Иброҳим алайҳиссалам ўғли Исмоил алайҳиссалом билан.
«Иброҳим»нинг маъноси Абул умам, яъни барча миллат ва халқларнинг отаси.[1]
Аллоҳнинг амри билан Каъбани биринчи бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан бирга қурганларига Қуръони карим ва саҳиҳ суннатда очиқ далиллар бор.
Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом) эсланг! Иброҳим (ўз ўғли) Исмоил билан бирга Байтуллоҳнинг пойдеворларини кўтариб (шундай дуо қилдилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) қабул айла. Албатта, Сен Эшитувчи, Билувчисан!»;[2]
«Албатта, одамлар (Аллоҳ таолога ибодат қилишлари) учун қурилган биринчи уй – Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган (Каъба)дир. Унда (бу уйни Иброҳим алайҳиссалом қурганига) аниқ оят (аломат)лар бор бўлиб, (шулардан бири) мақоми Иброҳимдир (яъни Каъбани қуришда Иброҳим алайҳиссалом оёқлари остида бўлган харсанг тош. У тошдан ҳанузгача Иброҳим алайҳиссаломнинг оёқ излари кетмаган)».[3]
Доктор Муҳаммад Саид ибн Рамазон Бутий: «Каъбанинг Иброҳим алайҳиссаломдан олдин қурилганига доир барча маълумотларда ё заифлик ё ноаниқлик бор», дейди.[4]
Аллома Ибн Касир: «Байтуллоҳнинг Иброҳим алайҳиссаломдан илгари қурилгани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ хабар келмаган», дейди.[5]
«Замонлар ўтиши билан илк бор Каъбани қурган Зот ҳақида кўп ривоятлар пайдо бўлди. Бирида Одам алайҳиссалом дейилса, бошқасида фаришталар, яна бир ривоятда Шис алайҳиссалом ёки Идрис алайҳиссалом, дейилади. Ҳақиқати Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссалом томонидан қурилганидир».[6]
Олтинхон тўра «Бу Уй (Каъба)нинг бониъи аввали (яъни илк қурувчиси) ҳазрати Иброҳимдурлар ва ҳазрати Исмоил ёрдам бергандурлар», деб айтган.[7]
Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг 6-жуз, 31-бетида: «Ривоятларда келишича, Каъбани Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар қуришларидан олдин у фаришталар ва Одам ота томонидан қурилган», деб бу маълумотни «Ривоятларда келишича» дейиш билан, заиф эканига ишора қиладилар!
[1] «Раҳматун лил оламийн», 1-китоб.
[2] Бақара сураси, 127-оят.
[3] Оли Имрон сураси, 96 – 97-оятлар.
[4] «Фиқҳус сийратин набавия», 58 – 59-бетлар.
[5] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 1-китоб, 153-бет.
[6] «Ҳидоят», 2001 йил, 1-сон, 22-бет.
[7] Олтинхон тўра, «Қуръони каримнинг туркий тилда изоҳли таржимаси», Оли Имрон сураси, 97-оят изоҳи.