олинган Қуръон оятлари ҳазрат Абу Бакр даврларида тўпланган, ҳазрат Усмон замонларида эса нусхалар кўпайтирилиб, тарқатилган19.
Бу иккинчи ҳайъатда асҳобдан ўн икки зот бор эди. Қуръони карим бир ривоятга кўра, беш нусха, бошқа ривоятларга кўра, олти20 ёки етти нусха ўлароқ истинсох этилди ва мусулмон мамлакатларга юборилди.
Бу етти Қуръон нусхасидан биттаси Мадинада олиб қолинди. Бир донаси Маккага, бири Шомга, бири Яманга, бири Баҳрайнга, бири Басрага, бири эса Куфага йўлланди.
Расули акрамнинг завжалари ҳазрат Ҳафсадан олинган асосий нусха қайтариб ўзларига берилди. Бироқ бу нусхалар атрофга ёйилгандан кейин баъзи кимсалар ёйган нусхалар янги фатҳ этилган мамлакатларда ўқиш (қироат) ихтилофларига сабаб бўлиб, ўртадан олинди21.
Бугун қўлимизда мавжуд Қуръони карим ҳазрат Усмон тарафларидан ёйилган нусхаларнинг айнисидир. Зайд ибн Собит ҳазратларининг тартибидир. Бу масалада асҳобнинг иттифоқлари бордир22. Ҳазрат Зайднинг тартибида сураларнинг нузул вақтларига қаралмаган, фақат суралар орасидаги муносабатларга эътибор берилгандир. Шу билан бирга ҳазрат Усмон нусхасига мос тушмайдиган тартиблар ҳам йўқ эмас. Чунончи, ҳазрат Али Расули акрам вафотларидан кейин нузул (тушиш) тартибига кўра тўпладилар. Ҳазрат Алининг тартиби бўйича, маккий суралар олдин, маданий суралар кейин ёзилди23.
Қуръони каримни нуқталар, ҳаракатлар билан ишоратлаб кўчириш иши кейинчалик амалга оширилди.
Исломдан аввал Араб ярим оролида уч хил ёзув бўлган. Арабистоннинг шимолида набтий ёзуви, жанубида ҳимярий, Ироқда ҳирий ёзуви қўлланиларди. Набтий ёзувидан насх хати, ҳирий ёзувидан эса хатти куфий келиб чиқди.
Машҳур тарихчи Жўржи Зайдонга кўра, Хулафои Рошидин даврида ва Умавий халифалиги замонида Қуръони карим куфий хатида ёзилган.
Ўша пайт араблари орасида муомалада бўлган бу эски ёзувларда нуқта ва ҳаракат каби ишоратлар йўқ эди. Қуръони каримга нуқта ва ҳаракатлар қўйиш иши ҳақида уч ривоят бор:
1. Умавий халифаларидан Абдулмалик замонида илк дафъа ҳаракатни ўртага қўйган шахс Абу Асвад бўлса, Қуръонни биринчи бўлиб ҳаракатлар билан ишоратлаб чиққан эса Наср ибн Осим бўлди. Наср машҳур золим Ҳажжожнинг котибларидан эди.
2. Тарихчи, машҳур муҳаддис Ҳофиз Заҳабийга кўра, Қуръони каримга нуқталар ва ҳаракатларни қўйиб кўчириш иши Умавийлар даврида, Хуросонда, Марв ҳокими Яҳё ибн Яъмар (вафоти ҳ. 89/м. 707) томонидан амалга оширилган.
3. Миср тарихи ёзувчиси, муҳаддис Жалолиддин Суютийнинг ривоятларига кўра эса, Қуръони каримни нуқталар қўйиб ёзиб чиққан зот машҳур мужтаҳид Ҳасан Басрий ҳазратлари (вафоти ҳ. 110/м. 728) эди. Қуръони каримнинг бошқа ишоратларини тамомлаган эса Холид ибн Аҳмад (вафоти ҳ. 170/м. 789) бўлди.
Шунча асрлар ўтганига қарамай, Қуръони карим Расули акрам замонларида қандай ёзилган, қандай таблиғ этилган бўлса, сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, асл ҳолича муҳофаза қилиниб, замонамизгача келди, ҳар асрда юз мингларча ҳофиз (қори) томонидан ёдланиб, хатосиз ҳолда нақл этилди. Дўсту душман, бутун дунё Қуръони каримнинг ҳеч бир ўзгаришга учрамаганини эътироф этади.
