Ҳазрат рисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдин Варақа мутмаъин (хотиржам) бўлуб тамом сўзларин эшитуб, ҳақ пайғамбар эканликлариға тасдиқ этгач, жаноб волидамиз ҳазрат Хадижа ниҳоятда хуш бўлдилар, орзулариға етдилар ва ўзларини икки жаҳон хотунларин сардори эканликлариға ишондилар. Қилғон яхши гумон ва фаросатлари мева берди. Худоға шукрлар қилур эрдилар ва бу давлат шукронаси учун молларин, жонларин, авлодларин, хонадонларин ва ҳар бир азиздин азиз маҳбубларин ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға қурбон қила бошладилар. Ул жаноб роҳатлари учун ҳеч бир нарсаларин дариғ тутмадилар ва ул Зот бобаракотға етган ҳар бир кулфат ва азиятға ҳар бир мақдурлари ила балогардон бўлдилар. Қайси кун ҳазрат Расули пок соллаллоҳу алайҳи васаллам халқни Холиқ тарафиға даъват қилдилар, ҳаммадин илгари жаноб волидамиз Хадижа розияллоҳу анҳо Ҳазратға иймон келтурдилар. Ислом динида ҳаммадан аввал калимаи тоййибани ўқуғон зот шул зот бўлдилар. Алҳамдулиллоҳ, кейин дўстлари жаноб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, амакизодалари саййидуно Али, мавлолари ҳазрат Зайд ва ходималари Умму Айман розияллоҳу анҳум иймон келтурдилар. Бу беш ҳазрат ҳаммадин аввал Ислом диниға мушарраф бўлғон зотлардурлар яъни, буюк эрлардин ҳазрат Абу Бакр, ёшлардин ҳазрат Али, хотунлардин ҳазрат Хадижа, ғуломлардин ҳазрат Зайд ва чўрилардин ҳазрат Умму Айман розияллоҳу анҳум биринчи мусулмондурлар. Бу ҳазаротларнинг фазилатлари ниҳоятда ортуқдур. Булар ўзлари ҳаммадин аввал иймон келтурдилар, бошқаларни Исломға далолат қилдилар ва жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға ҳар лаҳза ҳиммат устиға ҳиммат беруб турдилар. Жаноб ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу маккаликлар ўрталарида маъруф бир молдор тожир эрдилар, баззозлик (газлама) дўконлари бор эрди. Одамлар ҳамиша бул жаноб қошлариға келуб кетур эрдилар. Суҳбатларин баракатидин ҳазрат Усмон, ҳазрат Абдураҳмон ибн Авф, ҳазрат Талҳа, ҳазрат Саъд ибн Аби Ваққос мусулмон бўлдилар. Ҳазрат Билол, ҳазрат Амр ибн [?] ва ҳазрат Холид ибн Саъд юқоридагилардин ҳам аввал мусулмон бўлуб эрдилар. Кейин оҳиста-оҳиста ҳазрат Абу Убайда ибн Жарроҳ, ҳазрат Абдуласад ибн Ҳилол, ҳазрат Усмон ибн Мазъун, ҳазрат Омир ибн Фуҳайра, ҳазрат Абу Ҳузайфа, ҳазрат Соиб ибн Усмон ибн Мазъун ва ҳазрат Арқам мусулмон бўлдилар, розияллоҳу анҳум ажмаъин. Хотунлардин ҳазрат Хадижа розияллоҳу анҳодин кейин жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларин (Аббос) хотунлари ҳазрат Уммул Фазл, ҳазрат Асмо бинти Умайс, ҳазрат Асмо бинти Абу Бакр ва ҳазрат Умар ҳамширалари ҳазрат Фотима мусулмон бўлдилар, розияллоҳу анҳунна. Булардин кейин Абдуллоҳ ибн Масъуд, Хаббоб ибн Арат, Ҳотиб, биродарлари Салит, Масъуд ибн Қорий ва Суҳайб Румий каби азизлар мусулмон бўлдилар. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибтидои ҳолларида одамларни оҳиста-оҳиста, махфий суратда Аллоҳ таоло йўлиға даъват қилур эрдилар, аларни тошларға, дарахтларға, ойға, кунға ибодатдин манъ этуб, танҳо Аллоҳ таолонинг Ўзиға ибодат қилишға чақирур эрдилар ва Аллоҳ таолоға нечук ибодат қилунур, ани таълим берур эрдилар.