(Ат-Туфайл ҳикоясида давом этди:) Уйга қайтганимда отам олдимга келди. У кекса одам эди. Унга: «Эй отажон, мендан узоқ туринг, мен сиздан эмас, сиз эса мендан эмассиз», – дедим. У менга: «Нега ундай деяпсан, ўғлим?» – деди. Мен: «мен Исломга кирдим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динига эргашдим», – дедим. У эса: «Эй болажоним-ей, сенинг дининг менинг ҳам динимдир», – деди. Шунда мен унга: «Бориб ғусл қилиб, кийимларингизни поклаб, кейин келинг, мен сизга билганларимни ўтгатаман», – дедим. У ҳам ғусл қилиб, кийимларини тозалаб келган эди, унга Исломни арз этдим ва у мусулмон бўлди.
Ат-Туфайл деди: кейин аёлим келди. Унга ҳам: «Мендан узоқ тур, мен сендан эмасман, сен ҳам мендан эмассан», – дедим. У: «Нима учун ахир? ота-онам сенга фидо бўлгур», – деди. Дедимки: «сен билан орамизни Ислом ажратди ва мен Муҳаммаднинг динига эргашдим», – дедим. У эса: «Сенинг диним менинг ҳам динимдир», – деди. Мен: «У ҳолда «ҳино зуш-шаро» бутига бор ва ундан поклан», – дедим.
Ибн Ҳишом: бир ривоятда «ҳима зуш-шаро» дейилган.
(ибн Исҳоқ давом этди): Зуш-шаро Давс қабиласининг бути бўлиб, Ҳима эса у ҳимоя этадиган жойлар эди. У ерда тоғдан тушадиган жуда оз сув бўларди.
Аёлим: «Ота-онам сенга фидо бўлсин, Зуш-шародан болаларга бирон ёмонлик келишидан қўрқмайсанми?» – деб сўради. Мен эса: «Асло, мен бунга кафилман», – дедим. Шундан сўнг у бориб ғусл қилиб, қайтиб келди. Унга Исломни арз этган эдим, қабул қилди.
Сўнгра Давс қабиласини Исломга даъват этдим. даъватимга жавоб беришда сусткашлик қилишди. Кейин маккага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Қалблари ва кўзлари бекорчи нарсаларга чалғиган Давс қабиласи мени енгди. Уларни дуоибад қилинг!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим, Давсни ҳидоятга бошла!» деб дуо қилдилар. Кейин менга: «Қавминг олдига қайт. Уларни даъват қил ва юмшоқ муомалада бўл», – дедилар. Мен Давс ерларида уларни Исломга даъват этар эканман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилдилар. Бадр, Уҳуд ва Хандақ ғазотлари ҳам бўлиб ўтди. Қавмимдан мусулмон бўлганлар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу пайтда Хайбарда эдилар. Давсдан етмиш ёки саксонта оила билан бирга Мадинага келиб тушдим. Кейин Хайбарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб етишдик. У киши мусулмонлар билан бирга ўлжадан бизга ҳам бир улуш бердилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳ у Зотга Маккани фатҳ эттиргунга қадар қолдим. У Зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени Амр ибн Ҳумаманинг бути бўлган Зул-Каффайнга юборинг, уни ёқиб юборай!» – дедим.
Ибн Исҳоқ: Ат-Туфайл шу мақсадда йўлга тушди ва ўт қўяркан шундай дерди:
«Эй Зул-Каффайн! Мен сенга ибодат қилувчилардан эмасман, бизнинг таваллудимиз сеникидан олдинроқдир, мен сенинг қалбингга оловни тўлдирдим».
Ибн Исҳоқ: Юқоридаги ишни амалга оширган Ат-Туфайл Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб, у Зот вафот этгунларига қадар Мадинада бирга қолди. Баъзи араб қабилалари Исломдан қайтганида мусулмонлар билан бирга уларга қарши чиқди. Улар билан бирга тулайҳа ва нажд ерларини назорат остига олгунгача жангда юрди. Кейин ўғли Амр ибн Ат-Туфайл ҳамроҳлигида мусулмонлар билан Ямомагача борди. Йўлда кетаётиб бир туш кўрди. Дўстларига: «Мен бир туш кўрдим, уни менга таъбир қилиб беринглар: бошимдаги сочим қириб ташланган ҳолда кўрдим ва оғзимдан бир қуш учиб чиқди. Бир хотин олдимдан чиқиб, мени аврат жойига тиқиб юборди. Ўғлимни эса тинимсиз мени излаётганини кўрдим. Сўнгра у менинг кўзимдан йўқолди», – деди. Дўстлари: «Яхшиликкадир», – дедилар. У эса: «Лекин Аллоҳга қасамки, мен бунинг таъвилини қилдим», – деди. Дўстлари: «Қандай экан?» – деб сўрашганида у: «Сочимнинг бутунлай қириб ташлангани бошимнинг ҳолатини кўрсатади. Оғзимдан чиққан қуш эса руҳимдир. Мени аврат жойига тиқиб юборган аёл эса мен учун кавланадиган ва мен кўмиладиган қабрдир. Ўғлим мени тинимсиз излаб, кўзимдан йўқолиб қолиши эса менинг бошимга тушганлар унинг ҳам бошига тушишига ҳаракат қилишидир», – деди. Шундай қилиб у Ямомада шаҳид бўлди (Аллоҳ уни раҳматига олсин). Ўғли жуда оғир ярадор бўлиб, кейин ундан соғайиб кетди. Кейинчалик Умар даврига келиб Ярмукда шаҳид бўлди.