Зайд ибн Амр ибн Нуфайл қавми динидан воз кечгани ва бу йўлда улардан кўрганлари ҳақида шундай деган:
Якка Парвардигоргами ё минг илоҳга
Сиғинай ишлар тақсим бўлганда?!
Лоту Уззонинг барин мен улоқтирдим,
Сабр-матонат соҳиби шундай қилади!
На Уззога сиғингум ва на қизларига,
Ва на Бани Амр санамларин зиёрат этгум!
Ҳубалга ҳам сиғинмам, зотан у бизнинг
Асрлар бўйи, ношудликда худомиз эди.
Қизиқ, тунда инсон ажаб ишлар қилади,
Кундузи эса басиратли киши уларни ажратиб олади.
Аллоҳ кўп одамларни дунёдан кетказди,
Уларнинг ишлари фисқу фужур эди.
Яна бошқаларни қавмга яхшилик-ла қолдирди,
Бу яхшилар орасида кичиклар улғайиб етишур.
Лекин мен Раҳмон эгамга сиғинурман,
Токи Ғафур Роббим гуноҳларимни кечирсин.
Раббингиз Аллоҳ тақвосини сақланглар,
Уни қачон сақласангиз, ҳалок бўлмассиз!
Яхшиларнинг манзили жаннат бўлажак,
Кофирлар макони дўзахдир, албат.
Яна дунёда хорлик ўлгунча,
Кўксини тўлдиргай ғам-қайғу яна.
Зайд ибн Амр яна шундай деган (ибн Ҳишом: бу шеър Умайя ибн Абу Салтга тегишли бўлиб, фақат биринчи икки байт ҳамда бешинчи байтлар уники эмас):
Мақтов-саноларимни Аллоҳга атадим,
Энг тўғри сўз билан, дунё тургунча.
Энг олий Шоҳгаким, унинг устида
На бирор илоҳ бор ва на бир хожа.
Эй инсон, қилмагин зинҳор ёмонлик,
Аллоҳдан яшириб қола олмассан.
Аллоҳдан ўзгани унга тенглама!
Зеро, энг тўғри йўл ошкор кўринди.
Раҳматинг истадим, умидим Ўзинг,
Ўтганлар ҳам умид этдилар, шаксиз!
Аллоҳим, сени Роббим дея рози бўлдим,
Сендан ўзгани илоҳ деб билмам, абадий!
Ижобат қилувчи Роббга сиғиндим,
Ҳаётда эшитмас бутларга эмас.
Сенсан у меҳру раҳмат юзидан,
Мусони элчи деб юборган Илоҳ!
Бор, дея унга, ҳам Ҳорунга бирдан,
Даъват қил фиръавнни Аллоҳга деган.
Айтинглар: «Сенми ер куррасини бу,
Қозиқсиз ўрнатган мустаҳкам қилиб?!»
Айтинг унга: «Сенмисан осмонни бундай
Устунсиз кўтарган осойиш билан?!
Ёки сен қилдингми унинг ичида,
Осуда тун ичра нур манбаин ҳам?!»
Денг: «Қуёшни ким йўллар эрталаб, ахир,
Ер юзин ёритар нур ила, ахир?!
Айтинг: «Ердан донни ундирган ким у,
Ўстириб, барқ урган дарахт айлаган,
Шохида мевасин пиширган обдон?!
Оқилга бунда бор ажиб мўъжиза.
Роббим, фазлинг-ла Юнусга нажот
Бердинг-у, чиқардинг балиқ қорнидан.
Гарчи мен номингни улуғлаб ҳарчанд,
Айтсам-да беҳисоб тасбиҳ кўнгилдан,
Роббим, сен афв этган гуноҳим учун
Бўлолмас биргина бадал, мутлақо!
Илоҳим, раҳматинг юбор, фазлинг ҳам.
Ато эт барака, ўзим, авлод-молимга.