Ошкора даъват

3 йил аввал 3678 siyrat.uz

  Ибн Ҳишом айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан бошлаб уч йил давомида яширин даъват қилдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло у Зотга ҳақиқатни юзага чиқаришни, ошкора даъватга ўтишни буюриб, шундай деди: «Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр сураси, 94-оят). Яна бошқа бир оятда: «Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» И з о ҳ: ушбу икки оятда Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ё нарсага сиғинмасликни ва дастлаб бу Ҳақ Динга ўз қариндош-уруғларини    чорлашни    буюрди.    Шу оятлар нозил бўлиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошларини йиғиб, уларни Охират    азобидан    фақат    ўз    иймон-амаллари билангина  халос   бўлишлари   мумкин   эканлиги ҳақида огоҳлантирадилар. Кейинчалик ўз қизларига қарата: «Эй Фотима, қанча сўраб-ёлвормагин, Охират Кунида Мен сенга асқотмайман (яъни Охират азобидан Пайғамбар қизи бўлганинг учун эмас, балки ўз амалинг билангина қутула олурсан)»,  деган гаплари Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига сабоқдир. «Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хушхулқ билан камтарона муомалада бўлинг)!» (Шуаро сураси, 214-215-оят) Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигорнинг буйруқлари ижросига киришиб, Сафо тепалигига чиқиб баланд овозда шундай дедилар: «Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий». Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Агар мен сизларга (мана бу тоғ этагидаги) водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?» дедилар. Улар: «Сенинг бирор марта ёлғон гапирганингни билмаймиз, ишонамиз», дейишди. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, мен сизларни қаттиқ азоб (келиши) олдидан огоҳлантиргувчиман». Шунда Абу Лаҳаб: «Сенинг учун қолган кунлар қурисин, шунга тўпладингми бизни?!» деди. Шундан кейин Аллоҳ таолонинг ушбу оятлари нозил бўлди: «Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай — ҳалок бўлгай! (Аниқки,) у қуриди — ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!» И з о ҳ: Абу Лаҳабнинг хотини Умми Жамил доимо кишиларни Пайғамбар алайҳиссаломга қарши гиж-гижлаб, уларнинг ўртасида адоват ўтини ёқиб юргани сабабли Қуръон уни «ўтин орқалаган» деб сифатлади ва дўзахга ҳам эри билан бирга худди ўша ҳолида кириши ҳақида хабар берди. (Масад ураси,1-5-оятлар). Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Сафодан тушиб: «Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуаро сураси 214.оят) оятига бўйсуниб, барча қариндош-уруғларини, аҳли-оилаларини жамлаб дедилар: «Эй Бани Каъб ибн Луай, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бани Мурра ибн Каъб, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бани Абдушамс, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бани Абдуманоф, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бани Абдулмутталиб, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Фотима, ўзингни дўзах ўтидан қутқаргин! Чунки мен Аллоҳ томонидан сизларга (келадиган) нарсани (азобни қайтаришга) қодир эмасман». Қурайшнинг бу ошкора даъватга жавоби юз ўгириш ва инкор қилиш бўлди. Ота-боболаридан мерос бўлиб қолган диндан воз кечолмасликларини рўкач қилишди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом уларнинг ота-боболари ибодат қилган нарсалар фойда ҳам, зиён ҳам беролмайдиган жонсиз нарсалар эканини ва уларга ибодат қилиш ақлсизлик эканини, фикр юритиш, ақлни ишлатиш лозимлигини уқтирдилар. «Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни қайси диннинг) устида топган бўлсак, ўша етарли», дейишарди. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва Ҳақ Йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?!» (Моида сураси, 104-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олиҳаларини айблагач, ота-боболарини ақлсизлик билан сифатлагач, улар баттарроқ тўнларини тескари кийдилар, у Зотга қарши душманчилик қилишга бел боғладилар. Фақат Аллоҳ таоло Исломни қабул қилиш неъматидан баҳраманд қилган баъзи инсонлар бундан мустаснодир.

