Ибн Исҳоқ: менга Савр ибн Язид бир илмли кишидан ривоят қилиб деди (ўйлашимча, у Холид ибн Маъдон ал-Калоий эди): Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир қанчаси у Зотга: «Эй Расулуллоҳ, бизга ўзингиз ҳақингизда сўзлаб беринг», – дейишди. Шунда у Зот: «Мен отам Иброҳим алайҳиссалом дуо қилган, биродарим Исо алайҳиссалом башорат берган Пайғамбарман. Онам менга юкли бўлган вақтда, ўзидан бир нур чиққанини кўрган, унинг ёруғлигидан Шомдаги қасрлар кўринган. Мен Бани Саъд ибн Бакр оиласида сут эмиш даврини ўтказдим. Бир куни эмикдош акам билан уйимиз орқасидаги тепаликда қўй боқаётган эдик, тўсатдан олдимга оппоқ кийинган икки киши келди. Уларнинг қўлида қор билан тўлатилган тилла тоғора бор эди. Мени ерга ётқизиб, қорнимни ёрдилар ва юрагимдан бир қуюқ қонни чиқариб ташлашди. Кейин юрагим билан қорнимни шу қор билан тоза бўлгунича ювдилар. Уларнинг бири иккинчисига қараб: «Уни умматидан ўнтаси билан ўлча!» – деди. У мени тарозуда тортган эди, улардан оғир келдим. Биринчиси: «Уни умматидан юзтаси билан торт!» – деди. Иккинчиси мени ўшанча одам билан тортди, мен яна улардан оғир келдим. Сўнг у яна: «Уни умматидан мингтаси билан торт!» – деди. У мени шунча одам билан тортди. Мен улардан оғир келдим. Шунда ҳалиги одам: «Уни тортишни тўхтат! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, агар уни умматининг ҳаммаси билан тортсанг ҳам, албатта, оғир келади», – деди.