Меърож ҳодисаси

3 йил аввал 2466 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: мен ривоятининг тўғрилигидан шубҳаланмаган бир кимса Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилиб менга шуларни айт­ди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Байт ал-Мақдисдан бўшаганимда меърож нарвонини келтирдилар, мен ҳаргиз ундан яхшироқ бирон нарса кўрмаганман. У шундай нарсаки, ўлганларингиз руҳини топширар чоғда кўзларини ўша ерга тикади. Дўстим (Жаброил) мени юқори чиқарди. Мени Ҳафаза эшиги деб ном­ланувчи осмон эшикларидан бирининг олдига олиб келди. Унинг ол­дида Исмоил номли фаришталардан бири бўлиб, амри остида ўн икки минг фаришта, ҳар бир фариштанинг амри остида эса яна ўн икки минг фаришта бор экан. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бу ҳадисни зикр этганларида: «Аллоҳнинг аскарларини ўзидан бошқаси билмас»205, дедилар). Ичкарига олинганимда бу фаришта: «Эй Жаброил, ким

бу?» – деб сўради. Жаброил эса: «(бу) Муҳаммаддир», – деди. Фаришта яна: «Пайғамбар қилиб юборилдими?» – деб сўради. Жаброил: «Ҳа», деб жавоб берди. Шунда фаришта менинг ҳақимга дуои хайр қилди».

Ибн Исҳоқ: илм аҳлидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламан ўзига ри­воят қилинганларни менга шундай нақл этди: «Энг яқин осмонга чиққанимда фаришталар мени фақат кулиб, севиниб қарши олдилар ва менга хайр (яхши) нарсалар айтиб дуолар қилишди. Фаришта­лардан бири олдингилари каби айтиб, улардек дуо қилса-да, лекин у кулмади, бошқаларида кўрган севинчни ҳам унинг юзида кўрмадим. Жаброилдан: «Эй Жаброил, бошқа фаришталардек (менга) хайр дуо қилган, бироқ кулмаган бу фаришта ким бўлди? Юзида бошқаларнинг чеҳрасидаги хурсандчиликни кўрмадим», деб сўрадим. Жаброил менга шундай деди: «Сиздан олдин ёки сиздан кейин бировга кулга­нида, сизга кулган бўларди, лекин у ҳеч қачон кулмайди. У жаҳаннам қўриқчиси Моликдир»206. Шунда Аллоҳ томонидан сизларга: «У жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли  Зотдир»207 деб тасвирланган Жаброилга «Уни менга жаҳаннамни кўрсатишга буюрмайсизми?» – дедим. У эса: «Хўп бўлади» деб, сўнгра: «Эй молик, Муҳаммадга дўзахни кўрсат», – дея буюрди. Мо­лик дўзахнинг пардасини очганида олови гуркираб кўтарилди. Шун­чалик кўтарилдики, кўриб турган нарсаларимни йўқ қилиб юборади, деб ўйладим. Шунда Жаброилга: «Эй Жаброил, унга буюринг, оловни ўрнига қайтарсин», – дедим. (Жаброил) унга буюрган эди, у (Молик) «Сўн» деди ва олов чиққан жойига қайтди. Унинг қайтишини соянинг қайтишига ўхшатдим. Олов чиққан жойига қайтганида устига парда­сини тортиб қўйди.

Абу Саид ал-Худрий сўзида давом этиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шун­дай дедилар», дейди: «Энг яқин осмонга чиққанимда унда ўтирган бир кишини кўрдим. Унга одам болаларининг руҳлари кўрсатиларди. У эса руҳларнинг баъзиларга яхши сўзлар айтар, улардан хурсанд бўлар ва уларга: «Яхши танадан чиққан яхши руҳ»,−дерди. бошқа баъ­зилари кўрсатилганда эса «Уфф» дер, юзини буриштирар ва уларга: «Ёмон танадан чиққан ёмон руҳ»,− дерди. Шунда мен: «Эй Жабро­ил, ким бу?» – дедим. Жаброил: «Бу отангиз Одамдир. Зурриёти­нинг руҳлари унга арз этилмоқда. Агар улардан мўмин бўлганининг руҳи ўтса, хурсанд бўлиб: «Яхши танадан чиққан яхши руҳ»,− дейди. Агар унинг олдидан кофир инсоннинг руҳи ўтса, уфлаб, уни ёмон кўради, бундайлар унга ёқмайди ва шу боисдан уларга: «Ёмон тана­дан чиққан ёмон руҳ»,− дейди», – деди».

