Ибн Исҳоқ: илм аҳлидан бирининг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз вақти яқинлашса, Макка атрофидаги тоғларга чиқиб кетар ва ўзлари билан Алини ҳам ҳамроҳ қилар эдилар. Икковлари Абу Толиб ва бошқа барча амакилари ҳамда қавмларидан яширин ҳолда тоғ тепасида намозларини адо этиб, кеч киргач, ортларига қайтардилар. Улар шу тарзда махфий ибодат қилиб юрганларида бир куни Абу Толиб уларнинг намоз ўқиётганларини кўриб қолди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Жияним, сен қайси динда ибодат қилаяпсан?» – деб сўради. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амакижон, бу Аллоҳнинг, унинг фаришталари ва пайғамбарлари ҳамда отамиз Иброҳимнинг динидир. Аллоҳ мени шу динга элчи этиб тайинлади. Амаки, сиз менинг яхшиликларимга энг ҳақли ва ҳидоят йўлига кириш учун энг лойиқ ҳамда давъатимни қабул қилиб, ёрдамчи бўлишга муносиб кишисиз», – дея жавоб бердилар. Шунда Абу Толиб: «Жияним, мен ота-боболарим дин ва эътиқодларидан воз кеча олмайман. аммо Аллоҳга қасамки, то тирик эканман, сенга бирор ёмонлик етишига асло йўл қўймайман», – деди.
Айтишларича, Абу Толиб ўғли Алдан: «Ўғлим, сен ибодат
қилаётган дин қайси дин?» – деб сўради. Али : «Отажон, мен Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтирдим, у Зотга келган ҳақ динни тан олдим ва у Зотга эргашиб, биргаликда Аллоҳ учун намоз ўқидим», – деди. шунда отаси: «Муҳаммад сени фақатгина яхши нарсага чақиради, шунинг учун унинг этагини маҳкам тут», – деди.