Робиъул-аввал ойининг 4-куни
Ҳижрий 886-йил 4-робиъул-аввал куни (милодий 1481-йил 3-май) Усмонлилар империяси султонларининг 8-вакили султон Муҳаммад Фотиҳ вафот этди.Ҳижрий 1005-йил 4-робиъул-аввал куни (милодий 1596-йил 26-октябр) Усмонлилар қўшини “Ҳажуфа” жангида олмон қўшини устидан ғалаба қозонди. Бу жангда олмонлардан 70 минг жангчи қурбон бўлди.
Ҳижрий 1402-йил 4-робиъул-аввал куни (милодий 1981-йил 31-декабр) Ливия ва Саудия давлатлари ўртасидаги дипломатик алоқалар қайта тикланди.

Ибн Исҳоқ: Бани Махзум қабиласи мушриклари мусулмон хонадондан бўлган Аммор ибн Ёсир ва унинг ота-онасини пешин пайтидаги иссиқда уйидан чиқариб, Макканинг жазирама ҳароратида азоблар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ёнларидан ўтиб (менга етиб келишича): «Сабр қилинг, эй Ёсир оиласи, сизларга ваъда қилинган жой жаннатдир», – дер эдилар. Амморнинг онасини қатл этишди. У Исломдан бошқа ҳамма нарсадан воз кечган эди.
Фосиқ Абу Жаҳл қурайшлик кишиларни мусулмонларга қарши гижгижларди. Агар бирор обрўли киши Исломни қабул қилганини эшитса, таъна қилар ва уялтириб: «Отангнинг динини тарк этдингми? Ҳолбуки, у сендан яхшироқдир. Биз ўзингни ақлипаст, фикрингни хато деб ҳисоблаймиз ва обрўйингни туширамиз», – дерди. Агар ҳалиги мусулмон савдогар бўлса: «Аллоҳга қасамки, савдонгни касод қилиб, молингга зиён етказамиз», – дерди. Агар у заиф бўлса, уриб, бошқаларни ҳам шунга ундарди.