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:«Сўнгра лаблари туянинг лабидек оси­либ турган кишиларни кўрдим. Уларнинг қўлларида ҳовучлари тўла олов бўлаклари бор эди. Уларни оғизларига ташлашар ва ташлаганла­ри эса ортларидан чиқиб кетарди. Шунда: «Эй Жаброил! Булар ким?» – деб сўрадим. Жаброил: «Булар етим молларини зулм билан егувчи­лардир», – деди.

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Сўнгра асло ўхшашини кўрмаган катта меш қоринли кишиларни кўрдим. Улар фиръавн хонадони208 азобланувчи йўлдан олиб ўтиларди. оловга ташланар эканлар, жуда ташна туялардек жойларидан қимирлай олмас, фиръавнлар томони­дан босиб янчилар, турган жойларидан бошқа жойга юра олмасдилар. «Булар кимлар, эй Жаброил?» – дедим. У: «Булар фоиз егувчилардир», – деди. Сўнгра олдиларида яхши, семиз, шунингдек озғин, ёқимсиз ва ҳидланган гўшт турган бир қанча инсонларни кўрдим. Улар ёқимсиз ва ҳидланган гўштдан еб, яхши ва семизига тегишмас эди. «Булар кимлар, эй Жаброил?» – деб сўрадим. Жаброил: «Булар Аллоҳ уларга ҳалол қилиб берган аёлларни қолдириб, ҳаром қилганларига борувчи (зинокор)лардир», – деди. Сўнгра кўкракларидан осиб қўйилган аёлларни кўрдим ва: «Булар кимлар, эй Жаброил?» – деб сўрадим. Жаброил: «Булар эрларидан бўлмаган болаларни эрининг насабига қўшувчи аёллардир», – деди.

Ибн Исҳоқ: Жаъфар ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган Қосим ибн Муҳаммаддан менга шундай нақл этди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзларидан бўлмаган болани оиласига қўшган аёлга Аллоҳнинг ғазаби қаттиқ бўлади. Чунки оилага номаҳрам бу бола оиланинг мол­ларини еб, уларнинг маҳрамлари орасида яшайди», – дедилар.

