Ибн Исҳоқ айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиб, Табукдан фориғ бўлиб, Сақиф ҳам Исломни қабул қилиб, байъат қилгач, у Зотнинг олдига ҳар тарафдан араб вакиллари, элчилари кела бошлади. Араблар Қурайшга қараб туришган эди. Яъни арабларнинг етакчи қабиласи, Исмоил алайҳиссаломнинг зурриёти, Байтул-Ҳаромнинг аҳли бўлмиш бу қабила енгилиб, Исломни қабул қилгач, атрофдаги араблар ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилишга қувватлари етмаслигини англаб, Аллоҳнинг Динига тўп-тўп бўлиб кира бошлашди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) қачон Аллоҳиинг ёрдами ва ғалаба келса; ва одамлар тўп-тўп бўлишиб Аллоҳнинг Дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз; дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни ҳар қандай «шерик»лардан) покланг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни Қабул қилгувчи бўлган Зотдир»(Наср сураси, 1-3-оятлар). Изоҳ: Ушбу сураи каримада мўмин-мусулмонларнинг вазифаси имконлари борича Диннинг равнақи йўлида саъй-ҳаракат қилиш эканига, ғалабани эса Ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи беришига ишора бор.
Ибратли нукталар
Эсланг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга ҳижрат қилган кунда тоифликлар у Зотни жуда ёмон кутиб олишган, диёрларидан кувиб солишган, бу ҳам етмагандай у Зотнинг ортларидан ёш болаларини, пасткашларини юбориб, у Зотни урдиришган, масхара қилдиришган эди. Ана шундай қабиҳликлар қилганлар Сақиф қабиласи эди. Мана энди улар Аллоҳнинг иродаси билан ихтиёран, чин дилдан Аллоҳнинг Динига кирдилар. Яна эсласак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан Маккага қайтаётганларида Зайд ибн Ҳориса у Зотга: «Уларнинг (маккаликларнинг) олдига қандай қилиб кирасиз, ахир улар Сизни ҳайдаб чиқаришди − ку?!»деган эди, шунда у зот: "Эй Зайд, шубҳасиз Аллоҳ таоло сен кўриб турган нарса учун кенгликни ва ечимини берур. Албатта, Аллоҳ Ўз Динига ёрдам бергувчи, Пайғамбарини ғолиб қилгувчидир», дедилар. Бугунга келиб содир бўлган ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайдга айтган сўзларининг тасдиғидир. Чунки ана ўша Тоиф ҳам, ўша Макка ҳам ва яна бошқа арабларнинг турли қабила ва уруғлари ҳам − барчалари Аллоҳнинг Динига тўп-тўп бўлиб кирдилар. Ўйлаб кўринг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дашт-сахроларни, тоғларни яёв босиб, яхши жавоб, илиқ истиқбол умидида борган қавмдан − Сақиф ва Хайба қабилаларидан бутунлай тескари жавобга, озор-азиятларга рўбарў бўлгач, у Зотнинг кўнглида, нафақат у Зотнинг балки ҳар қандай инсоннинг кўнглида интиқом олиш, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш фикри туғилиши табиийдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўнгилларида Сақифга нисбатан ана шундай фикрнинг тариқчасини ҳам топа олмайсиз. У Зот Тоифни бир неча кун қамал қилдилар сўнг саҳобаларига орқага қайтишни буюрдилар. Шунда саҳобалар:«Сақифга дуоибад қилинг», дейишди. У Зот дуоибад ўрнига дуоихайр қилиб шундай дедилар:«Аллоҳим, Сақифни Ўзинг ҳидоят қилгин ва уларни мўмин ҳолда биз томон келтиргин». Аллоҳ таоло Ўз Расулининг дуосини ижобат қилиб − Сақиф вакиллари Мадинага келишгач, Абу Бакр билан Муғийра ибн Шуъба Сақифнинг Исломга киргани ва ҳидоят топганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ хурсанд бўлишларини билишиб, бу хушхабарни у Зотга етказишни бир-бирлари билан талашиб кетишди. У Зот Сақиф вакилларининг юзларида табассум ва икром билан қарши олдилар ва бор вақтларини уларга таълим бериш, йўл-йўриқлар кўрсатиш ва насиҳат қилиш билан ўтказдилар. Сақиф қабиласи у Зотга азиятлар етказиш билан роҳат олишларига қарамай, у Зот уларга фақат яхшиликни, ҳидоятни ва дунё-ю Охират саодатини истадилар. Ажабо! Буларнинг барчаси инсондаги у ўзи танлаган ақида йўлидаги башарий табиатми?! Йўқ, бу фақат пайғамбарлик табиатидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзлаган ягона мақсад таъсиридир. Мақсад - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган даъватлари ўз самарасини бериши, Парвардигорига У Зотни рози қилган ҳолда йўлиқишларидир. Бу йўлда ҳар қандай алам, азиятлар у Зот учун арзимас ва енгилдир. Ислом шундай