Салмон деди: «Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўзимни мукотаб қилишга буюрдилар. Мен хожам билан уч юз туп экилган ва кўкарган хурмо кўчати ҳамда қирқ уқия88 тиллага шартнома қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Биродарингизга ёрдам беринг», – дедилар. Улар менга ёрдам бера бошладилар. Биров ўттизта хурмо кўчати, биров йигирмата, кимдир ўн бешта, яна кимдир ўнта, хуллас, ҳар ким ўз ҳолига қараб эҳсон қилар эди. Шу тарзда, уч юз туп кўчат жамланди. Кейин Пайғамбар алайҳиссалом менга уларни экиш учун чуқур кавлашга ва кавлаб бўлгач, хабар беришимни буюрдилар. Мен биродарларим ёрдамида чуқурларни кавлай бошладим. Чуқурлар тайёр бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бердим. У Зот мен билан бирга ўша ерга келдилар ва кўчатларни эка бошладилар. Биз эса уларни келтириб турардик. Кўчатлар экилиб ҳам бўлди. Салмоннинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, кўчатлар бирортаси қолмай кўкарди. Мен зиммамдаги кўчат қарзимни узиб бўлдим, энди тилладаги қарзимни узишим керак эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга конлардан бирида топилган товуқ тухумича келадиган бир олтинни олиб келишибди. Пайғамбар алайҳиссалом «Салмон ал-Форсийнинг қарзи нима бўлган?» – деб, мени чорлабдилар. Менга: «Мана буни олиб, қарзингни тўлаб кел», – дедилар. Мен: «Бу ҳаммасига етармикан?!» – дедим. У Зот: «Сен боравер! Аллоҳ ўзи сенинг қарзингни узади», – дедилар. Мен уни олиб бориб, қарзимни тўлаш учун тарозуга қўйдим. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у қирқ уқия эди. Мен уни қарзимга бериб, ўзимни озод қилдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хандақ ғазотида озод киши бўлиб иштирок этдим. Шундан кейин бирорта ғазотдан қолмадим».
Ибн Исҳоқ: менга Язид ибн абу Ҳабиб Абдулқайс уруғидан бўлган бир кишидан, у эса Салмондан сўзлаб деди: «Мен тиллани Пайғамбар алайҳиссаломдан олиб, «Бу қарзимнинг ҳаммасига етармикин?!» деганимда, у Зот қўлимдан олиб, тиллари устига қўйиб: «Буни олиб қарзингга тўла», – дедилар. Мен уни олиб бориб, тортганимда, у қирқ уқия чиқди».