Ибодатда арабча ўқиладиган Қуръони карим маъноси халққа яширин бўлиб қолмасин учун деярли ҳар асрда турли зотлар тарафидан ер юзидаги барча тилларга таржима қилинди ва тафсирлари ёзилди.
Бироқ Қуръон таржималари Қуръон эмасдир. Балки Қуръони каримни таржима қилганларнинг ўз англайиши ва Қуръоннинг маъноларидир. Аллоҳнинг сўзи (каломи) бўлган Қуръони карим арабча ҳолда Расули акрамга тушган матннинг номидир. Ҳеч бир араб шоири ҳатто Қуръоннинг энг қисқа сурасининг ўхшашини ўртага қўёлмаган. Бутун араб ва шоирлари Қуръоннинг фасоҳат ва балоғати қаршисида ожиз қолишган.
Ваҳоланки, Қуръони карим Расули акрамга ваҳий бўлаётган пайтларда араб тили фасоҳат ва балоғатнинг энг юқори чўққисига етган эди. Бу сабабдан Қуръони карим мусулмонликнинг энг буюк мўъжизасидир.
Асри Саодатда Қуръонни мусулмонларга Расули акрам очиқлаб (тушунтириб) бердилар. Пайғамбаримизнинг ворислари бўлмиш дин олимлари бу ишни давом эттиришди. Таҳсили бўлмаган араблар Қуръоннинг арабча матнидан ҳақиқий, энг лойиқ бир маъно чиқара олмаганлари каби Қуръоннинг ҳозирлик маълумотларидан маҳрум қолган туркийлар ҳам Қуръоннинг туркийча таржималаридан бирор нарса тушуна олмайдилар. Ҳар маслакда, ҳар соҳада юксак ихтисосчиларга эҳтиёж сезилади.
Бинобарин, Ислом динида Қуръони каримни тушунадиган ва ҳукмлари билан тушунтирадиган чуқур билимли олимларга бўлган эҳтиёж янада кўпроқдир.
2.Суннат. Шариат манбаларидан (далилларидан) биринчиси Китоб (яъни Қуръони карим) бўлса, иккинчиси суннатдир.
Суннат − Пайғамбаримизнинг сўзлари, Пайғамбаримизнинг ишлари, ҳузурларида қилинган бир иш учун Пайғамбаримизнинг индамаганларидир. Аммо мутлақ ҳолда Расули акрамнинг сўзларига «ҳадиси шариф» дейилади.
Жаноб Пайғамбаримизнинг ҳадислари ҳаётликларида асҳоблари (ўртоқлари) томонидан ёд олинди. Оғиздан-оғизга нақл этилди. Лекин ёзилмади. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг оғзимдан Қуръондан бошқа бирор нарсани ёзиб олманглар!» дея марҳамат қилганлар24. Бинобарин, ҳадислар Аллоҳнинг сўзи бўлган Қуръони карим оятлари билан аралашиб кетмасин учун тўпланмаган эди.
Бироқ Қуръон оятлари тўпланиб, нусхалари кўпайтирилиб, ҳар тарафга ёйилгач, бу андиша йўқолди, натижада ҳадисларнинг тўпланишига ҳам эҳтиёж туғилди. Энг аввал ҳадисларни тўплатган киши Умар ибн Абдулазиз бўлди. Шом Умавий халифаларидан Абдулазиз ўғли Умар (вафоти ҳ. 101/м. 719) фиқҳ олими эди. Унга ҳақли равишда «Умавий фақиҳи» дейишади. Умар ибн Абдулазиз она томонидан ҳазрат Умарнинг неваралари эди. Пайғамбаримизнинг муборак сўзлари зое бўлишидан қўрқди. Ҳадисларнинг ёзилишини буюрди. Шу зайл ҳадислар ҳам тўпланишга бошланди.
Биринчи марта ҳадисларни тўплаган Зуҳрий (Ибн Шиҳоб, вафоти ҳ. 112/м. 739) бўлди.
