Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз масжид ва масканлари268 қурилгунга қадар Абу Айюбнинг уйида қолдилар. Кейинчалик Абу Айюбнинг (Аллоҳ раҳматига олиб, ундан рози бўлсин) уйи яқинидаги269 уйларига кўчдилар.
Ибн Исҳоқ: Язид ибн Абу Ҳабиб, Марсад ибн Абдуллоҳ ал-Язанийдан, у Абу Руҳм ас-Самоъийдан, у эса Абу Айюбдан менга ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимга келиб тушганларида унинг қуйи қаватига жойлашдилар, мен билан Умму Айюб эса юқорида эдик. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Отам-онам сизга фидо бўлсин, дарҳақиқат, биз тепада, сиз эса пастда бўлишингизни хуш кўрмаяпман, сиз юқорига чиқинг, биз эса пастга тушайлик», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Айюб, уйнинг пастида бўлишимиз бизга келувчилар учун муносиброқдир», – дедилар.
(Абу Айюб) деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пастда, биз эса уйнинг юқорисида қолдик. Катта сув идишимиз бор эди. У синиб қолди. Дарҳол мен ва Умму Айюб биргина жанда кўрпамиз билан сувни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларига томчилаб, азият беришидан қўрқиб қуритгандик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кечки овқатни тайёрлаб, юборардик. Агар ортганини бизга қайтариб юборсалар, мен ва Умму Айюб қўл изларидан бошлаб барака умидида ердик. Бир кечаси яна овқатларини юбордик. Бу сафар унга пиёз ва саримсоқ ҳам солган эдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб юборибдилар ва унда қўл изларини кўрмадим. Дарҳол хавотирда олдиларига бориб: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, отам-онам сизга фидо бўлсин, кечки овқатингизни қайтариб юборибсиз. Унда қўл изларингизни кўрмадим. Бизга қайтариб юборган таомдан мен ва Умму Айюб қўлингиз изидан барака умиди билан ердик», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундан шу яшиллик (пиёз ва саримсоқ) ҳиди келди. Олдимга маслаҳат сўраб, одамлар кириб чиқади, лекин сиз уни еяверинг», – дедилар. Шунда ундан едик ва бундан сўнг асло у «яшиллик»ни овқатга солмадик».
Ибн Исҳоқ: муҳожирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олдинма-кетин етиб олдилар. Маккада улардан фақатгина диндан чиқарилган ёки ҳибсдагилар қолди. Маккадан Аллоҳ розилиги ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлида оиласи ва моли билан ҳижрат қилганлар шу оилалар эди: Бани Жумаҳдан Бани Мазъун, Бани Умайянинг иттифоқдоши Бани Жаҳш ибн Риоб, Бани Адий ибн Каъбнинг иттифоқдоши Бани Саъд ибн Лайсдан Бани Букайр. Ҳижрат сабабли уларнинг Маккадаги уйлари ҳувиллаб, уларда ҳеч ким қолмаган эди.