Бу ишлар содир бўлгач, кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Саълаба ибн Абду Раббиҳ туш кўрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам! Бу кеча тушимда бир нарса аён бўлди: менинг олдимдан эгнига икки яшил кийим кийган, қўлида занг кўтариб олган бир киши ўтди. Мен ундан: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Бу зангни сотмайсанми?» – деб сўрадим. У: «Буни нима қиласан?» – деди. Мен: «Бу билан намозга чақирамиз», – дедим. У: «Сенга бундан ҳам яхшироқ нарсани ўргатайми?» – деди. Мен: «У нима экан?» – дедим. У: «Сен бундай дегин: Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Аашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ! Ҳайя ала-с-солаҳ! Ҳайя ала-с-солаҳ! Ҳайя ала-л-фалаҳ! Ҳайя ала-л-фалаҳ! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳ! деб ўргатди», – деди.