Ибн Исҳоқ: менга Абдуллоҳ ибн Умарнинг озод қилган қули Но-фиъ ибн Умардан ривоят қилиб, сўзлаб берди. ибн Умар: «Отам
Умар Исломга кирганида: «Қурайшликлар ичида энг яхши гап тарқатадиган киши ким?» – деб сўради. Унга: «Жамил ибн Маъмар ал-Жумаҳий», – деб айтишди. Отам эрталаб Жамилнинг олдига кетди. Мен ҳам унга эргашдим ва нима қилаётганини кузатдим. Мен кўрганларимни тушунадиган ёшдаги ўспирин эдим. Отам унинг олдига келиб: «Эй Жамил, менинг мусулмон бўлганимни ва Муҳаммаднинг динига кирганимни билдингми?» – деди. Аллоҳга қасамки, у отамга жавоб ҳам қайтармай, кийимини судраб туриб кетди. Умар унинг орқасидан борди, мен отамга эргашдим. Жамил масжид эшиги олдига келиб, бор овози билан: «Эй Қурайш жамоаси, билиб қўйинг, Умар ибн ал-Хаттоб динидан қайтибди», – деди. Қурайшликлар Каъба атрофидаги жойларида йиғилиб ўтиришган эди. Умар унинг орқасида туриб: «У ёлғон айтаяпти, мен мусулмон бўлдим ва Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг қули ва Элчиси эканига гувоҳлик келтирдим», – деди. Улар Умарга ташланишди. Шу зайлда то қуёш тепаларига келгунича уришишди. Отам чарчаб, ўтириб қолди. Одамлар унинг тепасида туришарди. Умар: «Хоҳлаганингизни қилинг, Аллоҳга қасам ичаманки, агар биз уч юз киши бўлганимизда эди, ё биз сизга ёки сиз бизга бу Каъбани ташлаб чиқиб кетган бўлардингиз», – дер эди. Улар шу ҳолатда экан, Қурайш оқсоқолларидан бири келиб қолди. Унинг эгнида кенг чакмон ва гулли кўйлак бор эди. оқсоқол одамлар олдида тўхтаб: «Нима гап?» – деб сўради. Улар: «Умар диндан қайтибди», – дейишди. У: «Бас қилинг, одам ўзи учун бир ишни танлаган бўлса, сизга нима?! Бани Адий ибн Каъб биродарларини сизга шундай топшириб қўяди, деб ўйлаяпсизми? бу одамни ўз ҳолига қўйинг!» – деди. Аллоҳга қасамки, улар отамни худди ечиб олинган кўйлакдек тарк этишди. Отам Мадинага ҳижрат қилганидан сўнг ундан: «Отажон, мусулмон бўлган кунингизда сиз билан уришаётган қавмни ҳайдаган киши ким?» – деб сўрадим. У: «Эй ўғлим, у Ос ибн Воил ас-саҳмий эди», – деди. Ибн Ҳишом: менга илм аҳлидан бўлган баъзи кишиларнинг айтиб беришларича, ибн Умар: «Отажон, мусулмон бўлган кунингизда сиз билан уришаётган одамларни ҳайдаган киши ким? Аллоҳ уни яхшилик билан мукофотласин!» – деганимда, отам: «Эй ўғлим, у Ос ибн Воил ас-Саҳмий эди. Аллоҳ уни яхшилик билан мукофотламасин», – деди.
Ибн Исҳоқ: менга Абдураҳмон ибн ал-Ҳорис Умарнинг уруғи ёки оиласидан бўлган бир кишидан ривоят қилдики, Умар шундай деган: «Мен мусулмон бўлган ўша тунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг адовати кучли одам кимлигини эслай бошладим. Мақсадим унинг олдига бориб, мусулмон бўлганимни билдириб қўйиш эди. Мен: «Абу Жаҳл!» – дедим (Умар – Ҳантама бинт Ҳишом ибн ал-Муғиранинг ўғли, яъни абу Жаҳлнинг жияни эди). Тонгда унинг уйига келиб, эшигини тақиллатдим. У чиқиб: «Жиян, хуш келибсан, сени нима олиб келди?» – деди. Мен: «Мен олдингга Аллоҳга, Унинг Элчиси Муҳаммадга иймон келтирганимни ва у Зот келтирган нарсаларни тасдиқлаганимни билдириб қўйиш учун келдим»,– дедим. У эшикни юзимга ёпиб: «Аллоҳ сени ва келтирган хабарингни балога йўлиқтирсин», – деди.