Ҳадисларни нақл этганлар Ислом мамлакатларига тарқалиб кетишган эди. Бир қисми Ҳижозда, бир қисми Ироқда, бир қисми эса Басрада яшарди. Ҳадисларни тўплаш мақсадида Ислом дунёсида саёҳатлар уюштирилди. Ҳадис ривоят қилганларнинг ҳоллари тадқиқ этилди. Саҳиҳ ҳадислардан саҳиҳ бўлмаганларини ажратиб олишга ҳаракат қилинди. Ўртага шаръий илмларнинг иккинчиси бўлган «ҳадис илми» чиқди. Ҳадис илми билан шуғулланувчи олимларга «муҳаддис» дейилди. Муҳаддислар ўртасида шуҳрат қозонган энг катта ҳадис китоблари олтитадир. Бу китобларга «Кутуби ситта» номи берилган, Қуръони каримдан кейин энг мўътабар ҳадис китоблари шулардир. Бу олти ҳадис китоблари Имом Бухорий (вафоти ҳ. 256/м. 869), Имом Муслим (вафоти ҳ. 261/м. 874), Имом Абу Довуд (вафоти ҳ. 275/м. 888), Имом Термизий (вафоти ҳ. 279/м. 892), Имом Насаий (вафоти ҳ. 303/м. 915), Ибн Можа (вафоти ҳ. 273/м. 886) томонларидан тўпланган ва ёзилган. Булардан Имом Бухорий ва Имом Муслимга «Шайхайн», китобларига эса «Саҳиҳайн» дейилади. Қолган тўртига «Сунан» номи берилган.
Бухорий ва Муслимда (бу икки муҳаддиснинг китобларида) тахминан 10-12 минггача ҳадиси шариф мужассамдир. Мукаррар (такрорланувчи) ҳадислар ҳам шу саноқнинг ичидадир25.
Китоб ва суннат − икки асос, шаръий ҳукмларнинг икки муҳим манбаидир.
Суннат (Пайғамбаримизнинг ҳадислари) Китобни (Қуръони каримни) тафсиф этади, очиқлайди. Қуръоннинг (тушунилиши) мушкул томонларини қулайлаштиради.
Суннат Китобга муҳтож бўлгани каби Китобнинг ҳам суннатга эҳтиёжи бордир.
3. Қиёс. Шаръий ҳукмларнинг учинчи манбаи «қиёс»дир. Асри Саодатда Қуръони карим оят-оят келгач, шаръий ҳукмларга асос бўлган оятлар Пайғамбаримиз томонларидан очиқланарди. Шу суратда Аллоҳнинг каломи (Китоб) билан Пайғамбаримизнинг сўзлари (суннат) Ислом динининг икки муҳим манбаи эди.
Расули акрам даврларидаёқ ваҳий келиши тўхтади. Кейин эса замон ўзгарди. Янги ҳодисалар ўртага чиқди ва кўпайди. Энди «қиёс», «ижмоъ» каби муҳим манбаларга ҳам эҳтиёж сезилди. Чунки Китоб билан суннат мутанаҳий (тугал) ўлчовлардир, йигирма уч йиллик, яъни Расули акрамнинг пайғамбарлик даврлари билан чегаралангандир. Ҳодисалар, муомалалар (ғайри мутанаҳий) битмас, туганмас, чегарасиздир. Мутанаҳий бўлган бир ҳукм ғайри мутанаҳийни ичига ололмайди. Шу сабабдан буюк олимларнинг ҳукмларига эҳтиёж ҳосил бўлди. Ижтиҳод ва қиёс лозим деб кўрилди. Бироқ қиёс ҳеч вақт Китоб ва суннатнинг руҳига тескари бўлмайди.
Қиёс Китобдан ва суннатдан топилмаган шаръий бир масала ҳақида мужтаҳидларнинг (Ислом ҳуқуқчиларининг) ўша масаланинг мисоли (ўхшаши) билан муқояса этишлари демакдир. Шаръий ҳукмларни далиллар билан чиқариш иқтидорига эга бўлган катта олимларга мужтаҳид дейилади.
Ижтиҳодларда бирлик мавжуд бўлса, бу бирликка «ижмоъ» номи берилади.
Расули акрам замонларида асҳобнинг фақиҳлари (катта олимлари) Қуръонда, суннатда топилмаган масалаларда қиёс ва ижтиҳод билан амал этишарди. Асри Саодатда Исломнинг манбалари учта эди: Китоб, Суннат, Қиёс.
