Умму Салама: «Қурайш вакиллари Нажоший ҳузуридан чиқ-қанларида Амр ибн ал-Ос: «Аллоҳга қасамки, эртага мен улар (мусулмонлар) ҳақида шундай гап айтаманки, у билан таг-томирларидан суғуриб оламан», – деди. Абдуллоҳ ибн Рабиъа (иккисидан инсофлироғи эди) унга: «Бундай қилма, бизга қарши борсалар-да, ўз қариндошларимиз ахир», – деди. Амр: «Аллоҳга қасамки, эртага Нажошийга уларнинг Исони Марямнинг ўғли – бир банда, деб эътиқод қилишларини айтаман», – деди. Кейинги кун эрталаб у Нажоший олдига келиб: «Эй подшоҳ, улар Исо ибн Марям хусусида гуноҳ сўзни айтадилар. Сиз уларнинг олдига одам юбориб, бу ҳақида нима дейишларини сўранг», – деди. Нажоший бу хусусда сўраб-суриштириш учун муҳожирларни чақиришга одам юборди. Биз бундай вазиятга аввал ҳеч тушмаган эдик. Қавм тўпланиб, ҳамма бир-бирига: «Исо ибн Марям ҳақида сўраса, нима деб жавоб берамиз», – дейишди. Улар: «Аллоҳга қасамки, биз Аллоҳ айтган ва Пайғамбаримиз келтирган сўзнигина айтамиз, нима бўлса, бўлсин», – дейишди. Нажошийнинг ҳузурига киришгач, у: «Исо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар?» – деб сўради. Шунда Жаъфар ибн Абу Толиб жавоб берди: «Биз у ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган сўзнигина деймиз. «Пайғамбаримиз: «У Аллоҳнинг қули, элчиси, руҳи ва бокира Марямга қўйган сўзидир», дейдилар». Шунда Нажоший қўлини чўзиб, ердан кичкина чўп олиб: «Аллоҳга қасамки, сенинг гапинг Исо ибн Марям шаънига мана шу чўпчалик ҳам зарарли эмас!» – деди. У бу сўзни айтганида, атрофида турган руҳонийлар ўзаро минғирлай бошлашди. У руҳонийларга: «Сизлар минғирласангиз ҳам, Аллоҳга қасамки, бу кишилар менинг еримда хавфсизликда бўладилар.«Ким сизларни сўкса, жазоланади». «Ким сизларни сўкса, жазоланади», – деб яна такрорлади. «Сизлардан бирортангизга озор бериб, тоғ баробар олтинларим бўлгани менга керак эмас. Мана бу иккисининг ҳадяларини қайтариб беринг, менга уларнинг кераги йўқ. Аллоҳ тахтимни қайтариб берганида мендан пора олмаган эди. Энди мен бу ишда пора олайинми? Аллоҳ мен ҳақимда одамларнинг айтганини қилмадики, мен Аллоҳ ҳақида одамларнинг айтганини қилсам», – деди. Қурайшлик икки элчи келтирган ҳадяларини олиб, унинг хузуридан ноқулай ҳолда чиқиб кетишди. Биз эса Нажоший хузурида − энг яхши қўшнининг ёнида, энг яхши жойда қолдик».