Айтишларича, Абдуллоҳ Оминага уйлангач, у билан бирга бўлди ва Омина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладор бўлди. Сўнг Абдуллоҳ унинг олдидан чиқиб, кеча ўзига уйланишни таклиф қилган аёл олдига бориб: «Бугун нега кечагидек менга ўзингни таклиф этмай турибсан?» – деди. Аёл эса: «Чунки бугун кечаги нур сендан кетибди, энди менинг сен билан ишим йўқ», – деди. Унинг бундай дейишига сабаб шу эдики, у акаси Варақа ибн Навфалдан тез кунда бу уммат орасида Пайғамбар дунёга келишини эшитган эди. Варақа ибн Навфал насронийликни қабул қилган бўлиб, илоҳий китобларни ўқир эди. У ана шу китоблар орқали охирги Пайғамбар чиқиш вақти яқинлашиб қолганини биларди. Ибн Исҳоқ: менга отам Исҳоқ ибн Ясорнинг айтишича, Абдуллоҳ Оминага уйлангандан кейин ўша аёлга ҳам уйланиб, унинг олдига лой ишидан сўнг киради ва аёлни тўшакка чақиради. Аммо бу аёл Абдуллоҳдаги лойларни кўриб, бироз орқага тисарилади. Абдуллоҳ бундан аччиқланиб чиқиб кетади. Сўнг ювиниб, ўзидаги лой изларини кетказади ва Оминанинг олдига келиб у билан қўшилади. Шундан сўнг Омина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладор бўлади. Абдуллоҳ кейин иккинчи хотини олдига боради ва унга «тайёрмисан» дейди. У эса: «Йўқ, чунки сенинг кўзларинг ўртасида оппоқ нур бор эди, мен шунинг учун сени хоҳлаган эдим. Сен энди Омина билан бирга бўлдинг ва бу нур сендан унга ўтибди. Шу боисдан мен энди сен билан бўлишни истамайман», – дейди. Ибн Исҳоқ: айтишларича, бу аёл унга: «Абдуллоҳ менинг олдимдан ўтаётганида унинг икки кўзи ўртасида отнинг қашқасидек оппоқ нури бор эди. Мен шу нурга ҳомиладор бўлиш мақсадида унга ўзимни таклиф қилган эдим. Абдуллоҳ Оминага қўшилгач, бу нур унга ўтди ва у Пайғамбарга ҳомиладор бўлди», – деган экан. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота ва она тарафидан ўз қавмларининг насаб жиҳатидан энг юксак, шараф борасида энг улуғ кишиси бўлдилар.