Ибн Исҳоқ: менга Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан сўзлаб, деди: «Ҳабашлар тўпланиб Нажошийга: «Бизнинг динимиздан воз кечдинг!» – деб, унга қарши чиқишди. Нажоший Жаъфар ва унинг биродарларига одам юборди ва улар учун кема тайёрлатиб: «Кемага чиқиб кутинг. Агар мағлуб бўлсам, истаган ерингизга кетинг; агар ғолиб чиқсам, қолинг», – деди. Сўнг мактуб ёзди. Мактубда «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг қули ва Элчиси, Исо ибн Марям ҳам Унинг қули, Элчиси, руҳи ва Марямга ташлаган сўзи», – деб гувоҳлик келтирди. Сҳўнг мактубни устки кийимининг ўнг чўнтагига солиб, ҳабашлар олдига чиқди. Улар саф тортиб туришган эди. Нажоший: «Эй ҳабашлар жамоаси, мен сизларга подшоҳ бўлишга ҳақли киши эмасманми?» – деди. Улар: «Ҳақлисан», – дейишди. У: «Мен сизларни қандай бошқаряпман?» – деб сўради. Улар: «Жуда яхши», – дейишди. Нажоший: «Ундай бўлса, сизларга нима бўлди?» – деб сўради. Улар: «Сен динимиздан воз кечдинг ва Исони бир банда, деб эътиқод қиляпсан», – дейишди. У: «Сиз Исо ҳақида нима дейсиз?» – деди. Улар: «Биз Исо Аллоҳнинг ўғли деймиз», – дейишди. Шунда Нажоший қўлини устки кийимига, кўксига қўйиб: «Исо Марямнинг ўғли», – деб гувоҳлик бериб, бундан ортиқ ҳеч нима демади. У ёзиб қўйган сўзини назарда тутаётган эди. Ҳабашлар бу сўздан рози бўлиб, тарқалиб кетишди. Бу хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келди. Нажоший вафот этганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ғоибона жаноза намози ўқидилар ва унинг ҳақига истиғфор айтдилар.