Ибн Исҳоқ: Ислом Маккада Қурайш қабиласининг эркагу аёллари ўртасида ёйила бошлади. Қурайш эса кимни тўхтатишга кучи етса, тўхтатар, кимни диндан қайтаришга имкон топа олса, қайтарар эди.
Сўнг қурайшлик ҳар бир қабиланинг бошлиқлари (баъзи аҳли илмлар Саид ибн Жубайрдан ва ибн Аббоснинг мавлоси Икримадан, улар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилишларича): Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абу Суфён ибн Ҳарб, Бани Абдуддорнинг биродари Надр ибн Ҳорис (ибн Калада), Аул-Бахтарий ибн Ҳишом, Асвад ибн Мутталиб ибн Асад, Замъа ибн Асвад, Валид ибн ал-Муғира, абу Жаҳл ибн Ҳишом, Абдуллоҳ ибн Абу Умайя, Ос ибн Воил, Ҳажжожнинг икки ўғли Набиҳ ҳамда Мунаббиҳ ва Умайя ибн Халафлар қуёш ботгандан сўнг Каъба атрофида тўпланиб, бир-бирларига: «Муҳаммадга одам юбориб, уни баҳс-мунозарада мот қилайлик», – дейишди. Унга одам юбориб: «Қавмингнинг улуғлари сен билан гаплашиш учун тўпланишди, уларнинг олдига чиқ», – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сўзларимни қабул қилишмоқчи бўлса керак, деб гумон қилиб, шошганча келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳидоят топиб, ҳалокатдан қутилиб қолишларини жуда-жуда хоҳлар эдилар. Уларнинг олдиларига келиб ўтирдилар. Улар: «Эй Муҳаммад! Биз сени гаплашиб олиш учун чақиртирдик. Биз, Аллоҳга қасамки, араблар орасида сенчалик ўз қавмига фитна келтирган кишини билмаймиз: ота-боболаримизни ҳақорат қилдинг, динимизни айбладинг, илоҳларни сўкдинг, кишиларни нодонга чиқардинг ва жамоатларни бўлиб ташладинг. Қандай ёмон иш бўлмасин, сен уни ўртамизга келтирдинг (ёки шунга ўхшаш сўзларни айтишди), агар бу келтирган сўзинг билан мол-дунё истаётган бўлсанг, сенга молларимиздан тўплаб берайлик, токи ҳаммаларимиздан бой бўлгин; агар бу билан улуғликни хоҳласанг, сени ўзимизга бош қилиб олайлик; агар подшоҳликни хоҳласанг, ўзимизга подшоҳ қилиб олайлик; агар сенга келаётган бу нарса изма-из таъқиб қиладиган шарпа бўлиб, унга кучинг етмаётган бўлса, кўпроқ шунақа бўлса керак, у ҳолда табиб ёллаб, молларимизни сарфлайлик-да, сени даволайлик ёки ҳеч бўлмаса, олдингдаги мажбуриятимизни бўйнимиздан соқит қилайлик», – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Асло ундай эмас! Мен сизларга келтирган нарса на молу дунё, на обрў ва на подшоҳлик талаб қилиш учундир, балки Аллоҳ мени сизларга Пайғамбар қилиб юбориб, менга китоб нозил қилди ҳамда сизларга (жаннат ҳақида) хушхабар беришимни, (дўзах ҳақида) огоҳлантиришимни буюрди. Шунинг учун мен Роббимнинг амрини етказдим ва сизларга насиҳат қилдим. Агар бу келтирган нарсамни мендан қабул қилсангиз, дунёю охиратда бахтли инсонларга айланасиз. Агар рад қилсангиз, токи Аллоҳ сиз билан бизнинг ўртамизда ҳукм қилмагунича, Унинг фармонини амалга оширишда сабр қиламан»,−дедилар( ёки шунга ўхшаш сўзларни айтдилар). Улар: «Эй Муҳаммад! Агар таклифимиздан бирортасини ҳам қабул қилмасанг, у ҳолда ўзинг биласан: бизнинг шаҳримиздан торроқ, суви камроқ ва яшаш қийинроқ бўлган бошқа шаҳар йўқ. Сени