Диндир! У гина, адоватни билмайди, ҳеч кимга ёмонлик истамайди. Сақиф вакиллари ҳам ва яна бошқа Мадинага Исломга кириш учун келган вакиллар, элчилар ҳам Аллоҳ таоло Ўз Расулига ваъда қилган ғалаба бериш ваъдасига вафосининг яққол далилидир. Булар вакиллар қиссасидан олинган ибратлардир. Энди қуйида айни қиссадан олинадиган дарс ва аҳкомлар ҳақида сўз юритамиз: Биринчи: Элчилар ва омонлик сўровчилар билан чиройли муомалада бўлиш: Элчи билан омонлик сўровчининг орасидаги фарқ : элчи ўз қавми тарафидан вакил бўлиб келади ва бир неча кишидан иборат бўлади. Иккинчиси эса мусулмонлар диёрига фақат ўзи учун омонлик сўраб келади, ҳамда мусулмонлардан Ислом динини ўрганади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда омонлик сўровчини чиройли қарши олишга, унинг хавфсизлигини таъминлашга, истаган пайтда тинч жойга элтиб қўйишга буюрган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом,) агар мушриклардан биронтаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ўз ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг Каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг. Бу (ҳукм) уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир»(Тавба сураси, 6-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга − элчи ва вакилларга нисбатан олиб борган чиройли сиёсатлари ва гўзал муомалаларидан келиб чиққан ҳолда уларга ҳам омонлик сўровчининг ҳукми жорий қилинади. Иккинчи: Одамларга бошлиқ, имом бўлишга улар ичидаги Аллоҳ таолонинг Китобини яхши биладиган киши лойикдир, шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Абул Осни Сақифга амир қилиб тайинладилар. У Зотни Усмоннинг Қуръонни фаҳмлашга бўлган интилиши қизиқтириб қолган эди. Усмон шериклари билан Мадинада турган вақт асносида ҳамроҳлари ичида Куръонни яхши ўрганиб, исломий билимга эга бўлиб олди. Учинчи: бут-санамларни, ҳайкалларни вайрон қилиш, синдириш вожиблиги: бут, ҳайкалларни йўқ қилиш вожиб бўлиши учун уларни муқаддас тутиб, уларга ибодат қиладиган «обидлари» бўлиш шарт эмас, балки бу тўғридаги ҳукм умумий ва барча ҳолатларни ўз ичига олгандир. Яна бунга далил Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг буйруқлари билан Каъба ичидаги бут, ҳайкалларнинг чиқарилиб ташланишидир. Ваҳоланки, уларга бошқа машҳур бутлар каби ибодат қилинмас эди. Демак, аввалроқ зикр қилганимиздек, ҳар қандай нав ва шаклларда ҳайкаллар ясаш, уларни ҳар қанақа мақсад билан уйда сақлаш ҳаром эканлиги яна бир бор таъкидланади. Айни йилда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг олдиларига жуда кўп вакиллар, элчилар келишган бўлиб, уларни бирма-бир зикр қилиб ўтиш ўрнига ўша вакиллардан бўлган Сақиф қабиласининг вакилларини айтиб ўтишни лозим топдик. Лекин шуни билиш керакки, барча вакиллар икки гуруҳга бўлинишган: мушриклар ва аҳли китоблар гуруҳи. Мушриклар гуруҳининг аксарияти Исломга кириб, ўз қавмларига иймон, тавҳид машъаласини олиб кетганлар. Аҳли китоблар гуруҳининг аксарияти эса ўзларининг яҳудийлик ва насронийликларига «содиқ қолишган». Нажроннинг насроний вакиллари олтмиш кишидан иборат бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳузурларида Ийсо алайҳиссалом ва Аллоҳнинг Ягоналиги ҳақида тортишиб, мунозара қилиб бир неча кун туришди. Мунозара охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилдилар: «Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди » (Оли Имрон сураси, 59-оят). И з о ҳ: Ривоят қилинадики, бир гуруҳ насронийлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Ийсони: «У ҳам бир инсон, Аллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?» дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган Ҳақ (Сўздир). Бас, шубҳа қилгувчилардан бўлманг! Энди Сизга келган (мана шу ҳақ) маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизнии, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик»(Оли Имрон сураси,60-61-оятлар). И з о ҳ: Мазкур оятда Муҳаммад Пайғамбарга Ийсони худо деб билувчи кимсалар агар Қуръон оятларига ишонмасалар, ёлгончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўраб, қасам ичишликка таклиф қилиш буюрилди. Ровийларнинг айтишларича, биронта насроний келиб, қасам ичишга журъат этмаган экан.