Ибн Исҳоқ: менга Зубайр оиласининг мавлоси Ваҳб ибн Кайсон сўзлаб, деди: «Мен Абдуллоҳ ибн аз-Зубайрнинг Убайд ибн Умайр ибн Қатода ал-Лайсийга: «Эй Убайд, бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссаломнинг келиши дастлаб қандай бўлганлигини гапириб бер», – деётганини эшитганман. шунда Убайд: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ва бошқаларга сўзлаётганларида ёнларида эдим. Пайғамбар алайҳиссалом ҳар йили бир ой Ҳиро номли ғорда эътикоф ўтирар эдилар. Бу қурайшликларнинг жоҳилият давридаги «Ат-таҳаннус» номли ибодатлари эди. Ат-таҳаннус – ўзини ўзи поклаш, гуноҳлардан тозалаш, деганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойлик ибодатни тамомласалар, мискин ва бечораларга таом берардилар. У Зотнинг ғордан чиққандан сўнг қиладиган биринчи амаллари Каъбани тавоф қилиш бўлар эди. Уни етти марта ёки Аллоҳ истаганча тавоф қилиб, сўнг уйларига кирардилар. Аллоҳ у Зотни Пайғамбар қилишни ирода қилган йили одатларига кўра, рамазон ойида Ҳиро ғорига чиқиб кетдилар. Ибодат кечаларининг бирида Жаброил алайҳиссалом у Зотнинг олдиларига келди. Бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари сўзлаб айтадилар: «Мен бир кеча ипак ёзувлар билан безатилган бўйра устида ётганимда Жаброил келиб: «Ўқи», – деди. Мен: «Нимани ўқийман?» – дедим. Шунда у мени устида ётган наматим билан шундай қаттиқ сиқдики, мен ўлиб қолай дедим. Сўнг мени қўйиб юборди ва иккинчи марта: «Ўқи», – деди. Мен яна: «Нимани ўқийман?» – дедим. У мени яна сиқди, мен яна ўлаёздим, сўнг қўйиб юборди ва яна: «Ўқи», – деди. Мен такрор: «Нимани ўқийман?» – дедим. У мени учинчи бор сиқди. Мен бу сафар ҳам ўлиб қолсам керак, деб ўйладим. У менга ҳар гал «Ўқи»,− деганида, мен «Нимани ўқийман?» – дер эдим. У ниҳоят: «(Эй, Муҳaммaд, бутун бoрлиқни) ярaтгaн Зoт бўлмиш Роббингиз нoми билaн ўқинг! У инсoнни лaxтa қoндaн ярaтди. Ўқинг! РОббингиз эсa кaрaмли Зoтдир. У инсoнгa қaлaм билaн (ёзишни) ўргaтгaн Зoтдир. У инсoнгa билмaгaн нaрсaлaрини ўргaтди»90,− деди.
Мен ушбу оятларни ўқидим, сўнг Жаброил алайҳиссалом қайтиб кетди. Бир ухлаб турсам, мазкур оятлар қалбимга ёзилгандек ёд бўлиб қолибди. Ғор ташқарисига чиқиб, тоғнинг ўртасига етганимда, осмондан: «Эй, Муҳаммад, Сиз Аллоҳнинг Расулисиз, мен эса Жаброилман», – деган овозни эшитдим. Осмонга қарасам, Жаброил бир эркак суратида, икки қадамини осмоннинг уфқига ёзганича турибди. У: «Эй, Муҳаммад, Сиз Аллоҳнинг Расулисиз. Мен эса Жаброилман», – дер эди. Мен унга тикилганимча, на олдинга ва на орқага юришимни билар эдим. Осмоннинг қаерига қарамай, уни шу ҳолда кўрардим. Шу йўсин ҳеч нима қилолмай туравердим. Бу вақтда аёлим Хадижа мени излаб кетимдан одамлар юборибди. Улар Макка атрофларидан мени тополмай, ортларига қайтиб кетибдилар. Сўнг Жаброил кўздан ғойиб бўлди».