Ибн Исҳоқ: қурайшликлар ўзаро келишиб олганларини амалга оширганда, Абу Толиб шу шеърни айтди:
Оё, мендан бизнинг орамизда бўлиб ўтганларни Луайга, айниқса Луай ичидан Бани Каъбга етказинг,
Биз Муҳаммадни худди Мусодек илк китоблар (тақдир)да Пайғамбар деб ёзилган ҳолда топганимизни ҳалиям билмадингизми?!
Бандалар орасида унга жуда кучли муҳаббат бор; Аллоҳ муҳаббатини жойлаб қўйганлардан бошқаларда хайр йўқ.
Саҳифангизга тиқиштирган нарсаларингиз ўз бошингизга худди Солиҳ Пайғамбар туясининг бўталоғи мисол ёвузлик келтиргай.
Ердан чуқур (қабр) кавланмасидан ва бегуноҳлар гуноҳкордек тонг оттирмасларидан олдин уйғонинг, хушёр тортинг!
Ғийбатчи-ю туҳматчилар ишига эргашиб, кучли севги ва яқин муносабатимиздан сўнг алоқамизни узманг,
Бу билан сиз қонли урушни чорламоқдасиз, балки, уруш чақириғидан талофат кўрган киши олдидан ўтиб қоларман.
Каъбанинг илоҳига қасамки, биз Муҳаммадни қисматнинг раҳмсиз қийинчилик ва мусибатларига ташлаб қўймаймиз,
Биз ва сиздан ўтган аждодлар ва Қассос тоғининг кулранг қиличи билан кесилган қўллар тақдири ҳалиям аниқ бўлмади.
Тор жанггоҳда енгилмас баҳодирнинг енгилиши ва қора бошли бургутларнинг (ўликларга) майхўрлардек ёпишишларини кўрасан,
Гўё отларнинг айланиб келишлари ва ботир йигитларнинг тўс-тўполони уруш эмишми?
Бобомиз Ҳошим белин боғлаб (найза ила) зарба бериш ва (қилич ила) уришни васият қилган авлодлар биз эмасмизми?
Уруш бизни зериктирмагунча биз сира зерикмайдиган одамлармиз, мусибат устига яна мусибат келишидан ҳам шикоят қилмаймиз,
Шундай бўлса-да, баъзиларнинг юраги қўрқувдан ёрилган замон бизни ҳимояга эга ва ақл-идрокли эканимизни кўрасиз.
Мусулмонлар шу ҳолатда икки ёки уч йил қолиб кетдилар. Ҳатто уларга ёрдам қўлини чўзишни хоҳлаган қурайшликлар томонидан бирон нарса яширин ва махфий тарздагина етиб келарди, холос.