Муқаддима

1 ўн йил аввал 2478 siyrat.uz

   Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ Дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган, у Зотни қиёмат кунида барча умматлар устида гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннат ҳақида хушхабар элтувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан Унинг динига даъват қилувчи ва Ҳақ йўлни кўрсатувчи нурли чироқ қилиб юборган ҳамда Аллоҳга ва охират кунига ишонувчи ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи мўминлар учун гўзал намуна қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

   Эй Аллоҳим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у Зотнинг аҳли оилалари, асҳоби киромлари ва Қиёматга қадар у Зотга чиройли суратда эргашган Ислом аҳлига баракотлар ато этиб, салоту саломлар ёғдиргин ва улар учун раҳмат ҳамда розилик чашмаларини оқизиб қўйгин. Аммо баъд... Ҳижрий 1396 йилнинг Рабиул аввал ойида Покистонда бўлиб ўтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган анжуман сўнгида Робитатул Оламил Исломий мусулмон олами бўйлаб набавий сийрат мавзусида мусобақа уюштиришини эълон қилгани жуда қувонарли ва хайрли иш бўлди. Уламоларни руҳлантирадиган, уларнинг фикрий қувватларини маълум бир мақсадга йўналтирадиган бу хайрли баҳснинг эълон қилиниши, менимча, мақтовга сазовор ишлар сирасидан бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ибратлари агар чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба эканлиги ойдинлашади. Мазкур муборак мусобақада менинг ҳам иштирок этишим, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳнинг менга кўрсатган фазлу марҳаматидир. Бироқ мен қайда-ю, аввалгилару охиргиларнинг саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ёритиб бера олиш қайда?! Камина токи зулматлар ичида ҳалокатга юз тутмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари сафида яшаб, умматлари сафида жон таслим қилмоқни ва Пайғамбаримиз шафоати билан Аллоҳнинг мағфиратига ноил бўлмоқни мақсад қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нурларидан озгина бўлса-да баҳраманд бўлмоқни тенгсиз бахт деб биладиган ожиз бир банда, холос. Энди асарни ёзишда қандай йўл тутганим ҳақида икки оғиз гапириб ўтсам. Мен ўқувчини малоллантириб қўядиган узундан узоқ қисса қилишдан ҳам, воқеа-ҳодисаларни юмуқ қолдирадиган қисқаликдан ҳам йироқ бўлишга ҳаракат қилдим. Токи асар ўрта ҳажмда бўлсин. Бироқ воқеалар тартиби ёки уларнинг жузъий тафсилотлари борасида кўпгина манбаларда ихтилофларга дуч келдим. Ана шундай ўринларда масалани имкон қадар чуқур ва атрофлича ўрганиб, сўнг саҳиҳ деб топганим ривоятларни баён қилдим. Китобнинг ҳажми каттайиб кетмаслиги учун далилларни ва манбалар номини зикр қилмадим. Фақат ўқувчига ғариб туюладиган ёки аксарият муаллифлар ўзгача йўл тутган ўринлардагина далилларга ишора қилиб ўтдим. Эй Аллоҳим, дунё-ю охиратда менга фақат яхшиликни тақдир этгин. Албатта, Сен улуғ Арш эгаси бўлган Кечиримли, Меҳрибон Зотсан!

Софиюрраҳмон Муборакпурий Банорас, Ҳиндистон




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