Ибн Исҳоқ: менга Аслам қабиласидан кўп нарсадан хабардор кишининг айтишича, Абу Жаҳл Сафода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан ўтаётиб, у Зотни сўкиб, озор берди. динларини номаъқул сўзлар билан айблаб, писандсизлик қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бир оғиз ҳам гапирмадилар. Бу ҳолатни Абдуллоҳ ибн Жудъон ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурранинг чўриси эшитиб турар эди. Абу Жаҳл ҳақоратлаб бўлиб, Каъба олдидаги қурайшликлар йиғиладиган жойга бориб, улар билан ўтирди. Шу пайт Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу камонини елкасига осиб овдан қайтиб келиб қолди. У овга жуда қизиқар эди. Қачон овдан қайтса, Каъбани тавоф қилмасдан уйига бормас эди. Тавоф қилгач, қурайшликлар йиғиладиган жойдан ўтиб, уларга салом берар ва суҳбатлашар эди. У Қурайшнинг довюрак ва баҳодир йигитларидан эди. Ҳамза ҳалиги чўрининг олдидан ўтаётганида (у пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига қайтиб кетган эдилар) чўри унга: «Эй Абу Умора! Сал олдин акангнинг ўғли Муҳаммадга Абу-л-Ҳакам ибн Ҳишом нима қилганини кўрганингда эди! Жиянинг бу ерда ўтирган эди, у келиб ҳақоратлаб, сўкди, унга озор бериб, қайтиб кетди. Муҳаммад эса бир оғиз ҳам гап айтмади », – деди.