Қиёснинг шаръий ҳукм бўлишида мужтаҳидлар ўртасида иттифоқ бор. Қиёснинг шаръий далиллардан ҳисобланиши Қуръон ила, ҳадис ила, ижмоъ ила собит бўлгандир. Муоз ибн Жабалга боғлиқ бир ҳадис қиёснинг суннат билан шаръий далил бўлишига гўзал ўрнакдир.
Жаноб Пайғамбаримиз Ислом динини ўргатиш учун асҳобни атрофга юборардилар. Ҳазрат Муозни ҳам волий этиб Яманга тайин этдилар26. Ўрталарида шундай бир суҳбат бўлиб ўтди.
« Ё Муоз, у ерда нима билан ҳукм ва қазо қиласан? − деб сўрадилар Расули акрам.
— Аллоҳнинг китоби ила ҳукм этаман, − деб жавоб қилди Муоз.
— Китобдан тополмасанг, нима қиласан?
— Расулуллоҳнинг суннати ила амал этаман.
— У ерда ҳам тополмасанг-чи?
— Ўз раъйим билан ижтиҳод этаман, ё Расулуллоҳ!
Муознинг бу жавобидан Расули акрам ниҳоятда мамнун бўлдилар.
Бу билан асҳобнинг ижтиҳод этишларига рухсат бердилар.
Қиёсдан чиққан шаръий ҳукмлар Китоб, ҳадис, ижмоъ каби тўғридан-тўғри собит қилинмайди. Илгари собит этилган бир ҳукмни ўхшаш бир сабабга суяниб, бошқасида ҳам майдонга чиқаради. Аслида собит бўлгани тафарруотда очиқланади27.
4. Ижмоъ. Китоб, суннат, қиёс каби ижмоъ ҳам шаръий далиллардандир. Ислом динининг тўртинчи манбаидир. Ижмоъ бир асрда яшаган мужтаҳидларнинг шаръий бир ҳукм устида иттифоқларидир.
Ижмоънинг шарти − ижтиҳод шартларини ўз шахсларида мужассам этган комил инсонларнинг (мужтаҳидларнинг) ҳатто бир мухолиф бўлмасдан, ҳаммасининг бирор масала устида бирлашган бўлишларидир. Биттаси бошқа фикрда бўлса ҳам, ижмоъ бўлмайди. Чунки у бир мухолифнинг ҳақли бўлиши эҳтимоли бордир.
Ижмоъ жуда кучли шаръий бир далил бўлиб, у ҳам Қуръонга ва ҳадисга тескари бўлолмайди. Тескари бўлса, унга «ижмои уммат» дейилмайди.
Бир ҳукм агар Китобдан топилса, олдин ўша билан амал қилинади. Бўлмаса, суннатга қаралади. Бундан ҳам топилмаса, қиёс билан исбот этишга ҳаракат қилинади.
Аммо ижмоъ мужтаҳидларнинг шахсий фикрлари эмас. Улар мутлақ бир асосга суянадилар.
Ислом динида Китоб ва суннат аслий манбадир. Ижмоъ билан қиёс бу икки аслий манбадан туғилган шаръий далиллардир.
Ижмоънинг турли даражалари бор. Биринчи даражаси − саҳобанинг ижмоъсидир.
Асри Саодатда ижмоъ лузум кўрилмасди. Шаръий ҳукмлар бевосита жаноб Пайғамбаримиздан ўрганиларди.
Расули акрамдан кейин саҳобанинг илк ижмоъси ҳазрат Абу Бакрнинг халифалиги учун бўлган сайловда кўринди.
Хулоса шуки, мусулмонликнинг далиллари ё ваҳийдир, ё раъйга суянгандир. Ваҳий ва раъй Ислом динининг асосий манбаларидир.
Қуръони карим илоҳий ваҳийдир. Пайғамбаримизнинг ҳадислари ҳам ваҳийдир. Қуръон ўқилган ваҳийдир. Бунга илмий бир ифода билан «Ваҳийи матлувв» дейилади. Ҳадислар эса Расули акрамнинг қалбларига илҳом бўлгандир. Шу сабабдан ҳадиси шарифларга «Ваҳийи ғайри матлувв» дейилади.
