Ибн Исҳоқ: араблар фил воқеасидан олдин ёки кейин «ал-ҳумс» деган нарсани ўйлаб топиб, амалда жорий қила бошлашди. Улар: «Биз Иброҳимнинг болалари, ҳарам аҳли ва Каъбанинг хожалари ҳамда Макканинг туб аҳолисимиз. Демак, бошқа бирор араб халқи биздай улуғ эмас. Шунинг учун ҳарамдан ташқаридаги бирор ерни ҳарамдек улуғламанг. Агар шундай қилсангиз, бошқа араблар сизни беҳурмат қила бошлашади ва булар ҳилл, яъни ҳарамдан бошқа жойни ҳам ҳарам каби улуғлашмоқда, деб маломат қиладилар», – дедилар. Шундан сўнг Арафот тоғида туриш – «ал-вуқуф» ва ундан қайтиш – «ал-ифода»ларни тарк этдилар. Ҳолбуки, бу икки улуғ маросим ҳажнинг асоси ва Иброҳим алайҳиссалом динидан эканини улар яхши билишар ва бунга иқрор бўлар эдилар. Улар ўзларича бу ибодатларни қилиш биздан бошқа арабларга лозим, биз эса ҳарам аҳлимиз, биз учун ҳарамдан бошқа жойни улуғлаш мумкин эмас, биз«ал-ҳумсмиз», дер эдилар. Улар ўзларидан дунёга келган фарзандларига ҳам шу ғояни сингдира бошладилар. Фарзандлари хоҳ ҳарамда, хоҳ ҳиллда туғилган бўлсин, ўзларига ҳалол нарсаларни улар учун ҳам ҳалол, шунингдек, ҳаром бўлган ишларни улар учун ҳам ҳаром қилар эдилар.