20 жумадул аввал 1446
Ал-Бароъ ибн Маърур ва унинг Каъбага қараб намоз ўқиши

Ибн Исҳоқ: Бани Салима уруғидан Маъбад ибн Каъб ибн Молик ибн Абу Каъб ибн ал-Қайн менга шундай ривоят қилди: Ансорларнинг энг олими бўлган киши Абдуллоҳ ибн Каъб, Маъбадга отаси Каъбдан ривоят қилиб, Каъбнинг Ақабада бўлгани ва у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганини айтиб, шундай дейди: «Қавмимиздан мушрик ҳожилар билан бирга йўлга чиқдик ва фақиҳ (устоз)имиз бошчилиги­да намоз ўқидик. Улуғимиз ва саййидимиз ал-Бароъ ибн Маърур ҳам биз билан бирга эди. Йўлга тушиб Мадинадан чиққанимизда ал-Бароъ бизга: «Эй биродарлар! Менда бир фикр туғилди. Аллоҳга қасамки, унга қўшиласизларми ёки йўқми, унисини билмадим», – деди. Унга: «Қани айт-чи, қандай фикр экан?» – дедик. У: «Мен бу бино, яъни Каъ­бага тескари қараб намоз ўқимоқчи эмасман, унга қараб ўқийман», – деди. Шунда биз: «Аллоҳга қасамки, бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақатгина Шомга235 қараб намоз ўқишлари билдирилди. Шунга кўра, унга хилоф иш қилишни хоҳламаймиз», – дедик. У эса: «Мен, бари­бир, Каъбага қараб намоз ўқийман», – деса-да, биз унга: «Лекин биз бундай қилмаймиз», – дедик. Намоз вақти келганда биз Шомга қараб намоз ўқирдик, у эса Каъбага қараб ўқирди. Шундай қилиб Макка­га етиб бордик. Уни қилган иши учун айблардик, у эса бу ишда оёқ тираб турарди. Маккага борганимизда у менга: «Эй биродаримнинг ўғли, бизни дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бор, бу са­фаримиз давомида қилганларим ҳақида сўрайлик. Аллоҳга қасамки, Қиблага қараб туришда менга қарши чиққанингиз туфайли ичимда бир шубҳа пайдо бўлди», – деди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўраб йўлга тушдик. Чунки биз у Зотни танимасдик, бундан олдин бирон марта кўрмаган ҳам эдик. Маккаликлардан бирига дуч келиб ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўрадик. У биздан: «У Зотни та­нийсизларми?» – деб сўради. Биз эса: «Йўқ», – дедик. У яна: «Унда амакилари Аббос ибн Абдулмутталибни танийсизларми?» – деди. Биз: «Ҳа», – дедик. Аббосни шахсан танирдик. Бизга (Мадинага) тижорат мақсадида келиб турарди. У бизга: «Агар масжидга кир­сангиз, Аббос билан бирга ўтирган киши у Зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўладилар», – деди. Шунда масжидга кирдик. Аббос ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнма-ён ўтиришган экан, салом бериб ёнларига ўтирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббосга қараб: «Эй Абул Фазл! Бу икки одам­ни танийсизми?» – деб сўрадилар. У эса: «Албатта, бу қавмининг саййиди бўлган ал-Бароъ ибн Маърур, буниси эса Каъб ибн Моликдир», – деди. (Маъбад ибн Каъб ривоят давомида) деди: Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Шоирми?» – деб сўраганлари ва унинг эса: «Ҳа» деганини ҳеч унутмайман. (ровий) деди: шунда ал-Бароъ ибн Маърур: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Мен бу сафарим­ни Аллоҳнинг ҳидояти ила мусулмон сифатида амалга оширдим. Бу бино (Каъба)га орқамни тутиб намоз ўқишни хоҳламадим, унга қараб ўқидим. Дўстларим бунда менга қарши иш қилишди ва ичимда бу борада бир шубҳа пайдо бўлди. Сиз нима дейсиз, эй Аллоҳнинг элчиси?» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(ҳақиқатан) Бироз сабр қилганингда236, қиблага қараб намоз ўқиганингни тушунардинг», – де­дилар. Шунда ал-Бароъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, биз билан бирга Шомга қараб намоз ўқий бошлади. Оиласи унинг вафот этгун­га қадар Каъбага қараб намоз ўқиди, деб ўйлайди. Аслида эса вазият улар айтгандек эмас. Биз ҳолатни улардан яхшироқ билардик».

Ибн Ҳишом: Авн ибн Айюб ал-Ансорий айтади:

Ибодат қилинадиган жойларда Раҳмоннинг Каъбасига юзланиб намоз ўқиган илк киши биздандир.

Илк кишидан мақсад ал-Бароъ ибн Маърурдир. Бу байт унинг бир шеъридан олинган.

14:14 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Иккинчи Ақаба ҳақида
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...