
Ибн Исҳоқ: менга Осим ибн Умар ибн Қатода ал-Ансорий Маҳмуд ибн Лабиддан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилиб деди: «менга Салмон ал-Форсий Исломга қандай кирганини сўзлаб берганида, унинг ўз оғзидан қуйидагиларни эшитганман: «Мен Исфаҳондаги Жайй қишлоғилик форсларданман. Отам қишлоқ деҳқони86 бўлиб, мени жуда яхши кўрарди. У мени қаттиқ яхши кўрганидан, худди қизлардек уйдан ташқарига чиқармас эди. Биз мажусий эдик. Мен бу динга қаттиқ берилиб, оташпарастлар сиғинувчи оловни ёқувчи даражасига етишдим. Бу олов доим ёниб туриши лозим, бир лаҳза ҳам ўчмаслиги керак эди. Отамнинг каттагина ери бор эди. бир куни у уй ишлари билан машғул бўлиб қолиб, менга: «Ўғлим, менинг ишим кўпайиб кетди, шунинг учун сен бориб, ердан хабар олиб келсанг», – деди. Отам менга у ерда қилишим керак бўлган баъзи ишларни буюрди, сўнгра: «Узоқ қолиб кетмагин, мен хавотир оламан. Чунки биласан, сен мен учун еримдан ҳам, бошқа барча нарсалардан ҳам кўра азизроқсан», – деди. Шундан сўнг мен уйдан чиқиб, отамнинг ери томон йўл олдим. Йўлда насронийларга тегишли бир каниса (черков) олдидан ўтиб, уларнинг ибодатлари овозини эшитиб қолдим. Уйдан чиқмаганим учун буни биринчи бор кўришим эди. Уларни кўриш учун ичкарига кирдим. Насронийларнинг ибодати мени қизиқтириб қўйди. Мен ичимда: «Қасамки, бу бизнинг динимиздан яхшироқ», – дедим. У ерда қуёш ботгунгача қолиб кетдим. Отамнинг ерига ҳам бормадим. Мен насронийлардан бу диннинг асли қаердалигини сўрадим. Улар Шомдалигини айтдилар, сўнг отамнинг олдига қайтиб келдим. У мени қидиргани одам юборган экан. Уйга келганимда менинг қаерда бўлганимни сўради ва менга: «Сендан хавотир олишимни айтган эдим-ку», – деди. Мен отамга бўлган воқеани айтиб бердим. Отам менга: «Бу динда яхшилик йўқ, ота-боболаринг дини бу диндан яхшироқ», – деди. Мен унга: «Йўқ, бу дин ҳақиқатдан ҳам бизникидан яхшироқ», – дедим. Отам мендан қўрқиб, оёқларимни кишанлаб, уйга қамаб қўйди».