Ҳалима деди: «Биз уни ўзимиз билан қайтариб олиб келдик. Аллоҳга қасамки, у келганига бир қанча ой ўтганидан кейин эмикдош акалари билан уйимиз орқасидаги тепаликда ўйнаб юришган вақтда, тўсатдан акаси қўрқиб кетган ҳолда кириб келиб: «Ана у қурайшлик укамни оппоқ кийим кийиб олган икки киши ушлаб ерга ётқизди. Кейин унинг қорнини ёриб, ичакларини олдилар», – деди. Шунда мен ва оталари ўша томонга чиқиб қарасак, у ранги бўзарган ҳолда тик турибди. Мен дарҳол болани қучоқлаб, бағримга босдим, отаси ҳам маҳкам қучоқлаб: «Сенга нима бўлди?» – деб сўрадик. У эса: «Олдимга оқ либос кийган икки киши келиб, мени ерга ётқиздилар. Сўнг қорнимни ёриб, ичимдан бир нимани қидирдилар. Мен улар нимани қидирганларини билмайман», – деб жавоб берди. Биз болани уйимизга олиб келдик.