Ибн Исҳоқ: Нофеъ Абдуллоҳ ибн Умардан, у эса Умардан менга шуни ривоят қилди: «Биз Аллоҳ динидан чиққан кишининг на садақаси, на адолати ва на тавбасини қабул қилади. Дастлаб Аллоҳни таниб, сўнгра бир мусибат етганда улар куфрга қайтган кишилардир», дердик. Одамлар бу гапларни ўзаро айтишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Аллоҳ бундайлар ҳақида ва кишиларнинг бу сўзлари ҳақида ушбу оятни нозил қилди: «(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи мағфиратли ва раҳмли Зотдир. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Роббингизга қайтингиз ва Унга бўйсунингиз! Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари, Роббингиз (томони)дан сизларга нозил қилинган гўзал нарса (Қуръон)га эргашингиз!»246.
Умар ибн ал-Хаттоб: «Шунда буни ўз қўлим билан бир қоғозга ёзиб, уни Ҳишом ибн ал-Осийга юбордим. Ҳишом ибн ал-Осий: «Бу мактуб менга етиб келганида уни Зий тувода247 ўқий бошладим. Қайта-қайта ва диққат билан ўқишимга қарамасдан оятларни тушуна олмасдим. Ҳатто Аллоҳим, буни менга англат», дедим. Аллоҳ уни биз учун, бошимизга тушганлар ҳақида ўзимиз айтган ва биз ҳақимизда айтилганлар ҳақида нозил қилганини қалбимга солди. Дарҳол туямнинг олдига бориб, унга миндим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада эканликларида уларга бориб қўшилдим.