Ҳадислар икки қисмдир: ҳадиси қудсий, ҳадиси Набий.
Лафзи (калималари) ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ тарафидан индирилган бўлса, унга Қуръони карим дейилади.
Лафзи Пайғамбардан, маъноси Аллоҳдан бўлса, ҳадиси қудсий номини олади.
Ҳам лафзи, ҳам маъноси Пайғамбардан бўлса, ҳадиси Набийдир.
Раъй. Ё бир асрда яшаган жами мужтаҳидларнинг раъйи бўлади, бунда у «ижмоъ» дейилади. Ёхуд баъзи мужтаҳидларнинг хусусий раъйи бўлади, бунга «қиёс» дейилади.
Шаръий ҳукмларнинг далиллари фақат «адиллаи арбаъа» дейилувчи тўрт манбага суянади. Бошқа миллатлардан (халқлардан), бошқа ҳуқуқдан олинган ҳеч бир шаръий масала йўқ. Асосан хорижий мамлакатлардан «улуми дохила» номи берилган (фалсафа ва тиббиёт каби) маълумотлар Ислом дунёсига зимдан кириб қолган пайтда фиқҳ истилоҳлари Имоми Аъзам (Нўъмон ибн Собит; вафоти ҳ. 150/м. 768) томонидан ўртага қўйилиб, «Фиқҳ илми» туғилди. Ҳанафий, Моликий, Шофеъий мазҳаблари ҳам Ислом мамлакатларига ёйилди. (Ҳозиргача тарафдорлари мавжуд бўлган аҳли суннат мазҳаблари тўрттадир: Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий.)
Аллоҳнинг буюк лутфи ила китобимиз шу ерда охирига етди. Шони Азийм бўлган Аллоҳимизга беҳад ҳамду санолар бўлсин.
Истанбул−Лолали;
1387 йил 1-рамазон
(1967 йил 3 декабрь).
Изоҳлар
14. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Дорулфунунда усули фиқҳ дарслари», 15-бет.
15. Ҳатто асҳобдан ҳазрат Али, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва Муоз ибн Жабал ҳазратларининг ҳам Қуръон тўплаганликлари ривоят этилади (Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Илми хилоф», 22-бет).
16. Имом Бухорий. «Асри Саодат», 2-жилд, 751-бет.
17. Имом Бухорий дейдиларки: «Бутун Қуръон ёзилди. Лекин ёзувлар тарқоқ ҳолда эди» («Қуръон нимадир?», 42-бет).
18. Абу Довуд дейдиларки: «Ҳазрат Абу Бакр Қуръонни тўплашни бошлаганларида ҳазрат Умар «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон парчаси бўлса, уни келтирсин!» дея хабар тарқатдилар. Ўзи билан икки шоҳид келтирмаган одамнинг ёзуви қабул қилинмади» («Қуръон нимадир?», 42-бет).
19. Ҳазрат Абу Бакр даврларида бир жилд ҳолида тўпланган Қуръон нусхаси Расули акрам томонларидан тартиб берилган, ёдлатилган ва ёздирилган Қуръоннинг худди ўзи эди («Асри Саодат», 10-жилд).
20. Диёрбакирлик Саид Пошо. «Миръотул-Ибар», 6-жилд, 177-бет.
21. Ҳофиз ибн Ҳожар Асқалонийнинг баёнига кўра, ҳазрат Усмон бу нусхаларни ёқмаганлар, фақатгина ўқилмаслиги учун тўплаганлар («Қуръон нимадир?», 64-бет).
22. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Дорулфунунда усули фиқҳ дарслари», 16-бет.
23. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Маъонии Қуръон», 2-жилд, 587-бет.
24. «Тажриди Сариҳ», 1-жилд, 39-бет; Проф. Аҳмад Наим Бей таржимаси.
25. «Тажрид» таржимаси. 1-жилд, 250-бет; Проф. Аҳмад Наим Бей тарж.
26. Буюк Ҳайдар Афанди. «Усули фиқҳ дарслари», 367-бет; эски Истанбул муфтийси. «Ақоид дарслари», Муҳаммад Абу Заҳро. «Абу Ҳанифа», 242-бет. Усмон Кески ўғли таржимаси.
27. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Мулаххас илми тавҳид», 13-бет.