Ибн Исҳоқ: сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб суҳбат қила бошлаганларида Абдуллоҳ ибн аз-Зибаъро ас-Саҳмий келиб улар билан ўтирди. Шунда Валид ибн ал-Муғира Абдуллоҳ ибн аз-Зибаърога: «Аллоҳга қасамки, ҳозиргина ан-Надр ибн ал-Ҳорис, ибн Абдулмутталибга қарши чиқиб уни баҳсда енга олмади. Муҳаммад биз ва биз ибодат қиладиган мана бу илоҳларимизни жаҳаннам ўтинлари, деб айтмоқда», – деди. Шунда ААбдуллоҳ ибн аз-Зибаъро: «Лекин Аллоҳга қасамки, уни кўрсам, албатта, у билан баҳслашаман. Муҳаммаддан бориб сўранглар-чи: «Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳамма илоҳлар ва ибодат қилувчилари жаҳаннамда бўлармикан? Ваҳоланки, биз фаришталарга, яҳудийлар Узайрга ва насронийлар эса Исо ибн Марямга сиғинишади», – деди. ал-Валид ва мажлисда ўтирган мушриклар Абдуллоҳ ибн аз-Зибаъронинг бу сўзидан ҳайратда қолишди. Уни бу борада аниқ ҳужжат келтириб, енгди деб ўйлашди. Абдуллоҳ ибн аз-Зибаъронинг бу сўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилганда унга қарата: «Кимки Аллоҳдан бошқага ибодат қилишни хоҳласа, у ибодат қилгани билан биргадир. Дарҳақиқат, улар шайтонларга ва унга ибодат қилишни буюрадиганларга сиғинишади», − дедилар. Шунда Аллоҳ бу борада шу оятни туширди: «Албатта, Биз (томон)дан олдин гўзал (мартаба) берилган зотлар – айнан ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинувчилардир. Улар унинг (дўзах оловининг) шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда мангу қолувчилардир»166. Яъни залолатга кетган кимсалар Исо ибн Марям, Узайр ва Аллоҳ тоатида яшаб ўтган яҳудий ва насроний роҳибларга Аллоҳдан ўзга илоҳлар сифатида ибодат қилишди.
Мушрикларнинг фаришталарга сиғинишлари ва уларни Аллоҳнинг қизлари дейишлари ҳақида шундай оят тушди: «Улар (яъни мушриклар): «Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор», дейдилар. У эса бундан мутлақо покдир! Йўқ, (фаришталар) мукаррам бандалардир. (Фаришталар) Ундан илгари бирор сўз айтмайдилар. Улар (Аллоҳнинг) амри билангина иш қилурлар. (У) Улардан (одамлардан) олдинги (бўлган) ва кейинги (бўладиган) нарсаларни билур. Улар фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар. Уларнинг (ўзлари) Ундан хавфсираб қўрқиб турурлар. Улардан қайси бири: «Мен ҳам (Аллоҳдан) ўзга бир илоҳман», деса, бас, Биз ўшани жаҳаннам билан жазолаймиз. Барча золимларни ана шундай жазолаймиз»167.
Исо ибн Марямга Аллоҳдан ўзга илоҳ сифатида сиғиниш ҳамда ал-Валид ва мажлисда у билан бирга ҳозир бўлганларнинг Абдуллоҳ ибн аз-Зибаъро илгари сурган мазкур даъво ва далил қаршисида лол қолишлари ҳақида шу оят тушди: «(Эй Муҳаммад!) Қачонки, Марям ўғли (Исо) мисол қилиб келтирилса, бирданига қавмингиз (шодланиб) қичқира бошлайдилар»168. Яъни сизнинг уларга оид мазкур сўзлари олдида мот бўлиб қолишингизни ўйлаб шод бўладилар.
Сўнгра Исо ибн Марям ҳақида шу оят тушди: «У (Исо) фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз яратиш билан) Исроил авлоди учун бир мисол (ибрат) қилдик. Агар хоҳлаганимизда, албатта, сизларнинг ўрнингизга Ердаги ўринбосарликка фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик. Албатта, (Исо) қиёмат учун аломатдир. Бас, сизлар у (қиёмат) ҳақида сира шубҳа қилмангиз. (Эй Муҳаммад! Макка аҳлига айтинг): «Менга эргашингиз! Мана шу тўғри йўлдир»169. Яъни унинг қўлига ўликларни тирилтириш ва касалликларни даволаш каби мўъжизаларни бериб қўйдим. Бу унинг қиёмат аломати эканлиги учун етарлидир.