Ибн Исҳоқ: қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг Ҳабашистонга бориб ҳузур ва қарор топганликлари, Нажошийнинг бошпана сўраб келган мусулмонларни ўз ҳимоясига олгани, Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлиб, Ҳамза ибн Абдулмутталиб билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари томонга ўтгани ҳамда Ислом дини қабилалар орасида ёйила бошлаганини кўришгач, барчалари бир жойга йиғилиб, Бани Абдулмутталибга қарши, уларга қиз бериб қиз олмаслик, ҳеч қандай олди-сотди қилмаслик каби шартлар битилган саҳифани ёзишга келишдилар. Сўнгра мазкур саҳифани буни барчага билдириш мақсадида Каъба ичига осиб қўйдилар. Ушбу саҳифага котиблик қилган киши Мансур ибн Икрима ибн Омир ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Абдуддор ибн Қусай эди.
Ибн Ҳишом бошқа бир ривоятда ан-Надр ибн ал-Ҳориснинг котиб бўлганини айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилганлар ва шундан сўнг унинг баъзи бармоқлари фалаж бўлиб қолган.
Ибн Исҳоқ: қурайшликлар бу ишни қилганларида Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб ўз жамоатлари билан Абу Толиб ибн Абдулмутталибга келиб қўшилдилар. Бани Ҳошимдан асл номи Абдулуззо ибн Абдулмутталиб бўлган Абу Лаҳаб эса ажралиб чиқиб Қурайш мушрикларига қўшилди ва уларни қўллаб-қувватлади.