Ибратли нукталар

   Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом сийратларининг ушбу бўлагида уч далолат бордир: Биринчи: Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг Қурайш ва омма араблар ичида Исломий даъватни ошкор қилишлари улар учун ёт ва кутилмаган воқеа бўлди. Буни Абу Лаҳаб у Зотга қайтарган жавобдан ҳам ва кейин Қурайш катталаридан бўлган аксар мушриклар у Зотга қарши душманликка иттифоқ қилишларидан ҳам билиб олиш мумкин. Бу Диннинг шариат аҳкомларини қавмпарастлик, миллатчилик самараси, деб тасвирлашга уринадиганларга ҳамда Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом қилган даъватлари билан арабларнинг ўша пайтдаги орзу-умидларини рўёбга чиқармоқчи бўлган, дейдиганларга юқоридаги далилларда узил-кесил раддия бордир. Иккинчи: Аллоҳ таоло: «Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг» оятидаги буйруғи билан кифояланган ҳолда Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга қариндош-уруғларини ҳам даъват қилишига хос бўлган оятни нозил қилмаслиги мумкин эди. Чунки мазкур оят қамровига улар ҳам кирар эдилар. Шунга қарамасдан, яқинларини огоҳлантиришга хос амр берилишининг ҳикмати нимада эди? Бунда, умуман, ҳар бир мусулмонга, хусусан, ҳар бир даъват аҳлига тааллуқли бўлган масъулият даражаларига ишора бордир. Ана шу масъулиятнинг энг қуйи − биринчи поғонаси ҳар бир шахс ўз устида масъул бўлишидир. Мана шу поғона − даражага ўз ҳаққини бериш учун юқорида биз билиб ўтган ўша муддат-ваҳийнинг бошланиш даври босиб ўтилди. Яъни Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ўзларининг ҳақиқий пайғамбар эканликларига ва у кишига нозил бўлаётган нарса Аллоҳ таолонинг ваҳийси эканига қаноат ҳосил қилиб, унга, аввало, ўзлари иймон келтириб, аҳкому асослардан иборат бундан сўнг нозил бўлажак нарсаларни қабул қилишга ўзларини тайёрлашлари учун ана шу  юқорида ваҳийнинг бошланиши мавзусида биз билган олти ой муддат берилди. Масъулият даражаларининг иккинчи поғонаси эса ҳар бир мусулмон ўзининг аҳли оиласи ва яқин қариндошларидан масъуллигидир. Ҳар бир оиласи, қариндош-уруғи бор мусулмон ушбу масъулиятни бўйнига олмоғи шартдир. Масъулиятнинг учинчи даражаси: олим ўз маҳалла-кўйидан, ҳоким ўз давлати ва халқидан масъул бўлишидир. Буларнинг ҳар иккиси Расулуллоҳнинг ноиби, шаръий ворисидирлар. Чунки Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деганлар. Бундан ташқари, имомни, ҳокимни Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломнинг ўринбосари − халифаси деб аталади. Зотан, илм, билим Исломий жамиятдаги имом ва ҳокимлар эга бўлиши керак бўлган зарурий сифатлардандир. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга боғлиқ масъулият билан ҳоким ва уламоларга боғлиқ масъулият орасида фарқ йўкдир. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Аллоҳ таоло нозил қилган янги шариатни етказсалар, ана улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изидан юриб, йўлларини тутиб, у Зот ўргатган нарсаларни етказадилар. Демак, Расуллуллоҳ алайҳиссалоту вассалом мукаллафлик сифати билан ўз устларида масъулиятни, оила бошлиғи ва қариндош-уруғли инсон сифатида оиласи ва яқинлари рўбарўсидаги масъулиятни, Аллоҳ таоло ҳузуридан юборилган элчи сифати билан эса барча инсонлар олдидаги масъулиятни кўтарар эканлар. Биринчи поғонада ҳар бир мукаллаф (яъни Шариат аҳкомларига тўла бўйинсунишга бурчли инсон), иккинчисида ҳар бир оила бошлиғи, учинчи даражада эса уламою ҳокимлар Расуллуллоҳ алайҳиссалоту вассалом билан муштарак равишда масъулиятларни кўтармоғи лозим бўлади. Учинчи: Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ўз қавмини улар ота-боболаридан қолган одатларга фойда- зиёни ҳақида ўйламасдан асир бўлиб қолганликларини айб билиб, уларни бу кўр-кўрона асирликдан озод бўлишга чақирдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