
Ибн Исҳоқ: Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий Али ибн ал-Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибдан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан, у ансорларнинг бир жамоасидан ривоят қилишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Осмонда учаётган юлдузни кўрсангиз, нима деб таъбир қилар эдингиз?» – деб сўрадилар. Улар: «Бирор подшоҳ вафот этди ёки туғилди, бирортаси туғилди ёки ўлди, дер эдик», – дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аслида бундай эмас. Бунинг сабаби шуки, Аллоҳ ўз махлуқоти учун бирор буйруқ берса, уни аршни кўтариб турган фаришталар эшитадилар ва тасбиҳ айтадилар, уларнинг тасбиҳларини эшитиб, улардан пастдаги фаришталар ҳам тасбиҳ айтадилар. бу тасбиҳ айтиш дунё осмонигача давом этади. сўнг дунё осмонидаги фаришталар бир-бирларидан: «Нима учун тасбиҳ айтдингиз?» – деб сўрайдилар. Юқорироқдаги фаришталар: «Чунки, юқоримиздагилар тасбиҳ айтдилар, биз ҳам буни эшитиб, айтдик», – дейдилар. Шунда пастдагилари: «Тепангиздагилардан нима учун тасбиҳ айтганларини сўранглар-чи», – дейдилар. Улар сўрайдилар. Бу сўраш аршгача давом этади. Аршдагилар: «Тасбиҳимизнинг сабаби, Аллоҳ фалон иш бўлишига ҳукм чиқарди», – дейдилар. Бу гап дунё осмонигача етиб келади. Жинлардан иборат шайтонлар осмонга чиқиб, фаришталарнинг гапларига қулоқ солиб турадилар, сўнг буни ердаги коҳин ва фолбинларга етказадилар. Бу хабарлар баъзида рост, баъзида хато бўлади. Коҳинлар эшитган хабарларини одамларга етказадилар, уларнинг фоллари гоҳида рост, гоҳида хато чиқади. Аллоҳ шайтонларни уларга отилаётган юлдузлар билан осмон хабарини эшитишдан тўсиб қўйди. Эндиликда фолбинлик ва коҳинликлар тугади», – дедилар.