юборган Роббингдан сўра, ерларимизни торайтириб турган мана бу тоғларни суриб, шаҳримизни кенгайтирсин, биз учун Шом ва Ироқнинг дарёлари каби дарёлар пайдо қилсин, ўтган ота-боболаримиздан баъзиларини қайта тирилтирсин ва у тирилганларнинг ичида Қусай ибн Килоб ҳам бўлсин. Чунки у ростгўй қария эди. Улардан сен айтаётган нарсанинг ҳақми ёки ботил эканлигини сўраймиз. Агар сени тасдиқласалар ва сўраган нарсаларимизни қилсанг, сенга ишонамиз, Аллоҳнинг олдидаги мартабангни ва айтганингдек, сени Пайғамбар қилиб юборганини тан оламиз», – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Мен бунинг учун юборилганим йўқ. Сизларга фақат Аллоҳ юборган нарсанигина келтирдим. Агар келтирган нарсамни қабул қилсангиз, дунёю охиратда бахтли бўласизлар. Бордию рад қилсангиз, токи Аллоҳ сиз билан бизнинг ўртамизда ҳукм қилмагунича, Аллоҳнинг амрини бажаришда сабр қиламан», – дедилар. Улар: «Агар сен бундай қилолмасанг, Роббингдан сўра, у сен айтаётган нарсани тасдиқлайдиган ва ундан сен ҳақингда сўрайдиган бир фаришта юборсин! Яна сўра, у сен учун боғлар, қасрлар, олтин-кумуш хазиналар берсин. Бу билан сени биз кўриб тургандек ризқ қидириб юришингдан беҳожат қилсин. Чунки сен ҳам бизлардек бозорларда турасан, биз ризқ қидиргандек ризқ қидирасан. Агар даъво қилганингдек, Пайғамбар бўлсанг, Роббинг олдидаги фазлинг ва мартабангни кўрайлик», – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Мен бундай қилмайман. Мен Роббимдан буни сўрайдиган инсон эмасман. бунинг учун юборилмаганман, балки Аллоҳ мени сизларга (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи, (дўзах ҳақида) огоҳлантирувчи қилиб юборди. Агар сизлар бу келтирган нарсамни қабул қилсангиз, дунёю охиратда бахтли бўлурсиз. Агар рад қилсангиз, токи Аллоҳ сиз билан бизнинг ўртамизда ҳукм қилмагунича Аллоҳнинг амрини бажаришда сабр қиламан», – дедилар. Улар: «Агар даъво қилганингдек, сенинг Роббинг ўзи хоҳлаган нарсани қиладиган бўлса, бизнинг устимизга осмонни парча-парча қилиб туширсин. Мана шундай қилмагунингча биз сенга иймон келтирмаймиз», – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Аллоҳнинг иши, агар шуни хоҳласа қилади», – дедилар. Улар: «Эй Муҳаммад! Роббинг биз сен билан ўтирмоқчилигимизни, ҳозирги нарсалар ҳақида сендан сўрашиимизни, қиладиган талабларимизни билмадимики, олдингга келиб, бизга қандай жавоб қайтаришингни ўргатса, бизларни нима қилмоқчи эканлиги ҳақида хабар берса?! Ахир биз сен келтирган нарсани қабул қилмадик-ку! Бизга етиб келишича, бу нарсаларни сенга ямомалик «Раҳмон» деган киши ўргатаётган эмиш. Аллоҳга қасамки, биз «Раҳмон»га ҳеч қачон иймон келтирмаймиз. Биз сени огоҳлантирдик, эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, сени шундоқ ташлаб қўймаймиз. ё биз сени ҳалок қиламиз, ё сен бизни ҳалок қиласан», – дейишди. Улардан бири: «Биз фаришталарга ибодат қиламиз, чунки улар Аллоҳнинг қизларидир», – деди. Яна бири: «Токи Аллоҳ ва фаришталарини олдимизга туширмагунингча сенга иймон келтирмаймиз», – деди.