Ибн Ҳишом: ишончли бир киши шундай сўзлаб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада эканларида бир куни: «Айёш ибн Абу Рабиъа ва Ҳишом ибн ал-Осийни ким менга олиб келади?» – деб сўрадилар. Шунда ал-Валид ибн Валид ибн ал-Муғира: «Уларни мен олиб келаман, ё Расулуллоҳ», – деди ва Макка сари йўлга чиқди. Яширин тарзда шаҳарга кириб, йўлда овқат олиб кетаётган аёлга дуч келди ва унга: «Эй Аллоҳнинг чўриси, қаёққа кетяпсан?» – деди. У эса Айёш ва Ҳишомни назарда тутиб: «Анави икки маҳбус олдига кетяман», – деди. Валид унга эргашиб, иккови турган жойни билиб олди. Иккиси ҳам томсиз бир уйда қамаб қўйилган эди. Кеч киргач, Валид девордан ошиб тушди, кишанларини тош остига қўйиб, қиличи билан уриб кесди,шу туфайли унинг қиличини Зул марва дейиларди. Сўнгра иккисини туясига миндириб, йўлга тушди. Йўлда оёғи қоқилиб, йиқилди ва бармоғи қонади. Шунда шу шеърни айтди:
Сен биргина қонаган бармоқсан! Бошингга тушган бу иш Аллоҳ йўлидадир.
Сўнгра уларни Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига олиб борди.