8 жумадис сони 1446
Сақиф элчилари ва уларнинг Исломга кириши

Ибн Исҳоқ ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан Мадинага Рамазон ойида қайтдилар ва шу ойнинг ўзида у Зотнинг олдиларига Тоиф аҳолиси бўлмиш Сақиф қабиласидан вакиллар келишди. Улар ўзаро маслаҳатлашиб, атрофларидаги арабларга қарши уруш қилишга кучлари етмаслигини тан олдилар ва барчалари байъатлашиб, Исломни қабул қилдилар. Ўзларидан бўлган Кинона ибн Абу Ялийл бошлиқ бир тўп вакилларни юборишди. Улар Мадинага яқинлашганда саҳобалардан Муғийра ибн Шуъба (у киши ҳам асли улардан эди) уларга йўлиқиб қолди ва уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганда қандай саломлашишни ўргатди. Лекин улар ўзлари билганча, жоҳилий саломлашдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сақиф вакилларини масжидга жойлаштириб, Қуръон тингласинлар ва одамларнинг намоз ўқишларини кўрсинлар, деб улар учун чодир тикладилар. Вакиллар бир неча кун турдилар. Шу вақт мобайнида улар Исломни ўрганиш учун гоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришар, гоҳ у Зотнинг ўзлари уларнинг олдига келар эдилар. Ибн Саъд ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига ҳар кеча хуфтондан кейин келиб, уларга тик туриб, (Ислом ҳақида шундай узоқ) сўзлаб берар эдиларки, ҳатто оёқлари чарчаб кетар эди. Мусо ибн Уқба ўзининг Мағозий номли китобида ушбу ривоятни келтиради: Усмон ибн Абул Ос ўша вакиллар ичида энг ёши кичиги эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларига кетишганда Усмон уларнинг юк ва уловларига қараб турар эди. Вакиллар қайтиб, уйқуга кетишгач, Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, у Зотдан дин ҳақидаги саволларига жавоб олар, Куръон ўқишни ўрганар эди. Шу ҳолат бир неча бор такрорлангандан сўнг у Ислом дини ҳақида яхши билимга эга бўлиб олди. Борганида У Зот ухлаётган бўлсалар, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига борар ва бу ишларини шерикларидан яширар эди. Усмоннинг бу ишлари Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг диққатларини тортди ва уни яхши кўриб қолдилар. Ахири вакиллар қалбан Исломни қабул қилишди. Лекин бошлиқлари Кинона Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деди: «Зино ҳақида нима дейсиз? Биз ғурбатда юрувчи қавммиз, шунинг учун у бизга керак». У Зот шундай жавоб бердилар: «Зино сизларга ҳаромдир. Аллоҳ таоло шундай деган: «Зинога яқинлаша кўрманглар!» (Ал-исро сураси, 32-оят). И з о ҳ: Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, Аллоҳ таоло бу ўринда мўмин-мусулмонларни бузуқликдан қайтарар экан, уларга: «Зино қилманглар», деб эмас, балки: «Зинога яқинлаша кўрманглар!» деб буюрди. Демак, Аллоҳдан қўрқадиган инсон зинога — фаҳшга олиб борадиган ҳар қандай ишлардан қаттиқ ҳазар қилиш лозим экан. Улар сўрашди:«Рибога қандай фикрдасиз? Чунки барча молимиз судхўрликдан иборат». У Зот: «Асли молингиз сизлар учундир. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз! (Яъни одамларга берган    қарзларингиздан    чиқадиган    фойдани олмангиз.)» (Бақара сураси, 278-оят).- Улар яна сўрашди: «Ароқ ҳақида нима дейсиз? У − еримиз маҳсули, у биз учун зарур». