Ибн Исҳоқ: Ҳусайн ибн Абдуллоҳ менга шуларни ривоят қилди: Абу Лаҳаб қавмидан воз кечиб, ажралиб чиққан ва уларга қарши Қурайшни қўллаб-қувватлаб юрган бир пайтда Ҳинд бинт Утба ибн Рабиъа билан учрашиб қолди. Шунда у: «Эй Утбанинг қизи! ал-Лот ва ал-Уззога қарши чиққанлар ва улардан юз ўгирганлардан узоқлашганимда бу ишим билан бутларимизга кўмак бердимми?» – деб сўради. Ҳинд эса: «Ҳа, аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин, эй Абу Утба», – деди.
Ибн Исҳоқ: Абу Лаҳабнинг баъзи сўзларида шундай деганлари менга ривоят қилинди: «Муҳаммад менга тасаввурга сиғмайдиган нарсаларни ваъда қилмоқда. Гўёки айтганлари ўлгандан кейин амалга ошармиш. Қўл билан ушласа арзигулик нима берди?» Сўнгра қўлларига пуфлаб «Иккингиз ҳам қуриб кетинг. Сизларда Муҳаммад айтаётганлардан ҳеч нарса кўрмаяпман», – дерди. Шунда Аллоҳ «Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам»156 оятини туширди.