Айтишларича, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид ибн Асадни қули билан биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қамалда турган аммаси Хадижа бинт Хувайлидга буғдой олиб кетаётганида учратиб қолди. Унга қаттиқ ёпишиб: «Бани Ҳошимга егулик олиб кетяпсанми? Аллоҳга қасамки, сен ва олиб кетаётган егулигинг бир қадам ҳам шу ердан жилмайди. Сени бутун Маккада шарманда қиламан», – деди. Шу пайт Абул-Бахтарий ибн Ҳошим ибн ал-Ҳорис ибн Асад келиб қолиб: «У билан нима ишинг бор?» – деб сўради. Шунда Абу Жаҳл: «Мана бу Бани Ҳошимга егулик олиб кетаётган экан», – деди. Абул-Бахтарий (унга): «Бу аммасининг олдинроқ унга омонат сифатида юборган егулиги эди, ўшани олиб боришига тўсқинлик қилаяпсанми? Бу одамнинг йўлини тўсма», – деди. Абу Жаҳл бундан бош тортган эди, иккиси орасида жанжал чиқиб, Абул-Бахтарий туянинг жағ суяги билан уриб унинг бошини ёрди ва оёқ-лари билан қаттиқ тепди. Ҳамза ибн Абдулмутталиб нима бўлишини яқиндан жимгина кузатиб турарди. Улар бу воқеанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у Зотнинг асҳобларига етиб бориши ва мусулмонларнинг бундан хурсанд бўлишларини хуш кўрмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса шу ҳолатда ҳам қавмларини кечаю кундуз, яширину ошкора тарзда Аллоҳга иймон келтиришга чорлаб даъват этар, бу борада ҳеч кимдан тортинмас эдилар.