Ибн Исҳоқ: Язид ибн Абу Ҳабиб, Абу Марсад ибн Абдуллоҳ ал-Язанийдан, у Абдураҳмон ибн Усайла ас-Санобиҳийдан, у эса Убода ибн ас-Сомитдан менга шуларни ривоят қилди: мен биринчи Ақабада ҳозир бўлганлар орасида эдим. Биз ўн икки киши эдик. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёллар байъати усулида байъат бердик. Бу воқеа жанг ҳали фарз бўлмасидан олдин бўлган эди. Биздан Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаслигимиз, ўғрилик ва зинога қўл урмаслигимиз, болаларимизни ўлдирмаслигимиз, қўл ва оёқларимиз орасидан тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмаслигимиз232 ҳамда бирор яхши ишда у Зотга итоатсизлик қилмасликка байъат бердик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар шуларга вафо қилсангиз, жаннат сизникидир. Агар улардан биронтасини қилмасангиз, ишингиз Аллоҳга ҳавола бўлади. Хоҳласа, азоблайди, хоҳласа, кечиради», – дедилар.
Ибн Исҳоқ: Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Оизуллоҳ ибн Абдуллоҳ ал-Хавлонийдан ривоят қилиб, Убода ибн ас-Сомитнинг Абу Идрисга шундай деганини айтади: биринчи ақаба кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга ҳеч қандай ширк келтирмаслик, ўғрилик ва зино қилмаслик, болаларимизни ўлдирмаслик, қўл ва оёқларимиз орасидан тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмаслик ҳамда бирор яхши ишда у Зотга итоатсизлик қилмасликка байъат бердик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар аҳдга вафо қилсангиз, жаннат сизникидир. Агар (биронтасини) қилмасангиз, дунёда жазосини кўрасиз ва бу жазо унинг каффорати бўлади. Агар қиёматгача уни яширсангиз, ишингиз Аллоҳга ҳавола этилади. Хоҳласа, азоблайди, хоҳласа, кечиради», – дедилар.