Ибн Исҳоқ: Абу Толибнинг касаллиги оғирлашиб, ўз ҳолидан хавотирга тушиб қолди. Бу хабар Қурайшга етиб боргач, улар ўзаро: «Ҳамза ва Умар мусулмон бўлишди. Муҳаммаднинг бу иши Қурайш қабилаларининг орасига ёйилиб бўлди. Қани, юринглар, Абу Толибнинг олдига борамиз. У бизга жиянидан ва биздан ҳам жиянига сўз олсин. Аллоҳга қасамки, мусулмонлар бизнинг устимиздан ғолиб чиқишлари олдида хотиржам қараб тура олмаймиз», дейишди.
Ибн Исҳоқ: Аббос ибн Абдуллоҳ ибн Маъбад (ибн Аббос) ўз аҳлидан биридан, улар эса Ибн Аббосдан менга шундай ривоят қилишди: мушриклар Абу Толибнинг олдига бориб у билан гаплашдилар. Қабила улуғларидан Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Умайя ибн Халаф, Абу Суфён ибн Ҳарб ва бошқалар ҳам бор эди. Улар: «Эй Абу Толиб! Дарҳақиқат, сен биздан биримизсан, ҳолатинг ҳам маълум. Сен ҳақингда хавотирга тушиб қолдик. Жиянинг билан орамиздаги ишдан ҳам хабаринг бор. Уни чақириб, биздан унга, ундан эса бизга сўз олиб бер. Шунга кўра у биздан тийилсин, биз ҳам ундан тийилайлик. Бизнинг динимизни ўз ҳолига қўйсин, биз ҳам унинг динига тегмайлик», – дейишди. Шунда Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб келиш учун одам юборди. Келганларида: «Эй биродаримнинг ўғли! Мана булар қавмингнинг шарафли кишилари. Улар сен учун, сенга сўз бериш ва сен ҳам улардан аҳд олишинг учун жам бўлишган», – деди. (ровий) деди: Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, менга биргина сўз билан аҳд берингки, у билан арабларга ҳоким бўласиз, ажамлар эса сизга бўйсунади», – дедилар. Буни эшитган Абу Жаҳл: «Хўп, отанг номи билан қасам ичиб айтаманки, керак бўлса ўнта сўз билан аҳд берамиз», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «ла илаҳа иллаллоҳ» дейсиз ва ундан бошқа сиғинаётган илоҳларингиздан воз кечасиз», – дедилар. Мушриклар дастлаб бу таклифга қўллари билан қарсак чалишиб, сўнгра: «Эй Муҳаммад! Барча илоҳларни жамлаб ягона илоҳ қилмоқчимисан? Сенинг ишинг жуда қизиқ-ку!» – дедилар. Сўнгра бир-бирларига қараб: «Аллоҳга қасамки, бу одам сиз талаб қилганлардан ҳеч нарса бермайди. Қани қайтинглар ва Аллоҳ сиз билан унинг орасида ҳукм қилгунгача ота-боболарингиз динида давом этинг», – дея тарқаб кетишди.