Умму Салама: «Сўнг Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига элчи юбориб, ҳузурига чорлади. Унинг элчиси келганида, муҳожирлар йиғилиб, бир-бирларига: «Унинг олдига борганда нима деймиз?» – дейишди. Улар: «Аллоҳга қасамки, билганимизни ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга буюрган нарсаларни айтамиз, нима бўлса, бўлсин!» – дейишди. Улар келишганда, Нажоший ўзининг руҳонийларини чақирган, руҳонийлар китобларини Нажошийнинг атрофига ёйиб қўйишган эди. Нажоший: «Сизни қавмингиздан айрилишингизга сабаб бўлган, на менинг диним ва на бирор халқнинг динига киришга қаршилик қилган бу дин қандай дин экан?» – деб сўради. Нажоший билан Жаъфар ибн Абу Толиб сўзлашди. У: «Эй подшоҳ, биз жоҳил қавм эдик, бутларга сиғинар эдик. Ўлимтикларни ер, фаҳш ишларни қилардик. Қариндош-уруғчилик алоқаларини узар, қўшниларга ёмонлик қилардик. Кучли одам заиф одамнинг молини ер эди. Биз шу тариқа яшаб юрганда, Аллоҳ бизга ўзимиздан бўлган бир Элчини юборди. Биз унинг насабини, ростгўйлигини, ишончли эканини, поклигини биламиз. У бизни Аллоҳни ягона илоҳ деб билишга, Унга ибодат қилишга, биз ва боболаримиз сиғинган тошу санамларни тарк этишга чақирди. Бизни рост гапиришга, омонатга риоя қилишга, қавм-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга, яхши қўшни бўлишга, ҳаром ишлар ва ноҳақ қон тўкишдан тийилишга буюрди. Фаҳш ишлардан, ёлғон гувоҳлик беришдан, етимларнинг молини ейишдан, покиза аёлларни зинокор, деб айблашдан қайтарди. Ягона Аллоҳгагина сиғинишга, унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка, намоз ўқишга, закот беришга, рўза тутишга буюрди», – деди. У Нажошийга Ислом буйруқларини санаб бергандан сўнг: «Биз унинг сўзларини тасдиқладик, иймон келтирдик. У Аллоҳ томонидан келтирганларига эргашдик, ягона Аллоҳга ибодат қилдик, унга ҳеч нарсани шерик қилмадик, бизга нимани ҳаром деган бўлса, биз ҳам шуни ҳаром дедик, нимани ҳалол деган бўлса, шуни ҳалол дедик. Шунда қавмимиз Аллоҳга ибодатни қўйиб, санамларга ибодат қилишга қайтариш, биз илгари ҳалол деб билган ифлос нарсаларни ҳалол дейишимиз учун бизга қарши адоват қила бошлади. Бизни азоблаб, динимиздан қайтарди. Улар зулм, тазйиқ ва қаҳр қилиб, бизни динимиздан тўса бошлашгач, сизнинг юртингизга келдик. Ўзгаларни қўйиб, сизни эхтиёр этдик, сизга қўшни бўлишни истаб, сизнинг ҳузурингда, эй подшоҳ, зулм кўрмаймиз, дея умид қилдик!» – деди. Шунда Нажоший: «Сенда ўша киши Аллоҳ томонидан келтирган бирор нарса борми?» – деб сўради. Жаъфар унга: «Ҳа», – деди. Нажоший: «Менга уни ўқиб бер», – деди. Жаъфар: «Коф, Ҳо, Ё, Айн, Сод»148 сурасининг дастлабки оятларини ўқиб берди. Шу пайт, Аллоҳга қасамки, Нажоший йиғлаб юборди, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Руҳонийлар ҳам Жаъфар ўқиб берган оятларни эшитиб, йиғлай бошлашди ва кўз ёшлари китобларини хўл қилди. Кейин Нажоший: «Шак-шубҳасиз бу билан Исо алайҳиссалом келтирган нарса бир манбадан чиқар экан. Сизлар кетаверинглар. Йўқ, асло! Аллоҳга қасамки, уларни сизларга топширмайман», – деди.