Улар Мадинага келгач, мусулмон бўлганликларини билдиришди. Ораларида мушрик ҳолда қолган оқсоқоллар ҳам бор эди. Улардан бири Амр ибн ал-Жамуҳ ибн Зайд ибн Ҳаром ибн Каъб ибн Ғанм ибн Каъб ибн Салама эди. Унинг ўғли Муоз ибн Амр Ақабада қатнашиб, у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган эди. Амр ибн ал-Жамуҳ Бани Саламанинг улуғлари ва аслзодаларидан бири эди. Аслзодалар одатига кўра, ўз уйларида Манот номли ёғочдан ясалган бир бут сақланарди. Аслзодалар уни худо билиб, улуғлашар ва пок тутишарди. Бани Салама кишиларидан Муоз ибн Жабал ва унинг ўғли Муоз ибн Амр ибн ал-Жамуҳ ҳам Исломни қабул қилган ва Ақабада қатнашганлардан эди. Улар кечаси яширин тарзда Амрнинг ўша бутини Бани Саламанинг ахлат ташланадиган чуқурига боши билан санчиб қўярдилар. Тонгда Амр: «Шўрингиз қурсин, илоҳимизга бу кеча ким тажовуз қилди?» – деб, уни излай бошларди. Бутни топганидан сўнг ювиб, тозалаб унга хушбўй сурарди. Кейин: «Аллоҳга қасамки, ким сенга шундай қилганини билиб қолсам, мен ҳам уни хорлайман», – дерди. Кеч кириб Амр уйқуга кетганида ҳалиги кишилар яна бутни олиб кетиб аввалгидек қилишарди. У уйғонгач, бутини яна аввалги ҳолда кўрар, келтиргач ювиб тозалаб, сўнгра хушбўй сурарди. Кеч кирганда иккови яна бутнинг олдига боришиб, яна худди ўшандай қилишарди. Бу кўп марта такрорлангач, бир куни Амр бутини яна ташланган жойидан чиқарди, ювиб тозалаб, унга хушбўйлар суртди. Сўнгра қиличини олиб келиб, унинг бўйнига осиб: «Аллоҳга қасамки, мен бу ишни ким қилганини билмайман. Агар сенда бирор хайр бўлса, ўзингни ҳимоя қил, мана бу қилич сен билан бўлсин», – деди. Кеч кириб Амр ухлаганидан сўнг мазкур кишилар яна бутга тажовуз қилишди. Қилични бўйнидан олиб, бўйнига бир ўлик итни осиб қўйдилар. Кейин уни Бани Саламанинг ахлат ташланадиган чуқурига ташлаб кетишди. Амр ибн ал-Жамуҳ тонг отгач, тавоф этадиган бутини турган жойида топа олмади.