Кейин Абу Исҳоқ Абу Саид ал-Худрий ривоят қилган ҳадисга қайтади: сўнгра Жаброил мени иккинчи осмонга чиқарди. У ерда холаваччалар Исо ибн Марям ва Яҳё ибн Закариё бор эди. Сўнгра мени учинчи осмонга чиқарди. У ерда сурати тўлин ойдек бўлган киши бор эди. «Бу ким, эй Жаброил?» – деб сўрадим. Жаброил: «Бу биродарингиз Юсуф ибн Яъқубдир», – деди. Сўнгра мени тўртинчи осмонга чиқарди. У ерда бир одам бор экан, «Ким у?» – деб сўрадим. Жаброил: «Бу Идрисдир», – деди. (Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз уни юксак мақомга кўтардик»209 оятини ўқидилар) Кейин мени бешинчи осмонга чиқарди. У ерда оқ соч, оқ ва узун соқолли, етук, ўттиз билан эллик ёшлар орасидаги бир кишини кўрдим. Ҳаётимда ундан гўзалроқ бошқа одамни кўрмаган эдим. «бу ким, эй Жаброил?» – деб сўрадим. Жаброил: «Бу қавмининг маҳбуби Ҳорун ибн Имрондир», – деди. Сўнгра мени олтинчи осмонга чиқарди. У ерда гўё Шануа қабиласи одамларига ўхшаган қора, юқориси тик, ўртаси чуқур ва учи эса текис бурунли, узун бўйли одамни кўрдим. дарҳол: «Бу ким, эй Жаброил?» деб сўрадим. Жаброил: «Бу бирода­рингиз Мусо ибн Имрондир», – деди. Сўнгра мени еттинчи осмонга чиқарди. У ерда қиёмат кунигача ортга қайтмайдиган ва эшигидан ҳар куни етмиш минг фаришта кирадиган Байтул Маъмурнинг эшиги олдида, курсида ўтирган ўрта ёшли кишини кўрдим:на унга ўхшаган ва на унга ўхшатилган бирон кимса кўрмаганман. «Бу ким, эй Жаб-роил?» – деб сўрадим. Жаброил: «Бу отангиз Иброҳимдир», – деди. Сўнгра мени жаннатга олиб кирди. У ерда қорачадан келган қизил лабли бир жорияни кўрдим ва ундан: «Сен кимнинг жориясисан?» – деб сўрадим. Дарҳол: «Мен Зайд ибн Ҳорисанинг жориясиман», – деди. Шун­да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан Зайд ибн Ҳорисага башорат бердилар.

Ибн Исҳоқ: менга етиб келишича, (Абдуллоҳ) ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилди: Жаброил алайҳиссалом у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни осмон табақаларидан қайси бирига кўтариб унга ки­риш учун рухсат сўрамасин, у ердагилар, албатта: «Эй Жаброил, ким бу?» деб сўрардилар. Жаброил алайҳиссалом «Бу Муҳаммаддир», деб жавоб берарди. Улар «(Муҳаммад) Пайғамбар қилиб юборилдими?» деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом эса «Ҳа», деб жавоб берарди. Улар еттинчи осмонгача: «Биродар ва дўст кўп яшасин», дейишарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳузурига борганларида у Зотга ҳар куни эллик маҳал намозни фарз қилди.

(Ибн Исҳоқ): Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қайтаётиб Мусо ибн Имроннинг олдидан ўтдим( сизнинг қандай ҳам яхши дўстингиздир) у мендан: «Сизга қанча намоз фарз қилинди?» – деб сўради. Мен: «Ҳар куни эллик вақт намоз», – дедим. У: «Дарҳақиқат намоз оғир, умматингиз эса заифдир. Роббингизга қайтинг ва ундан сиз ва ум­матингизга енгил қилиб беришини сўранг», – деди. Шунда ортим­га қайтиб, Роббимдан умматимга енгиллик беришини сўрадим. У ўн (маҳал намоз)ни олиб ташлади. Шундан сўнг Мусонинг олдидан ўтдим. У менга яна шундай деди, изимга қайтиб Роббимдан ум­матим зиммасидан енгиллатишини сўрадим, мендан яна ўнтасини олиб ташлади. Яна Мусонинг олдидан ўтдим. У менга яна шундай деди. Бориб Роббимдан яна умматимдан енгиллатишини сўрадим. Мендан яна ўнтасини олиб ташлади. Мусо яна шундай дейишда да­вом этаверди. Унинг олдига ҳар қайтганимда: «Қайтинг, Роббингиз­дан сўранг», – деяверди. Охири Аллоҳ мендан барчасини енгиллатиб, фақатгина бир кеча-кундузда беш вақт намоз қолди. Сўнгра Мусо­нинг олдига қайтиб келдим. У менга яна ўшандай деди. Шунда унга: «Мен Роббимга қайтиб ундан енгиллатишини сўрайвериб уялиб кет­дим. Бундан кейин ундай қила олмайман», – дедим. Сиздан кимки уларни иймон ва савоб умидида адо этса, унга эллик вақт намоз саво­би берилади (деб ёзилган)». 

 

 

.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