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ таоло ароқни ҳаром қилган», дедилар ва ароқ ҳаром қилингани ҳақидаги оятни тиловат қилдилар. Ибн Исҳоқ айтади: Улар у Зотдан яна зиммаларидан намоз фарзи олинишини сўрашди. У Зот:«Намози йўқнинг динида ҳам яхшилик йўқдир», дедилар. Улар ўзаро маслаҳатлашиб олганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб барчасига бўйсунишларини билдиришди. Лекин улар аввал ибодат қилиб юришган бутлари (Лот)ни уч йил синдириб ташламай туришни сўрашди. У Зот бунга кўнмадилар. Бир йил-бир йилдан камайтириб сўрашда давом этиб, то у муддатни бир ойга туширишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳеч қандай муддатга рози бўлмадилар. Ибн Исҳоқ айтади: Улар қавмлари ичидаги пасткашлар ва аёлларнинг қаршиликларидан чўчиганлари сабабли шундай илтимос қилишди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: Ундай бўлса, уни синдриш учун ўзингиз одам юборинг, биз буни эплай олмаймиз, дейишди. У Зот: «Бу ишни уддалайдиган кишиларни яқинда сизларга жўнатаман», дедилар. Шундан кейин вакиллар у Зотдан кетишга изн сўрашди. У Зот изн бердилар, улар билан чиройли тарзда хайрлашдилар, уларга Исломга ҳарислиги сабабли Усмон ибн Абул Осни амир қилиб тайинладилар, Ўшанда у Қуръондан бир қанча сурани ўрганиб олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ортидан Холид ибн Валид, Муғийра ибн Шуъба, Абу Суфён ибн Ҳарб ва яна бошқа бир қанча саҳобалардан иборат гуруҳни юбордилар. Улар мазкур бут - Лотнинг олдига бориб, уни чилпарчин қилишди. Сақифнинг аёллари воқеани кўриб йиғлаб, марсиялар айтишди. Муғийра болтаси билан ҳар зарба берганда Абу Суфён бутни масхара қилиб ва йиғлаётган аёлларга истеҳзоли ўхшатиш қилиб: «воҳ сенга, оҳ сенга, вой бечора» каби сўзларни айтиб турди. Ибн Саъд ўзининг «Табақоти»да Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб шундай дейди:«Сақиф Исломга кирди. Мен араблар ичида Сақиф қабиласидан кўра исломи саломат ҳамда Аллоҳга ва Унинг Китобига нисбатан қалбакилик топилиши қийин бўлган бирон қабила ёки уруғни билмайман».
22:37 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Зирор масжиди
Кейинги мақола
Ислом тарихи
Рабиъул аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар
    Рабиъул аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар Ҳижратдан аввалги 53 йил, рабиъул аввал ойининг 8, 9, 10, 12 кунлардан бири (мил. 571 йил 19–23 апрель – Расулул...
06:40 / 27.06.2020 Батафсил...
Ислом тарихи
Жоҳилиятда Каъбани христианлар ҳам зиёрат қилишганми?
Савол: Ислом дини туширилишидан олдин ҳам Каъба бўлган ва уни  христиан динидагилар ҳам зиёрат қилишган. Ислом туширилганидан кейин эса улар Каъбани тарк қилишганининг сабабини билишни истардим.....
10:22 / 19.02.2013 Батафсил...
Ислом тарихи
Араб вакилларининг кетма-кет келиши ва Aллоҳнинг Динига кириши
Ибн Исҳоқ айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиб, Табукдан фориғ бўлиб, Сақиф ҳам Исломни қабул қилиб, байъат қилгач, у Зотнинг олдига ҳар тарафдан араб вакиллари, элчи...
03:38 / 27.06.2020 Батафсил...
Ислом тарихи
Сақиф элчилари ва уларнинг Исломга кириши
Ибн Исҳоқ ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан Мадинага Рамазон ойида қайтдилар ва шу ойнинг ўзида у Зотнинг олдиларига Тоиф аҳолиси бўлмиш Сақиф қабиласидан вакиллар к...
22:37 / 26.06.2020 Батафсил...