Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Ибн Исҳоқнинг туғилган йили аниқ эмас. Ҳижрий 151 йилда вафот этган. Тўлиқ исми-шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясор Қурайший Мутталибий Маданий. Араб миллатига мансуб мусулмон тарихчиларнинг энг қадимгиларидан бўлган бу олим ҳадисда ҳофизлик даражасига етган. Саҳобалардан Анас ибн Молик, Ибн Мусайяб ва Абу Салама ибн Абдураҳмон розияллоҳу анҳумларни кўрган. Отасидан, Абдураҳмон ва Мусо амакиларидан, Аъраж, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ, Аббос ибн Саҳл ибн Саъд, Зуҳрий, Макҳул, Ҳумайд ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Яҳё ибн Саъид Ансорий, Язид ибн Абу Ҳубайб, Жарир ибн Ҳозим, Ҳаммод ибн Салама, Ҳаммод ибн Зайд, Шуъба, Суфён ибн Уяйна, Суфён Саврий ва бошқалар ривоят қилишган. Ибн Ҳиббон: «Мадинада илмда Ибн Исҳоққа яқинлашадиган ёки илмни жамлашда унга ўхшайдиган бирор киши бўлмаган», деган. Ибн Барқий: «Аҳли ҳадислар унинг «сиқа» ишончли эканида ихтилоф қилишмаганининг гувоҳи бўлдим», деган.
(Манба: «Ал-мавсуъатул фиқҳиятул кувайтия», 22/305)