Шунда Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аллоҳга қасамки, эй биродаримнинг ўғли, сен улардан ҳақдан узоқ ва ҳаддан ошиқ нарса талаб қилганингни кўрмадим», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибнинг мусулмон бўлишини жуда хоҳлаб, шундай дея бошладилар: «Эй амакижон, сиз бу сўзни айтинг, мен у билан қиёмат кунида сизни шафоат қилайин». Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишга бўлган истакларини кўргач: «Эй биродаримнинг ўғли, Аллоҳга қасамки, мендан сўнг сенга ва отангнинг авлодларига қаратиладиган ордан қўрқмаганимда ва қурайшликларнинг Абу Толиб буни ўлимдан қўрққани учун айтди, демасликларини билганим-да, уни айтган бўлардим; буни сени буткул хурсанд қилиш учун ҳам қилардим», – деди. Абу Толибга ўлим соя солганда Аббос унинг лаблари ҳаракатига эътибор берди. Унга қулоғини тутиб: «Эй биродаримнинг ўғли, Аллоҳга қасамки, биродарим сен буюрган сўзни айтди», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен эса эшитмадим»,217 – дедилар.