Ибн Исҳоқ: Язид ибн Зиёд Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан менга етиб келишича, қавмнинг саййидларидан бўлган Утба ибн Рабиъа бир куни Қурайш улуғлари даврасида турган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ёлғиз ўзлари ўтирган пайтда: «Эй Қурайш жамоаси! Муҳаммаднинг олдига бориб, у билан гаплашайми? Унга бир неча шартларни таклиф қиламан. Қайси бирини қабул қилса, нимани хоҳласа, шуни берамиз, у эса бизни тинч қўяди», – деди. Бу Ҳамза мусулмон бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари кундан-кунга кўпайиб бораётганини кўрганларидан сўнг бўлаётган иш эди. Улар: «Майли, эй Абул-Валид! Боргин-да, у билан гаплаш!» – дейишди. Утба бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига ўтирди ва: «Эй биродаримнинг ўғли! Сен бизнинг қандай мавқега: қариндошчиликда ҳурматга, насабда юксакликка эга эканимизни биласан. Бироқ сен қавмингга шундай бир иш олиб келдингки, у билан жамоатларини тарқатиб юбординг, одамларни нодонга чиқардинг, илоҳлари ва динларини айбладинг, ўтиб кетган ота-боболарини кофирга чиқардинг. Менга қулоқ сол! Сенга бир нечта шартларни таклиф қиламан – ўйлаб кўр, балки, бирортасини қабул қиларсан», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Гапир, эй Абул-Валид, эшитаман!» – дедилар. У: «Эй биродаримнинг ўғли! Агар сен бу келтирган нарсанг билан мол-давлат хоҳлаётган бўлсанг, биз сенга молларимиздан тўплаб берайлик, сен энг бойимиз бўлгин; агар саййидликни хоҳласанг, сени бошлиқ қилиб олайлик, бирон бир иш сенсиз ҳал бўлмасин; агар подшоҳликни хоҳласанг, сени ўзимизга подшоҳ кўтарайлик; агар сенга келаётган нарса шарпа бўлиб, ундан қутилишга қодир бўлолмаётган бўлсанг, ўз ҳисобимиздан сенга табиб ёллаб, то соғайгунингча уни таъминлаб турайлик, кўпинча телбалик кишидан ғолиб келади», – ёки шунга ўхшаш сўзларни айтди. Утба сўзини тамомлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гапириб бўлдингми, эй Абул-Валид?» – дедилар. У: «Ҳа», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди менга қулоқ сол!» – дедилар. У: «Эшитаман», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман! «Ҳа, мим. (Ушбу Қуръoн) мeҳрибoн вa рaҳмли Aллoҳ тoмoнидaн нoзил қилингaндир. У билaдигaн қaвм учун aрaбий Қуръoн ҳoлидa (нoзил қилиниб), oятлaри муфaссaл бaён қилингaн китoбдир. (У) xушxaбaр бeрувчи вa oгoҳлaнтирувчидир. Бaс, (кoфирлaрнинг) кўплaри юз ўгирдилaр. Дeмaк, улaр «эшитмaслaр». Улaр дедилaр: «Диллaримиз сeн бизлaрни дaъвaт қилaётгaн нaрсaдaн тўсилгaн...»113.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръон ўқиб беришда давом этдилар. Утба уни эшитгач, жим қолганча қулоқ солди ва икки қўлини орқага қилиб ерга таянгача тинглашда давом этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда оятигача ўқиб, сажда қилдилар ва: «мана, нимани эшитган бўлсанг эшитдинг, эй Абул-Валид! Хўш, танла!» – дедилар.