Улар йўлга чиқиб, Мадинага етиб келиб, билдиларки, айтилган аёл Ҳайбарда экан. Абдулмутталиб гап нимада эканини маълум қилгач, коҳина: «Сизлар бугун ортга қайтинглар. Жиним келса, бу ҳақида ундан сўрайман», – деди. Улар коҳина аёлнинг олдидан чиқишгач, Абдулмутталиб Аллоҳга ёлбориб дуо қилди. Улар эртасига унинг олдига яна келдилар. Шунда аёл: «Менга хабар келди, сизларда бир одамнинг хун ҳақи қанча?» – деди. Улар: «Ўнта туя», – дедилар. Аслида ҳам шундай эди. Шунда ҳалиги аёл: «Ундай бўлса ўз юртингизга қайтинг. Қурбонлик қилинадиган кимсани ўқлар соҳиби олдига олиб келиб, ўнта туяни ҳам келтиринглар. Шу туялар ва Абдуллоҳга ўқлар билан фол кўринглар. Агар Абдуллоҳга чиқса, то раббингиз рози бўлгунигача туядан қўшаверинглар. Агар ёй туяларга чиқса, уларни боланинг ўрнига қурбонлик қилинглар. Шундай қилсангиз, Роббингиз сиздан рози бўлади ва ўғлингиз ҳам ўлимдан қутулиб қолади», – деди.